Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА ИНСОН ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ БОРЛИҚДАГИ ЎРНИ МАСАЛАЛАРИ

“АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА ИНСОН ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ БОРЛИҚДАГИ ЎРНИ МАСАЛАЛАРИ

Ислом ва ислом фалсафасида инсон масаласи марказий ўринда туради. Қайси мавзу тўғрисида сўз юритилмасин унинг ижтимоий моҳияти, диний-илмий аҳамияти инсон орқали, унинг жамият билан муносабатлари орқали очиб берилади. Ушбу анъана буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида ҳам марказий ўринда туради.

Ислом фалсафасида дунёвий-илмий ва диний-трансцендентал ёндашувларнинг уйғун келиши инсон ва унинг ижтимоий борлиқдаги ўрни масалаларини ўрганишга ҳам шу нуқтаи назардан ёндашишга ундайди [5: 15] Тўғри, тадқиқотчилар орасида ислом динини, унинг ақидасини бирламчи ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас, бироқ бу масалани таҳлил қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Ҳадислар ва “Мусталаҳул ҳадис” илмини ўрганиш кўрсатадики, исломда дунёвий ва диний, рационал ва иррационал уйғун келади, ҳатто уламолар, исломшунослар ислом ақидасига урғу беришганида ҳам ҳар бир фикрини, хулосасини инсон ва унинг ҳаёти, амаллари, ахлоқи билан боғлаб келтиришади. Аслида исломни ҳаётий, ижтимоий қадрли қилиб келаётган асосий омил ҳам исломнинг инсон ва ижтимоий борлиқ билан мустаҳкам боғлиқлигидадир. “Мусталаҳул ҳадис”нинг илм соҳаси сифатида шаклланиши ва тарқалиши ҳам мазкур омил туфайлидир.

Ислом ақидасига мувофиқ борлиқни Аллоҳ яратган. Қуръони каримнинг биринчи жузи, Фотиҳа сураси “Уммул Қуръон” (Қуръоннинг онаси – асли) ёки “Очувчи сура” деб аталади. Унда ислом ақидасини моҳияти ўз ифодасини топган. Унда қайд этилишича “Ҳамду сано бутун оламлар хожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (қиёмат) кунининг эгаси – подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир.

Изоҳ: “Мақтов-олқишга ҳақдор бўлиш учун башар оламига подшоҳ бўлишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки коинотдаги барча сайёралар ва улардаги бор жонли-жонсиз мавжудотнинг ҳаммаси устидан илму ҳикмат ва раҳм-шафқат билан эгалик қиладиган, бундан ташқари, охиратдаги ҳисоб-китоб кунида ҳам ягона подшоҳ бўлган Аллоҳ таолонинг ўзигина ҳамду санога лойиқ зотдир” [1: 5]. Аллоҳнинг яратувчанлик қудратига ишонган, унинг бутун олам сарвари ва ҳукмдори эканини тан оладиган, “Яъни ғойибга (Аллоҳ, фаришталар… борлигига) ишонадиган, намозни тўла-тўкис адо этадиган, Аллоҳ берган неъматлардан бошқаларга эҳсон – яхшилик қиладиган, Қуръон ва ундан олдин келган бошқа илоҳий китобларга иймон келтирадиган ва бу дунёдан бошқа яна бир дунё – охират борлигига ишонадиган тақволи (ҳаромдан парҳез қилувчи) кишиларгина мўминлардир. Кимда мазкур сифатлар топилмас экан, у кофир бўлади” [1: 7]. Демак, Қуръони карим талқинига кўра, инсон Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, унга ва у юборган илоҳий китобларга, пайғамбарларга итоат этиб яшаши лозим. Ушбу теоцентрик концепцияси орқали ислом инсонга бўлган қарашини, муносабатини баён этади. Имом Бухорий келтирган ҳадисда у қуйидагича, лўнда баён қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам”: “Ислом 5 нарса устига барпо қилинган”, – деганлар:

1) Калимаи шаҳодат (айтмоқ);

2) Намоз ўқимоқ;

3) Закот бермоқ;

4) Ҳаж қилмоқ;

5) Рамазон рўзасини тутмоқ” [2: 13].

Мазкур шартларни инсон бажариши буюрилади. Шунинг учун ҳадислардаги антропологик ғоялар энг аввало ушбу шартлар ва уларнинг инсон томонидан бажарилиши орқали қаралиши даркор.

Калимаи шаҳодат ёки ташаҳҳуд гувоҳлик келтирмоқ маъносини англатади. У ислом ақидасидаги биринчи рукн, шарт ҳисобланади. Калимаи шаҳодат Аллоҳнинг ягоналигига ва Муҳаммад пайғамбарнинг Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик келтиришдир. Ҳадисларда келтирилишича инсондаги энг азиз, афзал амал “Аллоҳ ва унинг Расулига ишонмоқдир” [2: 18].

Яна шуни айтишимиз зарурки, исломдаги антропологизм теизмдан мутлақ ажратилган, мутлақ бир-бирига қарши қўйилган эмас, улар уйғун келади. Шунинг учун биз исломдаги антропологик ғояларни ўрганганда уларни тенглик қарашларга қарши қўймаймиз, балки антропологик ғоялар мавжудлигига, уларни чуқурроқ ўрганишга диққатимизни қаратамиз. Инсоннинг ижтимоий борлиқдаги ўрни эса Аллоҳга бўлган муносабатида, Унинг элчиси Муҳаммад пайғамбарга ишончида, У зотнинг фазилатлари, деганлари ва турмуш тарзига мувофиқ яшаганидадир. Бу ўринда инсон алоқалари Аллоҳ ёки унинг элчиси билангина чегараланиб қолмайди, у Аллоҳ яратган дунё ва бандалари, яъни бошқа инсонлар билан муносабатларга киришади. Ушбу муносабатлар инсоннинг ижтимоий борлиқдаги ўрнини белгилайди. Шу тариқа ислом социо-антропология томон йўл очиб беради.

Ислом ақидасидаги иккинчи рукн, шарт намоз ўқишдир. Ҳар куни ўқиладигани бешта – бомдод, пешин, аср, шом, хуфтондир. Тартибга кўра, намоз Қуръони карим оятларини ва бошқа белгиланган дуоларни ўқиш, қиём, рукуъ, сажда, қаъда, икки томонга салом бериш каби анъанавий хатти-ҳаракатлар билан адо этилади. Қуръони карим оятларини, дуоларни так-рорлаб ўзидаги эътиқодни ифода этади; иккинчидан, маълум бир тартибларга бўйсуниб, ён-атрофга ўз муносабатларини билдиради, учинчидан, намоз билан, ибодат билан умргузаронлик қилади” [7: 5]. Кўриниб турибдики, намоз амаллари, тартиблари, айниқса намознинг мўмин инсоннинг бутун ва ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ келиши, умргузаронлиги антропологик моҳият касб этади. Намоз инсонга юклатилган фарздир, унинг намозга муносабати ижтимоий борлиқда, ён-атрофга муносабати ҳамдир. “Намоз ўқийдиган инсон ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар сола бошлайди. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак фазилатларга эга бўлади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, бу намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда, бирликда эканлигини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради… Ҳатто, жамоат намози туфайли мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатманд чиқиб қолса, ёрдам берадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар” [7: 9-10].

Намоз ҳақидаги ҳадисларни “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг деярли барча китобларида учратамиз, аммо уларнинг классификация қилиниб берилгани биринчи китобдадир. Улар асосан “Таҳорат китоби”, “Ғусл китоби”, “Салот (намоз) китоби”, “Намоз ўқиладиган жойнинг қибла томонини тўсиб қўйиш ҳақидаги хабар”, “Намоз вақтлари ҳақида китоб”, “Азон (айтиш) китоби”, “Жумъа китоби”, “Салот ул-хавф (хавф туғилганда ўқиладиган намоз)”, “Намозни қаср ўқиш ҳақидаги боблар”, “Нафл намозлар ҳақидаги боблар”, “Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара масжидларида ўқилган намознинг фазилатлари тўғрисида”, “Намозда қилинадиган ҳаракатлар” каби китоблар ва бобларда келтирилган. Улар жуда ранг-баранг, турли вазиятлар, ҳоллар билан боғлаб баён қилинган.

Жамоа бўлиб намоз ўқиш борасида Имом Бухорий қуйидаги ҳадисни келтиради: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар”, – деб ривоят қиладилар: “Жамоат бирла ўқилган намознинг савоби уйда ўқилган намознинг савобидан 25 марта ортиқроқ, чунким қайси бирингиз бўлмангиз, яхшилаб таҳорат олиб, фақат намоз ўқийдирман, деган ниятда масжидга равона бўлсангиз ҳар бир қадамингиз учун Аллоҳ таоло мавқеингизни бир даража кўтаргайдир ва бир гуноҳингизни кечирғайдир. Киши масжидга киргач, унга намоз ўқиётган кишига тегадирган савоб теккусидир. Намоз ўқиб турганида, агар таҳоратини синдириб озор бермағайдир, малоикалар тепасида туриб: “Илоҳи, бу бандангни кечирғил!” деб саловат айтиб туришғайдир” [2: 143-144]. Шунингдек, масжидга келиб намоз ўқийдиганлар иттифоқ бўлишларига ишора қилиб деганлар: “Бинони тўртта девор ушлаб тургандек мўминлар ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турғайдирлар” деб бармоқларини бир-бирига чалиштириб кўрсатдилар” [2: 144]. Демак, жамоа бўлиб намоз ўқиш ижтимоий аҳамиятга эга, инсон, диндор ўзини жамоат нигоҳи ва ҳимояси остида эканини билади, ижтимоий ҳаётдаги амалларини, фаолиятини эгоистик нуқтаи назаридан эмас, балки ижтимоий манфаатларга ва тартибларга мувофиқ баҳолашга ўрганади. Инсон жамият, жамоаси олдида масъул эканини, бу масъуллик аввал ислом ақидасига бўйсунишдан, кейин эса жамият тартибларига мувофиқ яшашдан иборатлигини англаб етади.

Закот ислом ақидасидаги учинчи рукн, шартдир. Қадимда закот асосан чорва молларидан, тилла, кумуш пулларидан, кейинроқ зироат маҳсулотларидан (ушр), ҳозир эса ижтимоий-иқтисодий ва молиявий муносабатларни йўлга қўювчи нақд пуллардан, тижоратда кўриладиган фойдадан, тақинчоқ-безаклардан, асалдан, ҳайвонот маҳсулотларидан, ерости ва сувости бойликлардан, даромад келтирадиган нарсалардан закот олинади. Бундан маълум бўладики, “закот” фақат диний-трансцендентал тушунча эмас, у ижтимоий-иқтисодий борлиқда кечадиган муносабатларнинг таркибий қисмидир. “Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас, молу дунё инсоннинг қули эканлигини таъминлашдир” [7: 9]. Демак, закот бойлик, хазина орттиришни ёки бой-бадавлат кишилар топган фойдани зўрлик билан бутун жамият аъзолори ўртасида тақсимлаш эмас, балки у инсонни нафс қули бўлиб қолмаслиги, ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан фақир, йўқсил даражага тушиб азият чекмаслиги, мазкур аҳволи учун Аллоҳдан юз ўгирмаслиги масалаларини ҳал этиш усулидир. “Бой одамларнинг мол-дунёсидан садақалар (закотлар) олиб фақирларга қайтариб бермоқ фарз” [2: 383-384], ким тавба қилиб намоз ўқиса ва закот берса диндош биродарларингиз”, деган ҳадисларда энг аввало инсонпарварлик ғояси кўзга ташланади. Имом Бухорий ҳадис келтиради: “Хазина-хазина тилла ва кумушлар жамлаб, Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларни қиёмат куни бериладирган қаттиқ азобдан огоҳ қилингизлар! Ўшал куни бутун жамланган хазиналари жаҳаннам ўтида қиздирилиб, у билан бирга хазина соҳибининг пешонаси, икки биқини ва орқаси дазмол қилишгайдир. Жамлаган мол-дунёингизнинг сизга кўрсатадирган оқибати мана шул бўлур. Қиёмат куни жамланган хазиналарингизнинг мазасини бир татиб кўрингиз-чи!” Бу ўринда “Аллоҳ йўлида” деганда мавҳум мақсадга сарфланадиган, бериладиган закот эмас, балки етим-есир, муҳтожларга кўрсатиладиган ёрдам назарда тутилади. Ислом талқинида Аллоҳ йўлида закот бериш инсонларга ёрдам беришдир. Молда закотнинг барча шартлари топилганда ундан закот берилади.

Закотнинг ижтимоий ва антропологик моҳияти шундаки, биринчидан, мол-мулк хазина, бойлик тенгсизликни, жамиятда низоларни келтириб чиқаришга сабабчи бўлмаслиги, иккинчидан, мол-мулк инсонга хизмат қилиши зарур. Агар инсон дили, ўйи бойлик тўплаш билан банд бўлса, у Аллоҳни унутади, Аллоҳни унутган Унинг бандаларини менсимайди, истаганича экспутация қилишдан қайтмайди, у биродарларининг молини ноҳақ ўзлаштиришга одатланади. Ҳадисларда айтилишича эса: “Кишиларнинг молини ноҳақ ейишга ўч одамлар қиёмат куни дўзахга маҳкумдирлар” [3, 48б.]. Шунинг учун ҳадислар огоҳлантиради: “Қайси бир одам ҳалол касб билан молу дунё топиб, ундан ўзининг ва Тангрининг бошқа бандаларининг озиқ-овқати ва кийим-кечаги учун сарф қилса, шуларнинг ҳаммаси унга садақа ҳукмида ёзилади” [3: 63-64].

Закот инсоннинг ижтимоий борлиқдаги бурчи, вазифалари ролини бажаради, уни бажармаслик Аллоҳ олдида ҳам, жамият олдида ҳам хатодир. Закотни миннат қилиш, ҳаром йўл билан топилган бойликдан садақа бериш, уни ўз вақтида (соғлик, мулкка эгалик қилганда, ҳалол йўл билан топилганда) бермаслик кабилар ушбу хато жумласига киради. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”да келтирилади: “Эй иймон келтирган бандалар, берган садақаларингизни (одамларга) миннат қилиб ва озор бериб, йўққа чиқармангиз…” [2: 386].

“Ҳар бирингиз лоақал яримта хурмо садақа қилиб, у ҳам бўлмаса, лоақал битта яхши сўз айтиб, ўзингизни дўзах ўтидан асрангиз!” [2: 387] Демак, садақа инсоннинг ижтимоий бурчи, ушбу бурчини у мол-мулк, пул, тилла билан бўлмаса, яхши сўзлари билан ҳам бажариши мумкин.

Ислом ақидаси ҳаж қилмоқни ҳам мусулмонга бурч, вазифа қилиб юклаган, бу ундаги тўртинчи рукн, шартдир.

Ҳаж («қасд» қилиш) муайян вақтда (Зулҳижжа ойида), муайян маконда (Маккада) муайян амалларни (ҳаж арконларини) бажаришдир. Инсон ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиши, бирорта ҳам фахш сўзларини тилига олмаслиги, фисқу фасодга берилмаслиги, бад қилиқлар ва амаллар содир этмаслиги даркор [7: 6].

Ҳаж қоида ва талаблари ҳақида “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”да кўплаб ҳадислар келтирилади. Имом Бухорий ёзади: “Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан: “Ислом амалларидан қай бири афзал?” – деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирмоқ,” – дедилар. “Яна қайсиниси? – деб сўрашди. Жаноб Расулуллоҳ: “Мабрур (барча шартлари билан пухта қилинган) ҳаж”, – деб жавоб бердилар” [2: 418]. “Ким ёмон сўзламай ва ёмонлик қилмай Аллоҳ таоло йўлида ҳаж қилса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтғайдир,” – деб айтганлар”… [2: 418]. Кўриниб турибдики, ҳаж у инсондан юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни талаб этади, ҳожи ёки ҳожи онанинг ёмон, ёлғон гап-сўзларни айтиши – гуноҳ, бад қилиқлар, хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Ҳожи (ҳожи она) энди жамоатчилик, ён-атрофидагилар диққат марказида бўлади, унинг ҳаёт тарзига тақлид қилиш одатга айланади. Рамазон рўзасини тутмоқ ислом ақидасида охирги, бешинчи рукн, шарт ҳисобланади. Рўзанинг ижтимоий ва антропологик жиҳатлари қуйидагиларда акс этади: 1) Инсоннинг тақводорлиги ошади; 2) Инсон ўз соғлиғини тиклаб олади; 3) Инсон ҳавои нафсини жиловлайди; 4) Шайтонга қаҳр кўрсатилади; 5) Қалб мусаффолашади; 6) Рўзадор қилган гуноҳларидан мағфират қилинади; 7) Рўзадор фаришталар сифати билан тақдирланади; 8) Инсон сабр-тоқатли, бардошли фазилатлар орттиради; 9) Раҳм-шафқатли бўлади ва бошқалар [7: 7-10].

Имом Бухорий Муҳаммад пайғамбарнинг Рамазон рўзаси ҳақидаги ҳадисларини “Рўза китоби”га жамлаган. “Рўза (тутмоқлик) дўзах ўтидан қалқондир! Бинобарин, рўза тутган киши ҳақорат сўзларини тилга олмасин, сўзлашганда бақиримасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан урушса ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзамен”, десин! Аллоҳга қасамёд қилиб айтурменким, рўзадорнинг оғзидан келган бўй, Аллоҳ наздида мушк-анбар бўйидан ҳам хуш бўйроқдир, чунким Аллоҳ таоло: “Рўзадор мени деб еб-ичмас ва мени деб рўза тутар, бинобарин унинг мукофотини ўзим берғайдирмен ва ҳар бир яхшилиғи эвазига мендан ўн баробар мукофот олғусидир”, – дейдир”. Мазкур ҳадисда Муҳаммад пайғамбар ислом ақидаси моҳиятан антропологик, инсоннинг ижтимоий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга қаратилганини кўрсатади.

Хуллас, ҳадисларда инсоннинг ижтимоий борлиқ билан алоқалари диний ва дунёвий, трансцендентал ва антропологик ғоялар уйғунлиги негизига қурилган. Уларда ислом ақидасига таяниш зарурлиги мудом такрорлансада, инсон масаласи, антропологик ёндашиш ҳам мудом ёнма-ён келади, баъзи ҳадисларда эса ҳатто бирламчи ўрин эгаллайди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Қуръони карим. Алоуддин Мансур таржимаси. –Т.: Чўлпон, 1992.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 4-китоб. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1992.
  3. Ахлоқ-одобга оиб ҳадис намуналари. – Т.: Фан, 1990.
  4. Гегель Г.В.Ф. Наука логики. – М.: Мысль, 1974.
  5. Субхи Махмасани. Фалсафат ат-ташри фи-л-ислам. – Бейрут, 1952.
  6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Муқаддима. 1-жуз. – Т.: Шарқ, 2004.
  7. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Намоз китоби. 6-жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
  8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Рўза китоби. 9-жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
  9. Шайх Муҳуммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Яхшилик ва ахлоқ китоби. 34-жуз. – Т.: Шарқ, 2011.
Нодира МУСАЕВА,
ТДПУ Ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, фалсафа фанлари номзоди

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …