Home / МАҚОЛАЛАР / ҲИНДИСТОН ЗАМИНИГА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ КИРИБ КЕЛИШИНИНГ ТАРИХИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ

ҲИНДИСТОН ЗАМИНИГА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ КИРИБ КЕЛИШИНИНГ ТАРИХИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ

Бугунги кунимизни ва албатта келажагимизни мамлакатимизнинг асосий пойдеворини ташкил этувчи ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу мақсадда ёшларимизга тасаввуф таълимотининг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ талқин этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Тасаввуф Шарқ маънавияти тарихида муҳим ўрин эгаллаб келган тадрижий тараққиётга эга бир таълимот ҳисобланиб, дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида фаолиятини бошлади.

“Тасаввуф – инсоннинг камолга, Ҳаққа етишиши йўллари, усуллари мажмуасидир. Уни покланиш мактаби ҳам дейиш мумкин” [1: 18].

“…ва яна тасаввуф инсонни покликка элтувчи васила ҳисобланади. Мутасаввифнинг қалби мусаффо, ойнадек топ-тоза бўлади. Ҳа, тасаввуф таълимоти ана шундай назоратни йўлга қўяди. У софлик, покизалик, шаффофлик ва бу каби бутун гўзалликларни ўзида мужассам этади, айни чоғда у динимиз чиркин ва нохуш деб билган маънавий касаллик ва кирлардан халос бўлишга чорловчи ҳаётбахш манбадир. Буни ҳаётга татбиқ этган киши эса мутасаввиф ҳисобланади. Тасаввуф қоидаларига риоя қилган, тасаввуфий асосларга кўра ҳаётини маълум низомга солган кимсаларга тасаввуф аҳли дейилади” [5: 46].

Тасаввуф нафсни тарбиялашдир: соғлом ирода, гўзал хулқ, солих амалдир. Тасаввуф ялқовлик, лоқайдлик, мискинлик эмас, чунки Ислом оламида ўтган энг буюк йўлбошчилар, фаол, ғайратли курашчилар, мужоҳидлар мутасаввифлардан чиққан” [2: 30-31].

Юқоридаги каби фикрларни янада давом эттириш мумкин. Бу фикрлар бири-бирини тўлдириб, мукаммаллаштириб, умумий бир нуқтага бирлашади. Тасаввуф ҳақидаги фикрларни умумлаштирсак, унинг бош мақсади бандани Аллоҳ розилигига эриштириш, нафсини жиловлаш, шариат қоидаларига амал қилиш, Аллоҳ ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқи билан ахлоқлаштириш эканлиги маълум бўлади.

Ҳинд ярим ороли халқлари маданияти тарихига атрофлича назар солсак, қадимдан уларнинг диний манбалари, миллий анъаналари, адабиёти ва санъати билан қизиққан ҳамда тарғиб қилган илму маърифат аҳли ўтканлигини кўрамиз. Масалан, араб адабиётида дастлаб ҳиндлар ҳақида очиқ хайрихоҳлик руҳида маълумот берганлардан бири басралик Жоҳиз эди: “Бизга аён бўлишича, ҳиндлар илми нужум ва алжабрда жуда илгарилаб кетишган ва ҳатто, уларнинг ўз ёзувлари бор. Ҳиндлар тиббиётда ҳам муваффақиятга эришишга улгуриб, муолажа сир-асрорини ҳам эгаллаганлар, айниқса, ўта оғир хасталикларни даволаш борасида ҳам.

Ҳиндларнинг қўшиқлари ажойиб, шеърияти эса ниҳоятда бой… У ерда нотиқлик санъати, тиббиёт, фалсафа ҳамда этика ғоятда ривожланган.

Ғарб мутахассислари хулосасига мувофиқ, “ҳиндлар фалсафада ҳам юнон ва римликларга қараганда пешқадам бўлганлар”.

Тасаввуф ғоялари шиддат билан бутун мусулмон оламига ёйилди ва Ҳиндистонгача етиб борди. Ҳиндистон азалдан жаҳон халқларини ўзининг қадимий маданияти, бой фалсафий мероси, гўзал табиати ва битмас-туганмас табиий бойликлари билан қизиқтириб келган. Бу борада қадимда турли мамлакат сайёҳларининг Ҳиндистонни ўрганиш мақсадида у ерга қилган сафарлари ва сафар таассуротлари асосида яратиб қолдирган эсдаликлари яққол мисол бўла олади. Улардан, айниқса, грециялик Мегасфен, хитойлик сайёҳ Сюан Сзин, Ўрта осиёлик Абу Райҳон Беруний ҳамда Россиялик Афанасий Никитин ва улар яратган “Ҳиндистон” номли қомусий асарлари ҳанузгача барча халқлар учун Ҳиндистон ва ҳинд халқи ҳақида тўлиқ маълумот берувчи энг қимматли ва бой асарлар сифатида хизмат қилиб келмоқда. Ҳиндистоннинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири унинг кўп тилли (баҳудҳармии) ва кўпдинли (баҳубҳаши) мамлакат эканлигидир.

Ҳолбуки, тасаввуфнинг Ҳиндистонга кириб келиши ҳақида тадқиқотчи олимлар, адашмасак, ҳамон бир умумий тўхтамга келиб улгурмаганлар. Уларнинг баъзилари бу воқеани мусулмонларнинг илк Ҳиндистонга юришларидан бошланган десалар, яна бошқалари, XII-XIII асрларга тегишли, деб ҳисоблайдилар. Маълумки, “Сўфийларнинг жанубга – Ҳиндистонга ва Ғарбга – Кичик Осиёга миграцияси” XIII асрдан бошланган эди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Биринчи хонақо ва жамоаларнинг ташкил топиши Деҳлий султонлиги даврига тўғри келади. Бу вақтда Ҳиндистонда ўз муайян таъсирига эга бўлган Бағдоднинг сухравардия сулукидан ташқари, иккинчи бир энг йирик таълимот чиштия эди [3: 190-191].

Ҳиндистонда ҳинд ва мусулмон диний қадрияти ва унинг асосидаги маданияти, урф-одати, ўзига хос тафаккур ва турмуш тарзи ниҳоят, бир-бирига ундош ва омухта дунёқарашлар оқибатда умуммиллий хусусият касб этди. Мажозан олганда, бундай турфаликдаги бирликнинг вужудга келишида маҳаллий бҳактлар билан ботиний муштарак фазилатлар соҳиби сўфийларнинг фаолияти сўзсиз беқиёсдир. Балки шунинг учундир, одатда ҳинд ва чет эллик олимлар исломнинг илк ўрта асрдан то инглизлар мустамлакаси давригача Ҳиндистондаги тарихига баҳо берганларида уларнинг аксарияти сўфийларнинг ҳаёти ва фаолиятига алоҳида эътибор билан ёндашадилар. Мавзу юзасидан билдирилган фикрлар орасида муаррих Хазарийпрасад Двиведийнинг қуйидаги сўзлари, ўзининг чин маъноси ва холисона бахоси билан ажралиб туради: “Ҳинд ва мусулмон ҳаракатларини яқинлаштирган ва уларнинг ўрталаридаги бегоналик пардаларини улоқтириб ташлаган сўфийларни биз ҳеч қачон унутмаймиз!”

Дарҳақиқат, ҳинд тупроғида исломга нисбатан оддий авом ичида қизиқиш уйғониши аввало – бу сўфийларнинг хизмати эди.

Ҳиндистонда тасаввуфнинг биринчи тарғиботчиси Шайх Исмоил Бухорий ҳамда “бу ҳудудда илк тасаввуф машъаласини кўтарган зот Дата Ганж Бахш эканлиги ва шунингдек, Шайхнинг вафотидан кейин унинг “Кашф ул-маҳжуб” асари машҳур бўлиб кўп ўқилганлиги маълум бўлди. Хуллас, дастлаб араблар ёки ўртаосиёлик савдогарлар билан Ҳиндистонга келган айрим сўфийлардан ташқари, расман Ажмирда ўз фаолиятини бошлаган биринчи энг йирик жамоа “Чиштия сулуки” эди [4: 158-159].

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 17-18 январ кунлари Ҳиндистонга расмий ташриф билан борганларида икки давлат ўртасидаги узоқ ўтмишга тақаладиган дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида фикр билдириб, … ҳамкорлик нафақат савдо, индустрия, қишлоқ хўжалиги, дастурий таъминот балки маънавий ва маърифий соҳаларда ҳам боғлиқ бўлиши шарт. Чунончи Ҳинд диёри узра вақт чиғириғидан ўтган бой диний маънавий меросда ўтмишда Ватандошларимизнинг ҳам ҳиссаси борлиги бизни қувонтиради… деган фикрлари ўзи фикримизни исботидир [6].

Ҳиндистонда феодал тузумнинг таназзули диний бидъат ва мазҳаблар ҳаракати ҳамроҳлигида юз бердики, у тарихга “бхакти ҳаракати” номи билан кирди. Ҳаракатнинг йирик иштирокчилари орасида Кабир ва Тулси Дас ном қозондилар. Кабир ҳиндлар билан мусулмонларни яқинлашишга чақирди. Унинг фикрича, ҳар бир диннинг маъноси расм-русумларда эмас, балки ахлоқий покликка риоя этишдадир. Кабирнинг нуқтаи назарича, Худо табиатнинг барча ҳодисалари ичига киради ва жонли мавжудотларнинг нафасидир. Мусулмонлар ва ҳиндларнинг Худоси биттадир. Шуни қайд этиш лозимки, Ҳиндистонда қараб чиқилаётган даврдаги тасаввуф буддавийлик ва ҳиндувийлик билан кўшилиб кетган эди. Сўфийлар Ҳиндистонда икки катта гуруҳга бўлинадилар. Уларнинг бири Башар бўлиб, унинг тарафдорлари суннага эътиқод қилар эдилар. Иккинчиси Бешар бўлиб, унинг мухлислари шариат қонунларига риоя қилишни мажбурият ҳисобламас эдилар.

Хулоса сифатида юқорида айтилган фикрлар чексиз ютуқ ва муаммоларига қарамай ўзининг бетакрор жозибаси ва бой тарихига эга Ҳинд диёри жуда қадимдан кўплаб тарихий эврилишларни бошдан кечирганлиги, унинг эволюцияси даврида юзага келган фикрлар ва сиёсий тизимлар мавжуд ғояларга ўзини таъсирини ўтказган. Тасаввуф эса шу фикрлар ривожига ўзининг таъсирини ўтказган бир мафкура сифатида Ҳиндистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан кирган. Чунки плюрализмнинг радикаллашишини айнан Ҳиндлар тарихи билан боғлайдиган айрим “файласуф” олимларнинг фикрларига қарама-қарши ўлароқ айнан Ҳинд диёрида ўз замонасида юксак марраларни забт этган сўфий алломалар кўпчиликни ташкил этганлигини тарих исботлаган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Воҳидов Р., Неъматов Ҳ., Маҳмудов М. Сўз бағридаги маърифат. – Т.: Ёзувчи, 2001.
  2. Жўшон Маҳмуд Асъад. Тасаввуф ва нафс тарбияси. – Т.: Чўлпон, 2000.
  3. Низомиддинов Н.Ғ. Жануби-шарқий осиё диний-фалсафий таълимотлари ва ислом. – Т.: Zar qalam, 2006.
  4. Низомиддинов Н.Ғ. Ҳиндистонда ислом: тарих, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва ҳинд-мусулмон маданияти. – Т., 2008.
  5. Умар Фаррух Сайдо ал-Жазарий. Тасаввуф сирлари. – Т., 2001.
  6. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи (2019 йил 18 январ).
Қосимбек РАЗЗОҚОВ,
Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …