Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Туркиялик эксперт: Ўзбекистон Президентининг БМТдаги ташаббуслари инсоният манфаатларини ифода этгани учун улар халқаро миқёсда тан олинади ва қўллаб-қувватланади

Туркиялик эксперт: Ўзбекистон Президентининг БМТдаги ташаббуслари инсоният манфаатларини ифода этгани учун улар халқаро миқёсда тан олинади ва қўллаб-қувватланади

Туркиянинг сиёсий доиралари ва кенг жамоатчилик вакиллари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги иштирокини катта қизиқиш билан кузатди. Улар Ўзбекистон раҳбарининг глобал ташкилот юқори минбаридан илгари сурган ташаббуслар мазмун-моҳиятини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

БМТ Цивилизациялар альянси бўйича Туркия миллий мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, тарих фанлари доктори, профессор Бекир КАРЛИГА «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи тинчлик, ижодий ҳаётга интилиш ғояларига йўғрилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, давлатимиз раҳбари ўз видеомурожаатида кўтарган муаммолар кўлами ва уларни ҳал қилиш бўйича илгари сурган ташаббуслари долзарбдир. Шу боис ҳам Ўзбекистон Президенти жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида нафақат ўз давлати раҳбари, балки ривожланиб бораётган қийин глобал вазият ва унинг истиқболлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга халқаро миқёсдаги замонавий раҳбар сифатида намоён бўлди.

– Ўзбекистон БМТнинг тўлақонли аъзоси ва халқаро муносабатларнинг фаол субъектидир. Унинг COVID-19 пандемияси, шу билан бирга, доимий геосиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар туфайли юзага келган қийин вазиятни кўриб чиқиш, биргаликда муҳокама қилишда фаол иштирок этаётгани бизни ҳам руҳлантирмоқда, – деди профессор Б.Карлига. – Шунингдек, барча долзарб масалалар юзасидан ҳамкорликка очиқлик ва бошқа шериклар билан ўзаро кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишига айланаётгани қувонарлидир. Мамлакат тинчлик, хавфсизлик ва яхши қўшничиликнинг асосий тамойилларига содиқлигини намойиш этиб, барча манфаатдор мамлакатлар билан муносабатларни изчил ривожлантирмоқда, глобал ташкилотлар, шу жумладан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий тузилмалар ҳамда турли шаклдаги форумлар доирасида шерикликни мустаҳкамламоқда. Бундай кенг қамровли ёндашув натижасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат стратегияси миллий манфаатларни илгари суриш учун салоҳиятли шериклар билан ўзаро мулоқотни имкон қадар юқори даражага кўтаришга қаратилган янги мазмун билан бойиб бормоқда.

Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати жаҳон миқёсидаги миллий манфаатларни ҳимоя қилиш тизими сифатида БМТ ва бошқа тузилмалар даражасида замонавий таҳдидларга қарши самарали ечимларни излаш бўйича глобал изланишларни акс эттиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти асосларини халқаро ҳуқуқнинг умумбашарий меъёрлари, биринчи навбатда, БМТ Низоми тамойиллари асосида мустаҳкамлаш тарафдори. Дунёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор аниқ амалий қадамлар ташламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТда таклиф қилинган бешта ташаббуснинг ҳам инсоният манфаатлари йўлида тарғиб қилиниши, шу муносабат билан улар халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши ва қўллаб-қувватланишига эришилгани фикримизга мисол бўла олади.

Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган янги ташаббуслар алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир. Улар пандемияга қарши курашда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, халқаро сиёсат, тинчлик ва хавфсизлик, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича яқин ва самарали шерикликнинг устувор масалаларини қамраб олди. Ушбу йўналишлар БМТнинг барча иштирокчиларини мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишга ундамоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …