Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИ ИМОМ ФИРАБРИЙДАН РИВОЯТ ҚИЛГАН МАШҲУР РОВИЙЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИ ИМОМ ФИРАБРИЙДАН РИВОЯТ ҚИЛГАН МАШҲУР РОВИЙЛАР

“Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўплаб талабалар эшитган. Бу ҳақида Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан тўқсон минг киши эшитган”, деб айтади. Ҳақиқатда, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятлари орасидан Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби, у кишининг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

“Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхаси Имом Бухорийнинг вафотидан кейин шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривояти Абу Абдуллоҳ Фирабрий орқали машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини жуда кўплаб шогирдлари таълим олган. Улардан еттитаси ёки тўққизтаси машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан таълим олган шогирдлари “Саҳиҳул Бухорий” китобининг матнини устозини қўлидаги асл нусхадан кўчириб олганлар. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилишмаган ва эътироз билдиришмаган.

Ибн Рушайд Сабтий айтади: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Унинг ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий” китобининг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнгра, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган”.

“Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан жуда кўплаб сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилишган. Уларнинг энг машҳурлари қўйидагилар: Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз Мисрий (ҳижрий 294-353 й.), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (ҳижрий 301-371 й.), Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф. 373 ҳ.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376 ҳ.), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий (ваф. 381 ҳ.), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389 ҳ.), Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний (ваф. 391 ҳ.) ва Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатийлардир.

Бу табақадаги ровийлар биринчи табақадаги ровийлардан эшитиб ривоят қилишган. Бу ерда Имом Фирабрийдан ривоят қилган машҳур ровийлар ҳақида қисқагина маълумотларни келтириб ўтамиз. Сабаби, “Саҳиҳул Бухорий” китобига ва унинг ривоятларига катта эътибор билан қарайдиган кишиларнинг китобларида улар жуда кўп ва машҳурдир. 

Биринчиси: Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Баззоз Мисрий Бағдодий. У киши Ибн Сакан номи билан танилган. Ибн Сакан ҳижрий 294 йил туғилган. Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти билан шуғулланган. У Бағдодда Абул Қосим Бағавий ва Ибн Абу Довуддан, Ҳарронда Ҳофиз Абу Арубадан, Дамашқда Аҳмад ибн Умайр ибн Жавҳодан ҳадис эшитган. У Миср ва Нишопурда кўплаб аҳли илмлар билан учрашган. Ибн Сакандан Абу Сулаймон ибн Забр, Абу Абдуллоҳ ибн Манда, Абдуғани ибн Саид Аздий, Али ибн Муҳаммад Дақоқ ва бошқалар ҳадис ўрганган.

Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий” китобини, Хуросонда Имом Фирабрийдан эшитган ва Мисрга борганида уни ўзи билан бирга олиб борган. Имом Заҳабий: “Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий” китобини Мисрга олиб борган ва ривоят қилиб берган кишиларнинг аввалгисидир”, деган. Демак, Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий” китобини Мисрга биринчи бўлиб олиб борган.

Ибн Сакандан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган ровийларнинг орасида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний машҳур бўлган. У ҳижрий 343 йил Мисрда ўзининг уйида “Саҳиҳул Бухорий” китобини Ибн Сакандан эшитган. Ибн Сакан ҳижрий 353 йил вафот этган.

Иккинчиси: Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марвазий Фашаний Шофий ҳижрий 301 йил туғилган. У киши Аҳмад ибн Муҳаммад Мункадирий, Муҳаммад ибн Абдураҳмон Дағулий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Саъдийлардан ҳадис эшитган. Абу Зайд Марвазий Марвдан Нишопурга, у ердан Макка ва Бағдодга кўчиб ўтган. Макка ва Бағдод шаҳарларида “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан эшитган. Абу Абдуллоҳ: “Бу ривоят – Абу Зайд Марвазий улуғ бўлгани учун ривоятларнинг энг улуғроғидир”, деган.

Абу Зайд Марвазий “имом, моҳир, таҳрирчи, тадқиқотчи, парҳезкор, ибодатгўй, кўриш қобилияти ўткир, диққат билан текширувчи, тақводорлиги ва парҳезкорлиги ҳамда зоҳирий илмлари ва ибодати билан машҳур” деб васф этилган. Абу Зайд Марвазийдан Ҳоким, Абу Абдураҳмон Суламий, Абу Ҳасан Дорақутний, Абу Бакр Барқоний ва бошқалар ҳадис ўрганган. Лекин Абу Зайд Марвазийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилишга катта эътибор берган кишиларнинг энг улуғлари Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Иброҳим Асилий, Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Холф Маъофирий ва Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Миҳроний Исбаҳонийлардир. Абу Зайд Марвазий ҳижрий 371 йил вафот этган.

Учинчиси: Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Журжоний Маккий. У киши Бағдодда Имом Бағавий ва унинг табақасидаги ровийлардан ҳадис эшитган. Абу Аҳмад Журжоний Ироқ, Шом, Миср, Хуросон ва Мовароуннаҳрга сафар қилган. Имом Самъоний: “Абу Аҳмад Журжоний Басра ва Шерозда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ўрганган”, деб айтади. Ҳофиз Абу Нуъайм ва Имом Қобисий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Аҳмад Журжонийдан ривоят қилишган. Абу Аҳмад Журжоний ҳижрий 373 йил вафот этган.

Тўртинчиси: Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Иброҳим Балхий Мустамлий, кўплаб уламолардан ҳадис эшитган. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 314 йилда Имом Фирабрийдан эшитган.

Абу Исҳоқ Мустамлий “Саҳиҳул Бухорий” китобини кўп марта айтиб берган. Ҳофиз Заҳабий: “Абу Исҳоқ Мустамлий сиқа (ишончли) ва соҳиби ҳадис бўлган”, деб айтади. Ундан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган кишилардан бири Абу Зар Ҳаравийдир. Абу Зар Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 374 йил Балхда Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган. “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятларини ичида Абу Зар Ҳаравийнинг ривояти энг тўлиқроғидир. Абу Зар Ҳаравий ҳижрий 435 йил вафот этган. Абу Исҳоқ Мустамлий эса ҳижрий 376 йил вафот этган.

Бешинчиси: Абу Али Муҳаммад ибн Умар ибн Шаббувайҳ Шаббавий Марвазий. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 316 йилда Имом Фирабрийдан эшитган. Абу Али Шаббавий эса “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 378 йил Марвда айтиб берган. Саид ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Сайрофий ва Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Ҳамадоний у кишидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган ровийлар ҳисобланишади.   

Олтинчиси: Имом ва муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳижрий 316 йилда Имом Фирабрийдан эшитган. Имом Сарахсий ҳижрий 381 йил вафот этган. Абу Зар Ҳаравий ва Абу Ҳасан Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Музаффар Довудийлар ундан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилишган.

Еттинчиси: Муҳаддис Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ибн Муҳаммад Марвазий Кушмиҳаний. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини Ироқ, Ҳижоз, Марв ва Фирабр шаҳарларида эшитган. Абу Ҳайсам Кушмиҳаний “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан бир неча марта эшитган. Имом Самъоний: “Абу Ҳайсам Кушмиҳаний машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривояти билан машҳур бўлган. Чунки, у Хуросонда бу китобни ҳикоя қилган кишиларнинг охиргисидир”, деган. Абу Ҳайсам Кушмиҳаний ҳижрий 389 йил вафот этган.

Абу Зар Ҳаравий, Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳафсий ва Карима бинти Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотим Марвазиялар “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Ҳайсам Кушмиҳанийдан ривоят қилган ровийлар ҳисобланишади. Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Ҳайсам Кушмиҳаний ва бошқалардан эшитган.    

Имом Заҳабий: “Карима Марвазия ривоят қилганда ривоятни асли билан солиштириб кўрарди. У киши яхши тушунарди ва биларди”, деган. Карима Марвазия ҳижрий 463 йил вафот этган.    

Саккизинчиси: Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний. У киши “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ҳижрий 320 йилда эшитган. Шайх Абу Али Кушшоний “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган кишиларнинг охиргисидир.

Ундан “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Холал, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али Абюрдий, Абу Абдуллоҳ Ғунжор ва бошқалар ривоят қилишган. Абу Али Кушшоний ҳижрий 391 йил вафот этган.

Тўққизинчиси: Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатий. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний бу кишини “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийларнинг орасида зикр қилган. Абу Наср Ахсикатийдан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган ровийлардан бири Исмоил ибн Исҳоқ ибн Исмоил Саффор Зоҳиддир.  

Албатта, юқорида зикр қилинган кишилар “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан эшитиб ривоят қилган иккинчи табақа ровийлари ҳисобланишади. Ўзларидан кейинги “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган барча ровийларнинг санадлари уларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишимиз бизларга манфаатли бўлади ва бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …