Home / МАҚОЛАЛАР / ЗАМАХШАРИЙНИНГ “АТВОҚУ-З-ЗАҲАБ” АСАРИНИНГ ИККИ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

ЗАМАХШАРИЙНИНГ “АТВОҚУ-З-ЗАҲАБ” АСАРИНИНГ ИККИ НОДИР ҚЎЛЁЗМА НУСХАСИ

Кўҳна Хоразм заминидан дунё тараққиёти, илм-фаннинг ривожи ва такомиллашувига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Ана шундай алломалардан бири Маҳмуд Замахшарий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Замахшарийдир. У ҳижрий 467 йил ражаб ойининг йигирма еттинчисида – чоршанба куни Хоразм воҳасининг Замахшар (Измихшир) қишлоғида таваллуд топган. “Бу милодий 1075 йилнинг 19 мартига тўғри келади. Лекин баъзи тарихчиларнинг келтиришича, Маҳмуд Замахшарийнинг туғилган йили 1074 йилдир [4: 5.]. Аслида эса, 467 ҳижрий йилнинг биринчи тўрт ойи 1074 йилга киради, еттинчи ойи бўлмиш ражабнинг биринчи куни 1075 йил 19 февраль пайшанба кунига тўғри келади. Маҳмуд Замахшарий ҳижрий 538 йили арафа кечаси 71 ёшида Журжония (Урганч)да вафот этган [1: 6.].

Маҳмуд Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича кенг қамровли тадқиқотлар мустақилликдан сўнг амалга оширила бошланди. Алломанинг илмий меросини ўрганишда катта ишларни амалга оширган Алибек Рустамов, Убайдулла Уватов, Аҳаджон Ҳасанов, Зоҳиджон Исломов каби ўнга яқин юртимиз олимларини санаб ўтиш мумкин.

Маҳмуд Замахшарий ўз ижодий фаолиятида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик, луғатшунослик, адабиёт, аруз, шеърият, одоб-ахлоқ, мантиқ ва жуғрофия каби фанларга оид етмишдан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, уларнинг аксарияти бизгача етиб келган.

Алломанинг машҳур асарларидан бири “Атвоқу-з-заҳаб фи-л-мавоъиз ва-л-хутаб” (“Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари”) насиҳатомуз мақолалар тўплами бўлиб, у қисқача қилиб “Атвоқу-з-заҳаб” (“Олтин шодалар”) дейилади.

Замахшарий 1130 йиллар атрофида Макка шаҳрига сафар қилиб, Байтуллоҳ – Каъбани тавоф қилади ва ҳар бир тавофдан сўнг, бир мақола ёзади. Шу тариқа юз марта тавоф қилиб, юз мақоладан иборат “Атвоқу-з-заҳаб” асарни тасниф қилади. Бу асар сажъ (вазнга тушмайдиган қофияли сўз) жанрида (усулида) ёзилган бўлиб, ўзидаги маъноли ҳикматлари ва фасоҳатли мавзулари билан алоҳида ажралиб туради.

Муҳаммад Саъид Рафоъий ал-Кутубий, алломанинг “Атвоқу-з-заҳаб фи-л-мавоъиз ва-л-хутаб” (“Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари”) асаридаги изоҳ талаб луғатларга шарҳлар битган. Унинг муқаддимасида “Атвоқу-з-заҳаб”га шундай таъриф беради: “Имом Замахшарий муаллифлигидаги “Атвоқу-з-заҳаб фи-л-маваъизи ва-л-хутаб” китоби, мавъизаларининг пурмаънолиги ва ўқувчини ўзига тортиши билан бошқа китоблардан алоҳида ажралиб туради.

Алломанинг бу асари бир неча тилларга, жумладан, биринчи марта 1835 йили немис олими Фон Хомер томонидан немис тилига таржима қилиниб, араб тилидаги матни билан нашр этилган. Бундан эллик йилча ўтгач, француз тилига ҳам таржима қилиниб, 1886 йили Парижда чоп этилган. 1873 йили эса усмонли турк тилига таржима қилиниб, Истанбулда нашр этилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз она-тилимизга ҳам ўгирилиб, нашр этилди [5: 25.].

Маҳмуд Замахшарий ҳаётий ва илмий тажрибаларидан келиб чиқиб, ушбу асарида одилу золим подшоҳлар, инсофлию инсофсиз амалдорлар, тақводору фирибгар савдогарлар, толиби илмлару олими беамаллар, камбағалу бойлар ҳақида фикр юритади. Шунингдек, кишиларга дунёнинг ўткинчи эканлигини эслатиб, ундаги арзимас ҳавасларга берилмасликка, молу дунёни қувиб ўзининг ким эканлигини унутиб қўймасликка, такаббурлик, риёкорлик, очкўзлик, хиёнат қилиш, беҳуда гапларни гапиришлик каби салбий иллатлардан тийилишга чақиради. Инсонларни улуғликка етаклайдиган илму маърифат, тақво, саховатли бўлишга доир ҳамда ота-онага, қариндошларга ва қўшниларга яхшилик қилишга ундайдиган фазилатлар ҳақида ҳикоя қилади.

“Атвоқу-з-заҳаб”нинг нодир қўлёзма нусхалари дунёнинг бир қанча қўлёзма фондларида сақланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида инв. №4877 рақам остида, Туркиянинг “Мактабат ан-нур Усмония” кутубхонасида инв №3678 ва №4260 рақамлар остида, Саудиянинг “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасида инв. №547 рақам остида, Қувайтнинг “Жомеъату ал-Қувайт” кутубхонасида инв. №646, №5775 рақамлар остида сақланмоқда.

Туркиянинг “Мактабат ан-нур Усмония” кутубхонасида сақланаётган 4260 рақам остидаги қўлёзма мажмуадир. Унинг муқоваси картондан бўлиб, унинг усти абри баҳор қоғози билан қопланган. Мажмуаъдаги биринчи асар Маҳмуд Замахшарийнинг “Атвоқу-з-заҳаб” асаридир. У 1б саҳифадан бошланиб 16а саҳифада тугаган. Унинг умумий ҳажми эса 32 саҳифани ташкил этади. асрнинг 1а саҳифасида асар номи “مقالة الزمخشرى” “Мақолот аз-Замахшарий” деб келтирилган. Мистараси – саҳифадаги матн қаторлари 19 сатрдан иборат бўлиб, насх хатида ёзилган. Хаттоти номаълум. Асар саҳифалардаги барча матнлар, қизил чизиқли рамка ичига олинган. Ҳар бир варақда пойгирлар келтирилган. Асар 1б саҳифадан басмала билан бошланиб, ундан кейинги 1-2 сатрларда муаллифнинг қуйидагича эътироф этиб ўтган:

”قال الشيخ الامام الاجلّ الزّاهد العلّامة شيخ العرب و العجم فخر خوارزم محمود ابن عمر الزّمخشرى رحمة الله عليه... .[2: 1б]  “

“Шайх, улуғ имом, зоҳид, аллома, араб ва ажамлар шайхи, Хоразм фахри Маҳмуд ибн Умар Замахшарий раҳматуллоҳ алайҳ айтади…” .

Саудиянинг “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасида инв. №547 рақам остида сақланаётган асар 1а саҳифадан бошланиб 20а саҳифада тугаган, умумий ҳажми 40 саҳифани ташкил этади. Ушбу нусханинг 1а саҳифасида асар номи

 «هذا الكتاب المسمى اطواق الذهب تاليف العلامة الزمخشرى»[3: 1а]

“Бу китоб Атвоқ аз-заҳаб деб номланган бўлиб, аллома Замахшарий томонидан ёзилган”, деб келтирилган.

Ушбу асарнинг муқоваси оч яшил рангли картондан. Варақларининг ўлчами 24х17 см. бўлиб, мистараси – саҳифадаги матн қаторлари 17 сатрдан иборат. Барча варақларда пойгирлар келтирилган. 2а, 5а, 9б, 11б, 19б саҳифаларда

«مخطُوطَات جامَعة الريَاض»

“Махтутот Мактабат ар-Риёз” ёзувли замонавий, думалоқ сиёҳ рангли муҳр босилган.

Асар 1б саҳифадан басмала билан бошланган бўлиб, ундан кейинги сатрда Маҳмуд Замхшарийни қуйидагича эътироф этиб ўтган:

قال الشيخ الامام البارع رئيس الافاضل استاذ الدنيا شيخ العرب و العجم فخر خوارزم ابو القاسم محمود ابن عمر الزمخشرى رضى الله عنه…[3: 1б]

Шайх, кенг фикрли (устоз) имом, фозиллар раиси, дунё устози, араб ва ажамлар шайхи, Хоразм фахри Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий розияллоҳу анҳу айтади… .

Асарнинг 19б саҳифасида калофонда ушбу нусхани ҳижрий 1278 йил Робеъу-л-аввал ойининг 26 санасида (милодий 1861 йил 30 сентябрь) хаттот Аҳмад бин Мансур ал-Қаноий томонидан насх хатида кўчирилгани қайд этилган.

Мазкур икки қўлёзма нусхада ҳам юзта мақола келтирилган. Ушбу нусхаларда баъзи калималар хаттотлар томонидан турлича шаклда ёзилганлиги ва айрим ҳарфларни тушириб қолдирилган ҳолатларни ҳам кўриш мумкин.

Мисол учун ушбу икки нусхадаги 11-мақолаларда хаттотлар турли калималардан фойдаланган. “Мактабат ан-нур Усмония” кутубхонасидаги нусхада “الشميم” шаклида келган калима, “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасидаги нусхада “الشهم” шаклида ёзилган. Икки нусха қиёсий таҳлил қилинганда бу каби ҳолатларни бир қанча жойларида учратиш мумкин. Жумладан, қуйида келтирилган еттинчи мақолада ҳам шу каби ҳолатларни учратиш мумкин. “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонасида инв. №547 рақам остида сақланаётган нусхада келган وأنأى калимаси “Мактабат ан-нур Усмония” кутубхонасида сақланаётган 4260 рақам остидаги қўлёзма нусхада [واْنآسى] кўринишда келган. Мақоладаги وإن ذا калимаси [ان ذا] кўринишда бўлиб, “و” калимаси – ҳарфи тушиб қолган ва яна تتقلقل калимаси [يَتَقَلْقل] кўринишда келганлигини кўриш мумкин [2: 3а]. Албатта, бундай вазиятда ушбу асарнинг бир неча нусхалари олиниб, уларни таҳқиқ қилиш орқали, тўғри нусхани аниқлаш мумкин бўлади. Бу борада изланишлар олиб борувчи тадқиқотчилар учун шуни маълум қилиб ўтамизки, мазкур икки қўлёзманинг электрон нусхалари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида сақланмоқда.

Юқорида таъкидлаганимидек, асардаги юзта мақола, турли мавзуларни ўз ичига олган бўлиб, ундаги еттинчи мақолада тавозе бўлиш, кишини шарафли қилиши ва камтарлик эса кишини машҳур қилишига алоҳида урғу бериб ўтилган.

التّوضيع كلَّ التّوضيع أن تُشَرّف، والتّنكير كلّ التّنكير أن تُعرف. فآثِر الخُمولَ على النباهة، واستحب الستر على الوجاهة تعِش أنجى من أظفار المِحَن، وأنأى عن إضمار الإِحَن. وإن ذا الشرف محسود أو حاسد، ومحقود عليه أو حاقدٌ. وتلك بليّة تتقلقل تحتها الأحشاء، ويفعل الله فيها ما يشاء. [3: 3а]

Маъноси: Хуш тавозе бўлиш сени шарафли қилади, камтарлик эса сени машҳур қилади. Танбеҳ берганда жиддийликни лозим тутгин, машҳурликдан парда ортини маҳбуб билгин. Шунда балолар тирноғидан омонда бўлиб, гина қудрат замиридан ўзингни сақлаган бўласан. Шараф эгаси, ҳасад қилинувчи ё унинг ўзи ҳасад қилувчи бўлади. Ёки у гина қилинувчи ё гина қилувчи бўлади. Мана шу балолар остида инсон вужуди титраб туради. Аллоҳ таоло шу балоларни сабаб қилиб, у вужудда хоҳлаганини қилади.

Дарҳақиқат, Имом Замахшарий қаламига мансуб, мазкур асарнинг илмий-тарбиявий аҳамияти жуда юқори бўлиб, у ўзига хос услуби билан одоб-ахлоққа оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, ўз ўқувчисини разил хулқлардан узоқлаштириб, яхшилликка етаклайди ҳамда кишини тавозе, камтар бўлишга чақириб, кибр ва манманликка берилмасликка ундайди. Алломанинг илмий ва маънавий меросини ўрганиш, инсонга маънавий озуқа бериб, келажакда ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб камолга етишида ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиб вояга етишларида, ишончли манба бўлиб хизмат қилади.

 Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
  1. Маҳмуд Замахшарий “Атвоқу-з-заҳаб фи-л-маваъизи ва-л-хутаб”. – Қоҳира. 2006.
  2. Маҳмуд Замахшарий. Атвоқу-з-заҳаб. Қўлёзма –Туркия. “Мактабат ан-нур Усмония” кутубхонаси. №4260.
  3. Маҳмуд Замахшарий. Атвоқу-з-заҳаб. Қўлёзма. – Саудия. “Жомеъату ал-Малик Сауд” кутубхонаси. №547.
  4. Рустамов А. “Маҳмуд Замахшарий”. – Т.: ФАН, 1971.
  5. Уватов У. “Хоразмлик буюк аллома”. – Т.: Янги аср авлоди, 2006.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …