Home / МАҚОЛАЛАР / Араб тилидаги мақол ва маталларни таржима қилиш хусусиятлари

Араб тилидаги мақол ва маталларни таржима қилиш хусусиятлари

Инсон дунёда бўлаётган жараёнларни тўғри тушуниши ва талқин қилиши учун хорижий тилларни эгаллаган бўлиши лозим. Тил орқали умуминсоний, тарихий ва миллий қадриятларни англаш мумкин. Ҳозирда ҳар қандай инсон ўтмишни ўрганиш мақсадида, авваламбор, маданият ва тарих манбаларидан бири ҳисобланган тилга эътибор қаратиши лозим. Ҳеч бир тилни унинг қадимги ўтмишини акс эттирадиган мақол ва маталларсиз тасаввур этиш қийин. Мақол ва маталларга “қисқа сатрларда соғлом фикр ва ўзига хос ҳаётий қонуниятларни акс эттирадиган микроолам сифатида баҳо берилади” [5: 25]

“Мақол” деб халқнинг ижтимоий-тарихий, ҳаётий-маиший тажрибаси умумлашган бадиий, образли мулоҳазалардан иборат ҳикматли сўзларга айтилади. Мақол ўзбек тилида “мақол”, тожикларда “зарбулмасал”, русларда “пословица”, туркларда “ата” сўзи атамаси билан юритилади. Мақолларда сўз қиммати алоҳида ёрқин ифодаланади. Чунки мақоллардаги сўзларни бошқаси билан алмаштириш, бирон сўз қўшиш мумкин эмас. Улар миллий тил таркибида қолиплашган ҳолда намоён бўлади. Бу жанр дунёдаги ҳамма халқлар оғзаки ижодида бор бўлиб, ҳажм, шакл, яратилиши мақсадига кўра муштарак ҳисобланади. Ҳатто номланишида ҳам яқинлик аниқ сезилади. Жумладан, арабларда “қавлун” – гап, сўз маъносини ифодаласа, тожикларнинг “зарбулмасал” атамаларида мисол келтириш, руслар “пословица”сида сўзлар билан фикрни ифодалаш, турклардаги “ата сўзи”да эса аждодлар фикрини эслаш маъноси етакчи. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ҳам “сав” атамаси оталар сўзини эслаш тарзида келтирилган.

Маълумки, мақол ва маталлар грекча “доно фикр, ҳикматомуз фикр” маъносини англатувчи “паремия” сўзидан олинган бўлиб, ҳозирги кунда лингвомаданий нуқтаи назардан ўрганила бошланди. Бундай ўрганиш уларнинг мазмуний аспектини тўлиғича очиб беришга ёрдам беради ҳамда халқнинг миллий ва маданий хусусиятларини ўрганишга олиб боради. Шу билан бирга мақол ва маталлар когнитив тилшунослик нуқтаи назаридан ҳам ўрганилмоқда, бунда эса халқнинг ўзига хос дунёқараши инобатга олинади.

Мақол ва маталлар халқ ижодининг маҳсули саналиб, унинг донишмандлиги асосида пайдо бўлади. Т.Г. Бочина “мақоллар нафақат қўлланилишига кўра, балки пайдо бўлишига нисбатан ҳам диалогик характер касб этади, зеро, мақоллар ортида халқнинг кўп асрлик тарихи ётади, бу ҳолат эса ўтмиш учун натижа, келажак учун эса имконият саналади” [4: 46], деб таъриф берганда мутлақо ҳақ эди.

Мақолларнинг жанр хусусиятлари қуйидагилардан иборат бўлади:

– мақолларнинг ҳажми қисқа ва чекланган;

– мақоллар мазмунан серкўлам ва чуқур маънони ифодалайди;

– халқ мақоллари шаклан шеърий ва насрий кўринишда бўлади, лекин насрий мақоллар ҳам шеърий мисраларни эслатади; (Масалан: Кўза кунда эмас, кунида синади.)

– мақолларда ҳаётий воқеа-ҳодиса ҳақида қатъий ҳукм ифоланади. Бу ҳукм мусбат ёки манфий мазмунда акс этиши мумкин;

– мақол шахс ҳаётидаги хусусий вазиятни халқ, омма, ҳаёт нуқтаи назардан умумлаштиради;

– мақол матни тилшуносликда шахси умумлашган гап ҳисобланади.

Ҳар бир халқ мақоллари тарихи ўнлаб асрларга бориб тақалади. Таржима қилинаётган асар қаҳрамонларининг тили (миллати) ўзига хослиги, уларнинг фикр-ғоялари, дунёқараши, дини, ҳаёт тарзи ўзгачалиги билан бошқа миллат аъзоларидан ажралиб туради. Асарнинг муаллифи эса шу миллат вакилларидан бири ҳисобланади.

Асар муаллифи томонидан ифодаланган мақол ва маталлар, образли фразеологик бирликлар, топишмоқлар, тарбиявий эртак ва ҳикоялар ҳам ўзига хос бўлади. Шундай бўлиши билан бирга, шу каби мақолларнинг, эквивалент тарзида учрайдиган вариантлари чет тилида ҳам мавжуд бўлади.

Таниқли таржима назариётчиси А.В. Фёдоров ўзининг “Введение в теорию паревода” (Таржима назариясига кириш) номли рисоласида мақол ва бошқа фразеологик бирликларни рус тилига таржима қилишнинг қуйидаги усулларини кўрсатади:

– мақол ва бошқа фразеологик бирликларни таркибидаги сўзлар моддий маъносини айнан сақлаган ҳолда ўгириш;

– асл нусхадаги мақол ва бошқа фразеологик бирликлар таркибидаги сўзларнинг моддий мазмунини ёки шаклини бир қадар ўзгартириб таржима қилиш;

– асл нусхадаги мақол ва бошқа фразеологик бирликларни асар таржима қилинаётган тилда ҳақиқатда мавжуд бўлган муқобил билан алмаштириш [6: 46].

Маҳмуд Кошғарий “Девону луғоти-т-турк” тадқиқотида дала сафарларида ёзиб олган 268 мақол матнини келтирган. Бу намуналар қаторида бироз ўзгариш билан яшаётган қуйидагиларни учратамиз: “Отуғ узгуч бирла ўчурмас” – “Ўт аланга билан ўчирилмас”; “Тоғ тоққа қавушмас, киши кишига қавушар” – “Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашар”. Айни пайтда “Õт теса, ағиз куймас” – ўт деган билан оғиз куймайди; “Тулки ўз инига урса, узуз ўлур” – “тулки ўз инига қараб ҳурса, қўтир бўлади” каби мақоллар бугунги кунда эсдан чиқарилган. Улар ўрнига “Ҳолва деган билан оғиз чучимас”, “Ватанига тош отган ватангадо бўлади” деган мақоллар қўлланмоқда. Халқ мақолларининг мазмун кўлами инсон ҳаётининг турли соҳаларини қамрайди. Инсон ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларнинг чеки йўқ экан, мақоллар мазмуни чегарасини ҳам ўлчаб бўлмайди.

Мақол атамаси араб манбаларида حِكمَة “донолик, ҳикматли сўз, чуқур маъноли гап, мақол, матал”, قَول “сўз, гап, мулоҳаза, фикр”, نادرة “қизиқарли воқеа, ажойиб ҳикоя, латифа”, وعظ “ваъз, панд-насиҳат” каби сўзлар билан қўлланилади. Шунингдек, кўпинча “мақол” атамаси сифатида مَثَل сўзи ишлатилади. Шуни эътироф этиш жоизки, Х.К. Барановнинг Арабча-русча луғатида مَثَل сўзи рус тилига 1) пример, образец; идеал; 2) подобие; 3) пословица, поговорка; 4) басня, притча. каби таржимаси берилган. [2, с. 727]. Ўзбекча-арабча “Ан-Наим” луғатида бу сўз “1) ўрнак, намуна, 2) ўхшашлик, 3) мақол, матал, 4) масал, ҳикоят ” каби маънолари берилган [2: 772]. Араб манбаларида “мақол” атамаси худди шу сўз билан қўлланилади.

Машҳур бобокалонимиз Форобий мақолларни халқнинг ҳамма жабҳаларини қамраб олувчи сўз ва маънони ифодаловчи восита сифатида “Мақоллар инсонларга шу даражада ёқадики, уни хушнудлик ва маҳзунлик вақтларида айтадилар” деб, эътироф этади [7: 486].

Ибн Абду Рабу “мақоллар – булар араб ва араб бўлмаган ҳамма даврларда ва ҳамма тилларда жаранглаган безатилган маъноли гаплардир. Улар нутқ маданияти туфайли узоқ муддатли шеъриятдир” – деб таъриф берган [8: 210]. Ибрагим Наззам “мақолларни араб тилининг юқори даражадаги стилистикаси” – деб таърифлаган. [8: 1].

Ибн Салом Аздий “Мақоллар – бу арабларнинг донишмандлиги”, деган нуқтаи назар билан келишади. Бунда Аздий араблар ҳамма даврларда мақолларни мантиқийлигини келишмовчилик ва тортишувлар вақтида қўллаганларини эътироф этган [9: 85].

А. Абдужабборовнинг “Араб тили” дарслигида “لقد أُكِلتُ يَومَ أُكِل الثّورُ الأبيض” матни берилган [1: 210]. Бунинг таржимаси “Оқ буқа ейилган куни ейилган эканман”.

Русча таржимаси: Я был съеден уже тогда, когда съели белого быка! Ўзбекча таржимаси: Оқ хўкиз ейилган кун ейилганман. Бу мақолларни ўзбекча қатор вариантлари мавжуд: Бирлашган ёвни қайтарар. Бирлик бор – тириклик бор. Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар, бирликли уй – баракатли, ғовғали уй – ҳалокатли, айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер.

Бу матн классик матн бўлиб, унда

إنَّ الْحَديِدَ با لْحَدِيِدِ يُفْلَح

Рус тилидаги таржимаси: “клин клином вышибают”. Ўзбек тилидаги таржимаси “Темир дамини фақат темир қайтаради” муқобили эса, “аччиқни аччиқ кесар”. Ҳаётий қонуният шундаки, агар илон чаён чақса, илон-чаённинг заҳрини суртадилар, аччиқ гапга аччиқ гап билан жавоб қайтарадилар; урганни урадилар, сўкканни сўкадилар ва ҳ.к. Мазкур мақол билан ҳар бир иш ва ҳаракатнинг ўз муқобили борлиги ва шунга риоя қилиш зарурлиги уқтириб ўтиляпти.

إنَّ الْجَوَادَ قَدْ يَعْثُرُ

Русча таржимаси: Породистый конь и тот иногда спотыкается (И на старуху бывает проруха).

Бу мақол эзгу ишни амалга ошириш йўлида баъзан муваффақиятсизликка ҳам бўлиши ҳақида айтилган. Унинг ўзбекча таржимаси: Баъзан от ҳам қоқилади.

 الإحْسانُ يَقْطَعُ اللِّسان

Ўзбекча таржимаси “Эҳсон тилни кесади”. Ушбу мақол-нинг ўзбек тилидаги муқобили “еган оғиз уялар” мақолидир. Инсон унга берилаётган, унинг учун қилинаётган ҳар нарсани ҳам қабул қилавериши керак эмас. Чунки унга ҳадя берган, инъом қилган киши бирор нарсани қилишни илтимос қилса, уялганидан йўқ деёлмайди, ҳаттоки, ноқонуний ёмон ишларни ҳам бажаришга мажбур бўлиб қолади.

 لايُثْمِرُالشَّوكُ العِنَبَ  

Ўзбек тилидаги таржимаси “Тикон узум бермайди” бу мақол ҳам ўзбек тилидаги “олмани тагига олма тушади” мақолига мазмунан яқин.

 جَاءَ بِقَرْنَيْ حِمَارٍ

Бу мақолни русча таржимаси: Пришел с рогами осла.

Ўзбекча таржимаси эса: Эшак икки шохи билан келди (ҳеч нарсасиз қайтди). Бу шуни англатадики, ёлғон айтиб келган кишини, бўлмайдиган нарса билан келган кишига қиёсланади, чунки эшакни шохи бўлмайди.

 الجَارَ ثُم الدَّار

Аввал қўшни кейин уй ол деган мақол замирида агар қўшнинг яхши бўлса, сенинг ютуғинг экани, акси бўлса сенга ёмонликлар бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилмоқда. Русча таржимаси: Сосед, потом дом.

عَثَرَةُ القَدَمِ أسْلَمُ مِنْ عَثْرَةِ الِّلسانِ

Русча таржимаси: Споткнуться ногой безопасней, чем ошибиться языком.

Ўзбекча таржимаси: оёқ қоқилиши, тил қоқилишидан яхшироқ. Бу мақолда агар оёғи тойса уни битиши мумкинлиги, лекин инсонга тил орқали етказилган зарар битиши қийин бўлиши, унинг заҳри юраккача етиб бориши назарда тутилган.

Қайси мамлакатга хос бўлмасин инсонларга меҳр-шафқат, яхшилик, саховат каби инсоний туйғуларни шакл-лантирувчи нарса бу ҳар бир халқдаги мақол, матал ва эртаклардир. Маълумки, биз ҳар биримиз ёшлигимиздан севиб ўқийдиган эртаклар, ёдлайдиган мақоллар бизни яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тушунчаларни тушунишга ёрдам берган. Мақоллар мавзу жиҳатдан ниҳоятда бой ва хилма хил. Ватан, меҳнат, илм-ҳунар, дўстлик, аҳиллик, донолик, хушёрлик, тил ва нутқ маданияти, севги ва муҳаббат каби мавзуларда, шунингдек, салбий хислатлар хусусида ранг-баранг мақоллар яратилган. Мақол учун мазмун ва шаклнинг диалектик бирлиги, кўп ҳолларда қофиядошлик, баъзан кўп маънолилик, мажозий маъноларга бойлик каби хусусиятлар характерли.

Иш жараёнида араб ва ўзбек мақолларининг ўхшаш-лик жиҳатлари, мақолларнинг айнан мос тушадиган муқобиллари, ўзига хос хусусиятлари ўрганилди. Бундан ташқари, баъзи бир араб мақолларини нафақат ўзбек тилидаги муқобили, балки рус халқ мақолларининг ҳам айнан мос тушадиган муқобил вариантларини ҳам мисол тариқасида кўрсатиб ўтилди.

Зуҳра АРИПОВА,
тарих фанлари номзоди, доцент
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдужабборов А. Араб тили. – Т.: ТИУ, 2015.
  2. Ан-наим. Арабча-ўзбекча луғат. – Т., 2003.
  3. Баранов Х.К. Арабско-русский словарь / Х.К. Баранов. – Т.: Камалак, 1994.
  4. Бочина Т.Г. Русская пословица как диалог времен Русское слово в мировой культуре : Русский текст и дискуре сегодня. – СПб: Политехника, 2003.
  5. Мезенцева Е.С. Пословичный фонд языка как фрагмент языкового сознания этноса // Вестник КазНУ. №2.
  6. Фёдоров А.В. Введение в теорию паревода. – М., 1968.
 .7 السيوطي. المزهر في علوم اللغة. مطبعة بابي الحلبي. – القاهرة، 1982.
 .8 القلقشندي. صبح الأعشى في صناعة الإنشاء. دار الكتب المصرية. – القاهرة 1963.
 .9 محمد إسماعيل صيني، ناصف مصطفى عبد العزيز. معجم الأمثال العربية. مكتبة لبنان. – بيروت، 1996.

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …