Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОН – БУЮК МУҲАДДИСЛАР ЮРТИ

ЎЗБЕКИСТОН – БУЮК МУҲАДДИСЛАР ЮРТИ

Юртимиздан чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ҳамда маънавий меросини ўрганиш бўйича катта имкониятлар яратилиб, бу соҳада изчиллик билан тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Ўрта асрларда Мовароуннаҳр деб аталган диёримизнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маданий муҳити кўплаб тарихчи ва тадқиқотчилар томонидан ўрганилган. VIII асрда Мовароуннаҳрга ислом динининг кириб келиши маҳаллий халқ ичидан етук муҳаддис, муфассир ва алломалар етишиб чиқишига сабаб бўлган. Бу даврда Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Абдуллоҳ Бойкандий, Имом Кеший, Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Абу Ароба каби кўплаб алломалар етишиб чиқишган.

Буюк муҳаддислар яшаган даврлар VII асрдан XII асргача Мовароуннаҳрда 3000 дан ортиқ таниқли муҳаддислар фаолият олиб боришган. Улардан 1000 дан зиёди – Самарқандда, 600 дан ортиғи – Бухорода, 400 дан ортиғи – Насафда, 70 дан ортиғи – Шошда, 60 дан ортиғи – Фарғонада, 60 дан ортиғи – Кешда, 50 дан ортиғи – Термизда, 40 дан ортиғи – Хоразмда ва бошқа минтақаларда фаолият кўрсатган муҳаддислар бўлган [9: 18].

Ўрта асрларда юртимизда фақат ҳадис илми билан машғул бўлган уч мингдан ортиқ таниқли муҳаддисларнинг фаолият олиб боришгани, ҳақиқатдан,  Ўзбекистон муҳаддислар юрти эканлигига ёрқин далолатдир.

Ислом тарихида илм-фан ва маданиятнинг ривожланган даври VIII-XII  асрлар бўлиб, бу вақтда тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, мантиқ ва бошқа фанлар тараққий этган ва айни шу асрларда мазкур илмлар бўйича самарали фаолият кўрсатган ватандошларимиз – Бухорийлар, Самарқандийлар, Термизийлар,  Хоразмийлар, Насафийлар,  Кешийлар, Шошийлар ва Фарғонийлар етишиб чиқган.

Бу даврда юртимизда диний ва дунёвий илмлар узвий боғлиқ ҳолда ривожланди ҳамда ислом дини таълимотининг аниқ ва мусаффолиги, бошқа динларга нисбатан бағрикенглиги каби кўпгина ижобий фазилатлари тез орада маҳаллий аҳолига маъқул келиб, бу дин оммалашиб, ривожланиб борди. Шу тарзда “қадимий ва бой маданиятга эга бўлган Ўрта Осиё араб халифалиги таркибига киритилгандан сўнг унинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол роль ўйнай бошлади” [1: 10].

Самарқанд, Кеш, Насаф, Бухоро, Шош, Термиз, Хоразм каби шаҳарларда диний ва дунёвий билимларнинг асосини ташкил этувчи асарлар тасниф этилди ва бу илм-маърифат дунё бўйича ўз самарасини берди.

Бу илм зиёни тарқалишида нафақат маърифат аҳли, балки ўша даврнинг қози ва амалдорларининг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Бунга мисол Абу Ҳафс Умар ибн Ҳафс ибн Салим Самарқандий Самарқанд қозиси бўлган ва кўплаб муҳаддислардан ҳадис ўрганиб, ҳадис илми талабида юрган талабаларга ҳомийлик қилган. Абу Ҳафс Самарқандий икки улуғ муҳаддислар Абдулҳамид Кеший ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримийлар билан ҳамкорликда китобларни қўлёзма шаклга келтириб, тасниф этишга ҳомийлик қилиб турганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлади [6: 132].

IX аср бошларида Кешда ҳадис илми ривожланган ва Имом Бухорий, Имом Доримий ва Имом Муслимлар Кеш шаҳрида ҳадис илми билан машғул бўлишган ва бунинг натижасида Кешда ҳадис илмига хос мактабга асос солинган [3: 33].

Диёримизнинг тўртта шаҳарларидан Термиз, Кеш, Самарқанд ва Шошда ҳадис илмини ривожланганлиги ҳақида Муҳаммад ибн Абддан Ҳусайн ибн Исмоил қуйидаги тарихий ҳужжатни келтириб ўтади:

 Қутайба ибн Саъд айтдади: “Агар Термизга борсангизлар, Аҳмад ибн Ҳасандан, Кешга борсангизлар, Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан [6: 128] ва агар Шошга борсангизлар, Абдуллоҳ ибн Абу Аробанинг суҳбатини ўзларингизга лозим тутингизлар, яъни улар айтган ҳадисларни маҳкам тутингизлар” дедилар [3: 83].

Мазкур тўрт муҳаддис ҳам етук муҳаддислар силсиласига киритилган. Ушбу манба муҳаддисларнинг бутун дунё муҳаддислари орасидаги илм-маърифати, ҳурмат-эҳтироми нақадар юксаклигига аниқ далолат бўлишлиги билан бирга, бу шаҳарларда ҳадис мактабига асос солинганлигига ҳам аниқ ҳужжат бўлади. Мазкур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий (736-797) томонидан Мовароуннаҳр ҳудудида асос солинган ҳадис илмини ривожлантирган. Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб, ҳадис китобини таълиф этган шахс Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий эътироф этилган. Бундан ташқари Аҳмад ибн Ҳанбал Марвазий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий, Хайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқул Насафий ва бошқалар томонидан ҳам ҳадис тўпламлари тасниф этилган [2: 5].

IX асрда Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги ҳадис мактаблари ҳақида қизиқарли маълумотлар Абу Саъд Абдалкарим Самъонийнинг “Китоб ал-Ансоб” асарида келтирилган. Унда Марв шаҳридаги катта ҳадис мактаблари ва унда хизмат қилган буюк муҳаддислар тўғрисида зикр этилиб, сўнг Мовароуннаҳр шаҳарлари ҳақида сўз бориб: “IX-Х асрда Самарқанд вилоятларидан бири Иштихон шаҳрида Аҳмад ибн Ҳишом ан-Навқадакий ҳамда Довуд ибн Амр ар-Рустуғфарий ҳадис мактаблари, Нисо шаҳрида Аҳмад ибн Шуайб ан-Нисаий мактаби, Хўжандда – Яҳё ибн ал-Фадл ал-Хўжандий ҳадис мактаблари мавжуд бўлган ва улар ўз фаолиятларини олиб борган” [5: 155] деб келтириб ўтган.

Баъзи муҳаддислар Самарқандга келиб, муқим яшаб қолганлар ва шу шаҳарда ўз мактабларига асос солган. Жумладан, Абу Имрон Мусо ибн Абдуллоҳ Муаддиб Хўжандий (ваф. 907 й.) адиб, ҳаким, муҳаддис сифатида шуҳрат қозонган. Самъоний келтирган маълумотларга кўра, Абу Саъд Идрисий ўзининг “Самарқанд тарихи” китобида Мусо ибн Абдуллоҳ Хўжандийнинг Самарқанддаги мактабида бўлганлигини айтиб ўтган [8: 106].

Мовароуннаҳр шаҳарлари ичида Самарқанднинг ўзига хос ўрни бўлиб, бу ерга илм талабида турли ўлкалардан олимлар келар эдилар. Айримлар ўзлари учун керакли илмларни олиб, сўнгра ўз юртларига қайтсалар, бошқалари шаҳарда умрларининг охиригача қолганлар. Бу маълумотлар Самарқандда ислом илмлари жуда ривожланганлиги, шаҳар уламолариниг машҳурлик даражалари юқори бўлганлигини англатади.

Ҳадис илмининг Самарқанддан чиққан илк намояндалари сифатида Абу Муқотил ас-Самарқандий, унинг шогирди Абу Бакр Аҳмад ибн Наср ал-Атакий, икки ўғли – Салм ибн Ҳафс (ваф. 826 й.) ва Умар ибн Ҳафс (ваф. 834 й.)лар зикр этилади [7: 16].

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим қўйидаги хабарни Абу Азҳардан олганликларини айтиб, бундай дедилар: “Самарқандда тўрт юз ҳадис уламолари бор эди. Бир куни бир жойга тўпланишиб, етти кун (баъзи манбада тўққиз кун) давомида Имом Бухорийни имтиҳон қилишди. Мақсадлари ул кишини илми ҳадис борасида янглиштириб, мағлуб этиш эди. Шул боисдан улар Шомга мансуб ҳадислар иснодини Ироққа мансуб ҳадислар исноди билан ва Ироққа мансуб ҳадислар иснодини Шомга мансуб ҳадислар исноди билан ҳамда Маккага мансуб ҳадислар иснодини Яманга мансуб ҳадислар исноди билан алмаштириб қўйишди. Аммо улар ҳарчанд ўринишмасин на иснод ва на матн хусусида ул кишини заррача чалкаштира олмадилар” [4: 26-27]. Ушбу тарихий маълумотлардан шундай хулоса чиқариш мумкин бўлади. Бу воқеа IX асрнинг иккинчи ярмидан кейин бўлиб, Имом Бухорийнинг Самарқандга келиши умрининг охирги даврларига тўғри келади. Самарқандда Имом Бухорийни имтиҳон қилиб, буюк муҳаддис билан тенглаша оладиган ёки тенглашишга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддиснинг бир вақтда бўлишлиги ҳам Самарқандда ҳадис илмига бўлган қизиқиш ва ҳадис илмининг ривожланганлигига ишончли мисол бўлади. Мазкур келтирилган маълумотлардан аниқ бўладики, Мовароуннаҳрдаги ҳадис мактаблари ичида энг йириги Самарқанддаги  ҳадис мактаби ҳисобланган.

Манбаларда IХ асрда Шошда ҳам ҳадис илми ривожланганлиги таъкидланади. Улардан  Имом ал-Бухорий ва Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Форёбий (“Кичик Форёбий”)ларнинг устози Абдуллоҳ ибн Абу Ароба аш-Шоший (IX аср) ва Абу ал-Валид ат-Таёлисий ҳамда Сулаймон ибн Ҳарбларнинг шогирди Абу Мусо Ҳорун ибн Ҳамид аш-Шоший (ваф. 879 й.), унинг жияни Абу Али ал-Фазл ибн ал-Аббос ибн Абу Авона (ваф.899 й.) ва бошқалар ҳақида маълумотлар берилган [7: 57-58]. Бу маълумотлар Шошда ҳам ҳадис илми кенг ривож топганлигига ишончли манба бўлади.

Юқорида келтирилган маълумотлардан илмий хулоса олинадиган бўлса, ўрта асрларда Мовароуннаҳр диёрида ўзига хос ҳадис мактабига асос солиниб, ҳадисларни чуқур ўрганиш, уларни санад ва ровийлари тарихи билан боғлиқ маълумотлар ўрганиладиган муҳаддислик фаолияти кенг ривожланган. Дунёнинг кўп жойларидан илм ўрганиш мақсадида Мовароуннаҳрга келишган ва бу муқаддас диёр барча илмларнинг ўчоғи деб эътироф этилган. Бунинг натижасида диёримиздан кўплаб муҳаддис, муфассир, фақиҳ, олиму мутафаккирлар етишиб чиқиб, дунё илм-фан равнақига катта ҳисса қўшган.

Буюк аждодлар меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш масаласи бугун давлатимизнинг асосий вазифасига айланиб бормоқда. Бу борада Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг: “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир” [13] деб таъкидлаши бу соҳада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтирди. Бундан ташқари аждодларимиз тарихи ва бой маънавий меросни ўрганиш борасида қуйидаги қатор ҳукуматимиз қарорлари эълон қилинган:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси-нинг 2008 йил 23 майдаги “Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 875-сонли Қарори, 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2774-сонли Қарори [10], 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ -2855-сонли Қарори [12] ҳамда 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларида [11] буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий сингари юртимиздан етишиб чиққан алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ҳамда ноёб қўлёзма асарлар устида тадқиқотлар олиб борилиши белгилаб берилган.

Мазкур тадқиқотлардан асосий мақсад аждодларимиз бой маънавий меросидан жамиятимиз тараққиёти йўлида ва ёшлар тарбиясини камолоти учун фойдаланиш ҳамда дунёда юз бераётган хилма-хил қарашлар, ноҳақ бўлса-да, ўзини ҳақ қилиб кўрсатишга ўринаётган мафкураларга қарши курашишдан иборат.

Шукурилло УМАРОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдуҳалимов Б. “Байт ал-ҳикма” ва Ўрта Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004.
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Саҳиҳи Бухорий. Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида. – Т.: ЎМЭ, 2008.
  3. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Бағдодий. Ат-Тақйид ли-л-маърифати равоти-с-сунани ва -л-асонид. Ж.1.
  4. Алимов У. Имом ал-Бухорий баракоти. – Т.: Мовароуннаҳр, 2007.
  5. Камалиддинов Ш.С. Китоб ал-ансаб.
  6. Нажмиддин ан-Насафий Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд / Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд(дек ширин китоб) /. У. Темирхон ўғли ва Б. Набихон ўғли таржимаси. – Т.: ЎМЭ, 2001.  Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-д-Доримий (798/181-869/255  й.). Абд ибн Ҳумайд Кеший (786/170-863/249 й.)  билан бир даврда яшаб, ҳамкорликда иш олиб боришган.
  7. Рахимджанов Д.А. Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи маърифати уъламо Самарқанд” асари – Самарқандда ҳадис илми тарихи бўйича муҳим манба: тар. фан., номз… дис.автореф. – Т., 2003.
  8. Самъоний. Ал-Ансоб. Ж.3.
  9. Умаров Ш. Ўрта асрларда яшаган кешлик алломалар. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашрёти, 2014.
  10. “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2774-сонли Қарори 2017 йил 14 феврал.
  11. “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 2017 йил 24 май.
  12. “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ -2855-сонли Қарори 2017 йил 27 март.
  13. 2016 йил 18-19 октябрда бўлиб ўтган “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43 сессияси”даги Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …