Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛАНИНГ ЖАМИЯТ ВА ИСЛОМ ДИНИДА ТУТГАН ЎРНИ

ОИЛАНИНГ ЖАМИЯТ ВА ИСЛОМ ДИНИДА ТУТГАН ЎРНИ

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас даргоҳ ҳисоблаб келинган. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун, ҳар қайси даврга мувофиқ келган ҳолда, илоҳий кўрсатмалар нозил қилган. Оила нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати қадар даражага кўтарилган. Нега деганда, башариятнинг тириклиги, узлуксизлиги, муқаррарлиги оиладан бошланади. “Оила соғлом экан, жамият мустаҳкам ва мамлакат барқарор бўлади”. Оиланинг жамиятдаги ўрни тарбиявий, ахлоқий аҳамияти, қадр-қимматини англаб етмасдан, оилага миллат манфаати нуқтаи назаридан ёндашмай туриб, миллий тушунчаларни шакллантириб бўлмайди. Биргина, ватан туйғусини олайлик, ватанга муҳаббат одамнинг қалбида табиий равишда туғилади. Бундай туйғулар оилада вужудга келади, уни мажбуран сингдириб бўлмайди. Оилада вужудга келган бундай туйғулар инсоннинг ўз юртига бўлган муҳаббати, ўзлигини, насл-насабини билгани сари юрагида ватанига нисбатан ифтихор туйғуси илдиз отиб, юксала боради. Бу илдиз қанча чуқур бўлса, инсоннинг туғилиб ўсган ватанига бўлган муҳаббати ҳам чексиз бўлади. Кексаларимиз “Ватан остонадан бошланади” деб, бежизга айтишмаган. Инсон дунёга келибоқ, мана шу “оила” деб аталмиш муқаддас даргоҳда жамики, яхши-ёмон фазилат, меҳр-оқибат сингари туйғуларни сингдиради ва улғаяди. Муқаддас динимизда ҳам оила масаласига катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга катта эътибор берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда никоҳланиб оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” [3: 38].

Инсон ҳамиша эзгу ниятлар, орзу-умидлар билан яшайди. Бахтли ҳаётга эришиш одамзотнинг эзгу ниятларидан биридир. Халқимиз ана шу бахтни ота-онада, умр йўлдошида, фарзандида, бир сўз билан айтганда, оиласининг мустаҳкамлиги, тинчлиги, аҳил-иноқлигида кўради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда оиланинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: “Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” [3: 21].

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримизнинг суннатларидан бўлиб, у зот ўз ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб этганлар: “Никоҳланинглар, кўпайинглар, чунки қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман” деганлар[1: 599].

Қуръони карим ва динимизнинг бошқа таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида ва ахлоқий меъёрлардан бири эканлигини назарда тутган ҳолда, уни жуда қадрлайди.

Чуқур ўйлаб қарасак, оила дарёсининг тубида қанчалик ҳикмат, барака борлигини юзлаб ҳақиқатни тўлқинлантирувчи қадриятлар тилсимоти турганини аниқ кўрамиз. Шунинг учун ҳам кишининг имконияти бўла туриб, оила қурмасдан ёлғиз яшаши қораланади.

Оиланинг муаллимаси она бўлса, унинг посбони ва устуни ота ҳисобланади. Ота, фарзанд учун мустаҳкам таянч, ор-номус, келажак йўлидаги орзу-умиди, ҳақиқат ва адолат посбони ва ижтимоий меҳнат фаолияти билан, яхши ахлоқи, хулқи билан ўрнак, ҳар бир ишида устоз, саховат ва мурувват мактаби ҳисобланади.

Оилада отанинг таъсир кучи катта эканлигини фақат ёшлик йилларидагина эмас, балки улғайгандан кейин ҳам ҳис қиласан киши. Ўз отасини меҳрибон, ғамхўр, талабчан, одил инсон деб атай оладиган инсон бахтлидир. Бу дунёда фарзандга ота-онадек меҳрибон, ғамхўр киши топилмайди. Фарзанднинг дунёга келиб, ҳаётда ўз ўрнини топишида унинг алоҳида хизматлари бор. Ота оилани моддий жиҳатдан таъминлайди оиласи, фарзандлари яшаши учун уй-жой ҳозирлайди, устларига либос ва ҳалол ризқ топиш билан машғул бўлади. Фарзандларининг таълим-тарбияси билан ҳам шуғулланади, ҳам уйлаб-жойлашга ҳаракат қилади. Умуман олганда, ҳар бир оиланинг равнақи ва камоли йўлида энг кўп жон куйдирадиган киши ота ҳисобланади.

Оталар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Ўғил-қизларининг ахлоқ-одобини, илм-салоҳиятини такомиллаштириб дунёқарашини шакллантириб боради. Фарзанди дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликка кўксиларини қалқон қилишади. Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш ва қадрига етиш, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлиш, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туриш лозим. Чунки адолат мезони уларнинг бу ғамхўрлик ва хизматларини муносиб тақдирлашни тақозо этади.

Шу ўринда давлатимиз ва миллатимизнинг келажаги бўлган азиз ўқувчиларга оила ҳамда унга доир бурчлари тўғрисидаги кўрсатма ва тавсияларни миллийлигимизга айланган муқаддас динимиз тамойиллари асосида ёритишга ҳаракат қилдик.

Жамият ва оила моҳиятан бир-бири билан узвий боғлиқ. Оилада жамиятнинг туб моҳияти ўз аксини топади. Шу маънода, оилани кичик жамият дейиш мумкин. Ҳар бир жамият аъзоси оила бағрида вояга етади, ижтимоий муносабатларни ўзлаштиради ва инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга, меҳнатга тайёр бўлишда, оиланинг ўрни беқиёсдир. Оилани мустаҳкамлаш, жамият барқарорлиги ва қудратининг муҳим шартидир. Шу боисдан ҳам давлат оилани ўз ҳимоясига олади [4: 288].

Улуғ мутафаккирлар жамиятнинг маданий даражаси аёлнинг жамият ва оиладаги аҳволи, мавқеи билан белгиланишини алоҳида таъкидлаганлар. Соғлом, баркамол авлод тарбияси кўп жиҳатдан аёлнинг маънавий салоҳияти, билими, уддабуронлиги ва эркинлигига боғлиқдир. Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган қатор тадбирлар аёлнинг оила ва жамиятдаги мавқеи ва ролини кучайтиришга қаратилгандир. Оила муаммолари илмий асосда ўрганилганлиги ва уларни оқилона ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган республика “Оила” илмий-амалий марказининг ташкил этилганлиги ҳам давлатимизнинг оилавий муносабатларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор бераётганидан далолат беради.

Жамиятдаги маънавий-ахлоқий муҳитнинг соғломлиги кўп жиҳатдан оилавий маданиятга боғлиқ. Оила қандай бўлса, жамият ҳам шундай бўлади. Оилада эр ва хотиннинг мавқеи, оилавий муносабатлар характери турли халқларда турличадир. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида маънавият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, оила қадриятларини, энг илғор анъаналарни тиклашга қаратилгандир. Она ва аёлни эъзозланиши ўзбекона қадриятлардан биридир.

Оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия маконидир. Оиладаги ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимиз бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради. Иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади.

Биз билишимиз лозим бўлган нарсалардан, оиланинг муқаддаслиги ва бу оилада ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи, жуда улкан эканлигидир. Уни адо этиш жуда мураккаб, аммо шу билан савобда тенгсиз улуғ ибодатлардан биридир. Ота-она розилиги фарзанд учун икки дунё саодатига етказувчи энг асосий омил бўлиб, уларнинг хизматларида доим камарбаста бўлиб, яхшиликлар қилиб, дуоларини олган инсон, Аллоҳ таолонинг розилигига етади. Ислом таълимотидаги оила муқаддаслиги тўғрисидаги ғоялар оилавий муносабатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида, никоҳ фарзанд туғилишини қонунлаштириш мақсадида тузилган ўзига хос хусусий битимдир [5: 121]. Шунга кўра, ислом ҳуқуқида ҳар бир инсоннинг никоҳга кириш ва оила қуриш ҳуқуқи эътироф этилган ва кафолатланган.

Ислом динининг муқаддас манбаларидан бўлмиш Қуръон ва ҳадисларда ҳам одоб-ахлоқ, оилада эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, болалар тарбияси, оила юритиш, никоҳ ва муҳаббат масалаларига кенг ўрин берилган.

Қуйида Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад” ҳадислар тўпламидан бир неча мисоллар келтирамиз: “Тангри наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли-аёлига фойдаси кўп тегадиган кишидир” [2: 18] (18-ҳадис), “Одамлар ичида хотин кишига нисбатан ҳақлироғи унинг эридир. Эркак кишига нисбатан одамларнинг ҳақлироғи бу – унинг онасидир” (34-ҳадис), “Қачонки эр ўз хотинига ва хотин ўз эрига қарашса, Тангри ҳам уларга раҳмат назари билан қарайди, борди-ю кафтини кафтига қўйса, бармоқлари орасидан гуноҳлари дув-дув тўкилади” (44-ҳадис), “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир. Демак, ҳар бирларингиз масъулдирсизлар”(116-ҳадис).

Келтирилган маълумотлардан кўринадики, демак, диний манбаларда ҳам оиланинг муқаддас эканлиги, эркак ва аёлларнинг оила олдидаги бурч ва масъулиятлари, ота-онанинг фарзанд ва ўз навбатида фарзанднинг ота-онаси олдидаги вазифалари, эрнинг хотинига ҳурмат ва эъзози муқаддас қадриятлар сифатида қаралган экан. Демак, ислом динидаги оила муносабатларига тегишли кўрсатмаларда энг асосийси, оилавий ҳаётда тинч-тотувлик, инсонийлик, поклик, тартиб, одоб ва эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқларини поймол қилмаслигига эътибор бериб ҳаёт кечиришга ундалади. Ҳозирги кунда бутун замин узра миллиардлаб инсонларнинг тинчлик ва хотиржамликда яшаши масаласи, бу, авваламбор, ҳар бир оиладан ва унда барпо қилинаётган ўзаро тинчлик муомалаларидан бошланади.

Ирода ДАУРБЕКОВА
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қазвиний. Сунан ибн Можа. Дору-л-фикр. –Байрут. Ҳадис рақами 1863.
  2. Имом Бухорий. “Ал-адаб ал-муфрад” (Одоблар ҳазинаси. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф), Шарқ. –Т., 2008.18-ҳадис.
  3. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Раъд сураси, 38-оят мазмуни.
  4. Фалсафа асослари. –Т.: Ўзбекистон, 2005.
  5. Хидая: комментарий мусульманского права. Т.1. –Т., 1994.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …