Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ШОҲ АСАРИ – “АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ”ГА ЁЗИЛГАН ШАРҲЛАР

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ШОҲ АСАРИ – “АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ”ГА ЁЗИЛГАН ШАРҲЛАР

Тарихга назар ташласак, Мовароуннаҳр илми-маърифат ва маданият маркази бўлиб хизмат қилган даврдан бошлаб, шу заминдан кўплаб улуғ уламолар, мутафаккир аждодларимиз етишиб чиққанлигига уларнинг ўзлари келажак авлод учун ёзиб қолдирган илмий мерослари гувоҳлик беради.

Миллий қадриятлар, тарихий хотирани тиклаш ва мустаҳкамлаш, маънавий ва маърифий юксалиш билан бўлиб, бу жараёнда ўтмиш аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган илмий, адабий обидаларнинг ўрни беқиёсдир. Бу борада биринчи президент И. Каримов: “Энг муҳим вазифа шундан иборатки, ўзлигимизни теран англаб, мутафаккир боболаримиз, азиз авлиёларимиз қолдирган бебаҳо меросни асраб-авайлаб, янада бойитишимиз, улуғ аждодларимиз ишининг муносиб давомчилари бўлмоғимиз лозим”[4], – деган эди.

Айни вақтда Марказий Осиёда яшаган, ижод этган жаҳон цивилизацияси тараққиётига катта ҳисса қўшган олимлар ва мутафаккирларнинг маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни жамоатчиликка кенг етказиш мазкур ҳудуддаги янги жамият қуриш йўлида бораётган мустақил давлатларнинг ўз миллий мафкурасини яратиши йўлида аҳамиятлидир.

Диёримизда шундай улуғ мутафаккир боболаримиз яшаб ўтганларки, улар ўз даврлари учунгина эмас, балки келгуси авлодлар учун маънавий куч-қувват манбаси бўлган бебаҳо мерос қолдирганлар. Абу Наср Форобийнинг фалсафага доир, Хоразмийнинг ҳисоб илмига оид, Абу Али ибн Синонинг тиббиёт илмига оид, Абу Райҳон Берунийнинг аниқ фанлар ва тарихга оид, Алишер Навоийнинг адабий соҳаларга оид ва яна ўнлаб олиму фозил аждодларимизнинг илмий, адабий ва фалсафий мерослари ўз даврларидан кейин ҳам дунё халқларига йўл кўрсатиб келаётганлигини бугун жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда.

Бу улуғ бобокалонларимиз қаторида яна бир мўъ-табар сиймонинг номи ҳам ўрин олганки, унинг исми ва асарлари нафақат Шарқ мусулмон мамлакатларида, балки ғарб давлатлари учун ҳам ҳайратланарли даражада маълум ва машҳурдир. Бу – улуғ бобомиз Имом Бухорийдир.

Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти, у мерос қолдирган шоҳ асарлар даврлар оша ўз қадру қийматини йуқотмаган ҳолда қўлдан тушмай ўқилиб, тадқиқ этилиб келинмоқда.

У зотнинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизбаҳ Жўъфий Бухорийдир. Абу Абдуллоҳ у зотнинг куняси бўлиб, халқ орасида Имом Бухорий номи билан машҳур. Имом Бухорий ҳижрий 194 йил 13 шаввол ойининг (милодий 810 йил 20 июль куни), жума намозидан сўнг Бухоро шаҳрида таваллуд топди [11: 12, 7: 383].

Имом Бухорийнинг насл-насаби ҳақида фикр юритган тарихчилар у зотнинг учинчи бобоси Бардизбаҳнинг исмини баъзилар аслида Аҳнаф деб келтирганини қайд этганлар [2:649 650]. Сахий, қўли очиқ кишилар “Хотамтой” деб аталгани сингари, Аҳнаф деб одатда энг ақлли, доно кишиларга нисбат берилган.

Имом Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, унинг тарбияси волидаси зиммасида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга мо-йиллик тобора кучая бориб, у даставвал Ибн Муборак ва Вакийънинг ҳадисларга оид асарларини ёд олади.

Имом Бухорий ҳақида ёзган муаррихлар ва солномачилар унинг ҳусни-хулқлари зикр қилганларида, албатта, унинг қувваи-ҳофизаси ва хотирасининг кучлилигини алоҳида таъкидлаб кўрсатадилар. Чунончи, имом Бухорийнинг хотираси кучли бўлганлиги хусусида кўплаб ривоятлар мавжуд. Унинг устозлари Муҳаммад Бухорийнинг ёшлигидан Аллоҳ берган ноёб иқтидори ва қувваи-ҳофизасини сезиб, унга бир овоздан тан берганлар. Ёшлигидаёқ унинг ҳақида “ғоятда фозил инсон бўлади”, “довруғи эл орасида достон зот бўлиб чиқади”, деб айтган башоратлари тарих китобларида битилган.

Имом Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диё-натли инсон бўлиб, ғийбату ноҳақликлардан узоқ бўлган. У доимо “Ғийбат қилишлик ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман” [8:393], – деб таъкидларди.

Бухорий илм талабида ўша даврнинг илм марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаб, у жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис ва фиқҳ илмидан таҳсил олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва илм толибларига дарс ҳам беради.

Манбаларда келтирилишича, устозларининг сони тўқсонталар атрофида бўлган. Ўз навбатида Бухорий ҳам кўпгина шогирдларига устозлик қилган. Исҳоқ ибн Муҳаммад Рамодий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Муҳаммад ибн Халиф ибн Қутайба, Иброҳим Ҳарбий, Абу Исо Термизий, Муҳаммад ибн Наср Марвазий, Муслим ибн Ҳажжож каби етук олимлар унинг шогирдларидир.

Имом Бухорий доимо илм аҳллари-ю, илм толибларига, ҳатто устозлар ва муҳаддисларга ҳам моддий ёрдам кўрсатарди. Тижорат қилганда ҳар сафар ўзи кўраётган ойлик даромадидан фақиру мискинларга, илм толибларига сарфларди. Толиби илмларга маълум маблағлар ажратиб, уларни алоҳида қизиқиши, завқ-шавқ билан ҳадиси шарифларини ўрганишга рағбатлантирарди, аҳли илмга нисбатан ғоятда кўп эҳсон кўрсатарди.

Имом Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади. Ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад Зуҳалий Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва Хартанг қишлоғида қариндош-уруғлариникида бирмунча муддат яшайди, кейин оғир касалга чалиниб, 870 йил вафот этади ва шу ерда дафн қилинади. Абдуллоҳ ибн Адий у зотнинг вафотлари тўғрисида “Ҳасан ибн Ҳусайн Баззоз Бухорийнинг: “Имом Бухорий 256 йилда Рамазон ҳайити оқшомида шанба куни хуфтон намози вақтида вафот этди. Рамазон ҳайити куни пешин намозидан сўнг дафн қилинди. Бухорий ўн уч кун кам 62 ёшга кирди”, – деганини эшитдим” [7:463,9:38], дейди.

Тарихида ўчмас из қолдирган буюк муҳаддиснинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Имом Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, ижодий фаолияти давомида ёзган асарларнинг сони бизга маълум бўлгани, йигирма тўртта. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган мутахассисларнинг тадқиқотлари натижасида у зотнинг қаламига мансуб китобларнинг рўйхати тузилган. Улардан “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағийр”, “Ат-таърих ал-авсот”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Бирр ул-волидайн”, “Асоми ус-саҳоба”, “Китоб ал-куна” ва бошқаларни зикр қилиш мумкин.

Буюк муҳаддиснинг энг машҳур асари, шубҳасиз, “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”дир. Бу асар “Саҳиҳ Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди. Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони 7563 тадир[9:35]. Бу шарафли ишни биринчи Бухорий бошлаб берган бўлиб, кейин қатор олимлар унга тақлид қилиб, шу зайлда ҳадислар тўпламини яратганлар.

“Саҳиҳу-л-Бухорий” ҳадислар тўплами 97 китоб ва 3881 бобдан иборат бўлиб[1:670], ундаги барча ҳадислар сони, такрорийлари билан қўшиб ҳисоблаганда 7563 тадир[1:670]. Китобнинг ҳошиясидаги муаллақ ҳадислар 1391 та, бирор ҳадисга тобе бўлиб келган ҳадислар 344 та ва бу китобдаги барча ҳадислар адади 9082 тага етади [10:36].

Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари ислом дини таълимотларига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади. Бу асарнинг тўлиғича “Ал-жомиъ ас-саҳиҳи-л-муснад мин ҳадис Расулуллоҳ (с.а.в.) ва сунаниҳи ва аййамиҳи” [5:6] ёки бўлмаса, тарихчи Бадруддин Айнийнинг ёзишича, “Ал-жомиъ-л-муснади-с-саҳиҳи-л-мухтасар мин умури Расулуллоҳ (с.а.в.) ва сунаниҳи ва аййамиҳи” [4:61] деган номлар билан аталса-да, ҳадис илмида қисқача “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишончли тўплам), аксар ҳолда эса “Саҳиҳу-л-Бухорий” номи билан машҳурдир.

Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплами “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” мусулмонлар ахлоқ-одоби, ибодати, ижтимоий мезонларини белгиловчи манба ва умуминсоний қадриятлар намунасидир.

Уламолар томонидан ҳадисларни жамлашда қилин-ган ҳаракатлар натижасида юзлаб, балки минглаб нодир асарлар дунёга келган. Имом Бухорийнинг ушбу йирик асари ўша даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келинмоқда. Имом Бухорийнинг ушбу асарининг кўплаб нусхалари турли шаҳарларда тарқалган.

У кишининг “Саҳиҳу-л-Бухорий” китоби дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан энг мўътабар ҳадис тўплами сифатида эътироф этилган. Бундай баҳога сазовор бўлган ҳадис тўпламлари уламолар орасида “кутуб тисъа” (тўққиз тўплам) деб юритилади. Ушби китоблар ичида энг мўътабар энг машҳури “Саҳиҳу-л- Бухорий”дир.

Илму фазилатда беназир, ноёб ақл-идрок ва хотира ва тафаккур борасида Ислом оламида намуна дея эътироф этилган бу тўққиз буюк муҳаддис, мутафаккир зотларнинг “Саҳиҳ тўққизлик” китоблари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бошчилигида юртимиз уламолари томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, “Олтин силсила” рукни остида кўп жилдлик қомусий тўплам шаклида нашр этилмоқда. Қомусий тўпламда ҳадис ва ҳадис илми оид турли маълумотлар, буюк муҳаддислар ҳаёти ва илмий мероси, Имом Бухорий ва унинг машҳур асари “Саҳиҳу-л-Бухорий” ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Бошқа асарлар каби “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”га ҳам кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган.

Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”га бағишланиб, араб тилида жуда кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган бўлиб, улар ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Қатор манбаларда  келтирилишича, уларнинг сони юзга яқиндир.

Муҳаммад Исом Ҳусаний “Итҳафул қорий би маърифати жуҳуд ва аъмал ал улама ала саҳиҳи-л-Бухарий” асарида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳу-л-Бухорий” асарига бағишлаб 370 га яқин мухтасар ва тўлиқ китоблар ёзилганлгини таъкидлайди. Ҳадисшунос олим У. Уватов тадқиқотларида 80 дан зиёд шарҳлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида қимматли мухтасар маълумотлар келтирган. “Кашфуз-зунун” соҳиби Ҳожи Халифа 50 га яқин шарҳ ёзилган дейди. Германиялик шарқшунос олим эса “Араб адабиёти тарихи” номли китобида 43 та шарҳ битилганлигини маълум қилган. Шунингдек, Фуад Сезгин асарида 56 та шарҳни санаб ўтган.

Имом Саховий “Умдату-с-самеъ вал қорий” номли китобида 40 дан зиёд “Саҳиҳу-л-Бухорий” китобига Муҳаммад ибн Муҳаммад Хатобий томонидан “Аъломус сунан”, Абул Ҳасан Али ибн Халаф томонидан “Шарҳ саҳиҳул бухорий”, Муҳаммад ибн Саид Воситий томонидан “Шарҳ мушкил бухорий”, Имом Нававий томонидан “Шарҳул бухорий”, Муҳаммад ибн Баҳодир Заркаший томонидан “Ат-танқиҳ фи шарҳ ал-жомиъ-ас-саҳиҳ”, Ибн Ҳажар Асқалоний томнидан “Фатҳул борий”, Маҳмуд Айний тонидан “Умдатул қорий” ва Нажмиддин Аби Ҳафс Умар Насафий томонидан “Ан-нажаҳ фи шарҳ китаб ахбарис сиҳаҳ” [6:15 19] номли шарҳ ва ҳошиялар ёзилганлигини таъкидлаган.

Ҳадисшунослик йўналишида Имом Бухорий ҳаёти ва унинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари борасида У. Уватов, Н. Иброҳимов, Ф. Сезгин, М. Шахт, Д. М. Ермаковлар ва бошқа ўзбек ва рус олимлари томонидан тадқиқ этилган.

Бугунги кунда ёш тадқиқотчилар учун Ислом динининг асл манбаларини, ватанимиздан етишиб чиққан буюк уламоларимизнинг илмий меросини ўрганиб уларни омма эътиборига кенг ёритиб бериш учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Шу ўринда бу имкониятлардан фойдаланган диёримиз ёш олимлар Мовароуннаҳр диёрида яшаб ижод қилган муҳаддис, муфассир, фақиҳларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб, таржима қилиб, уларни кенг жамоатчиликка ҳавола қилмоқдалар.

Зеро, умуминсоний маданият ва билимларни юксалишида бу каби алломаларнинг хизматлари беқиёсдир. Муқаддас китобларимизда келтирилган ҳикматларни изчил ўрганиш ва ижтимоий, маънавий ҳаётимизга татбиқ этиш, халқимиз онгига чуқур сингдириш – долзарб вазифадир. Илму маърифат, маънавий қадриятларимиз, тарихий, маданий меросимиз, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида тўла маълумот беришимиз ҳозирги давримиз учун жуда муҳимдир. Бу борада буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг серқирра фаолиятлари, илмий меросларини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва ёшлар тарбиясига йўналтириш муҳим аҳамият касб этиб, жамиятимизда мавжуд маънавий муҳитни янада юксалтиришга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ал-кутуб-с-ситта. – Риёз. Дору-с-салом, 2000.
  2. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Халликон. Вафоёт ал-аъён ва анбааъу абнааъу-з-заман. – Ж. 1. – Байрут: Дору-с-содир, 1994.
  3. Доктор Юсуф Қаттоний. Рубоъиёт ал-имом ал-Бухорий.
  4. Каримов И. Оллоҳ қалбимизда юрагимизда. – Т.: Ўзбекистон, 1999.
  5. Ибн Ҳажар Асқалоний. Ҳадию-с-сорий. – Байрут: Дарул маърифа.
  6. Имом Саховий. Умдату с самеъ вал қорий фи фаваид Саҳиҳ ал-Бухарий. Авлад шайх, 2003.
  7. Шамсиддин Заҳабий. Сияр аълам ан-нубало. Ж.12/171. – Байрут: Муассаса ар-рисола,1985
  8. Абдулҳай Лакнавий. Ар рафъ ват такмил фил жараҳи ват таъдил. – Қоҳира: Даруссалам.
  9. Шайх Муҳаммад Содиқ. Олтин силсила. Ж.1. – Т.: Ҳилол нашр, 2016.
  10. Шамсиддинхон ибн Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон. Сиҳоҳу-с-ситта. – Ўзбекистон, 1986.
  11. Шайх Абуссалом Муборакфурий. Имом ал-Бухорий. – Т.: Тошкент ислом университети, 2008.
Барот АМОНОВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
мутахассиси

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …