Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ИЛМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

ТАСАВВУФ ИЛМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

Тасаввуфга асос солган тарки дунёчилик тасаввуфий кайфиятлар ислом дини билан деярли бир вақтда пайдо бўлади. Ҳар қалай, Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг айрим сафдошлари Абу Дардо, Абу Зарр, Ҳузайфа (VII асрнинг иккинчи ярмида вафот этганлар) сингариларга ана шундай кайфият хос бўлган, деб ҳисоблайдилар. Бироқ исломдаги зоҳидлик оқими тахминан VIII асрнинг ўрталари – IX асрнинг бошларида шакллана бошланган дейиш тўғридир [1: 454-457]. Одатда, бу оқимга ҳадисларни тўпловчи (муҳаддислар) орасидан чиққанлар, сайёр бахшилар ва насиҳатгўй воизлар (қуссос), қорилар, жиҳод қатнашчилари (Византия билан чегара уришлари назарда тутилмоқда), тақводор ҳунармандлар ва савдогарлар, шунингдек, ислом динини қабул қилган насронийларнинг бир қисми қўшилган.

Исломда зоҳидлик анъаналари пайдо бўлиши ривожланишининг сабабларини орасида мусулмон жамоаси яшай бошлаган дастлабки икки асрдаги ижтимоий-сиёсий ихтилофлар, чуқур ғоявий-маънавий изланишлар билан давом этган диний ҳаётнинг умумий мураккаблашуви, бошқа диний-фалсафий тизимларнинг, биринчи навбатда христианликнинг таъсирини кўрсатиш мумкин. Илк сўфийлик, аниқроғи зоҳидлар тарки дунё қилганларнинг ўзига хос хусусияти Қуръон матни мазмуни устида мушоҳада қилиш, кундалик ҳаётда илоҳий китоб ва пайғамбар ҳадислари кўрсатмаларига қатъий риоя этиш, кўп марта қўшимча намоз ўқиш, бедорлик ва рўза тутиш, ҳар қандай дунёвий нарсалардан юз ўгириш, кундалик ҳаётда тақволи бўлиш, хусусан, рухсат этилган нарсалар билан ман қилинган нарсаларни қатъий ажратиш, дунёвий ва ҳарбий ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан воз кечиш, ўзини тақдири илоҳийга топшириш (таваккул) кабилар бўлган. Шунингдек, фақирликни улуғлаш, охиратни ўйлаш ва тавба қилиш кайфияти, берганига шукр қилиш, азоб-уқубатларга сабр-тоқатликдан эди. Сўфийлик таълимоти инсон қалбидаги энг нозик ўзгаришларни чуқур мулоҳаза билан ўрганиш, одамлардаги ботиний туйғуларга ҳамдард бўлишга ўргатади. Шу сабабли тасаввуф асосчиларидан бири нозик руҳшунос, “қалб ва фикрлар” ҳамда инсоний ниятлар тўғрисидаги “фан”нинг яратувчиси Ҳасан Басрий ҳисобланиши бежиз эмас. Басралик зоҳидлар Ҳасан Басрийнинг шогирдлари ва издошлари Рабоҳ ибн Амр, Робия Адавия, Дароний (VIII аср охири – IX аср боши)ларнинг даъват ва хутбалари кишида Худога астойдил муҳаббат, унга яқинлашишга интилиш туйғуларини пайдо қилди. Ўша пайтдан бошлаб сўфийлик ғоясининг ўзига хос хусусияти ва фарқли белгиси бўлиб қолди. IX аср давомида тасаввуф назарияси ва амалиёти иш олиб борилди. Бир қанча сўфийлик мактаблари пайдо бўлди, улар орасида Басра мактабидан ташқари Бағдод ва Хуросон мактаблари бир мунча таъсирга эга эди. Уларнинг вакиллари инсон ва унинг Худога муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги таълимотни яратдилар. Руҳий камолотга эришиш йўлларини кўрсатиб бердилар. Бу йўл 4 босқичдан иборат: 1 босқич – шариат. Бунга кўра, тасаввуф аҳли, аввало, шариатнинг барча талабларига бўйсуниши керак. Шундан кейин 2 босқич – тариқатга кўтарилиш мумкин. Бунда муридлар ўз пирлари – муршидларга итоат этиши, ўз шахсий истакларидан воз кечиши шарт. Бу босқичдан ўтганлар юқорироқ, 3 босқич – маърифатга кўтариладилар, бунда коинотнинг бирлиги Худода мужассам бўлиши, яхшилик ва ёмонликнинг нисбийлиги ақл билан эмас, қалб билан англаб етилади. 4 босқич – ҳақиқат ҳисобланиб, зоҳид “шахс сифатида тугаб” “ҳақиқат”га, Худога етишади, унга сингиб кетиб абадийликка эришади. Бунга сўфийлар махсус руҳий ва жисмоний ҳаракатлар сиғиниш ва ибодат орқали интиладилар. Сўфийлар Худога етишиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари, шариат томонидан буюрилган амалларни бажаришдан бош тотишлари туфайли гоҳ-гоҳида маъмурлар таъқибига ҳам учраб турадилар (Тустарий, Ҳаким Термизий, Нурий) [3].

Кейинчалик ушбу хайрли ҳаракат бўлмиш тасаввуф тизимланиб, такомиллашиб борди. Илк даврларда таркидунёчилик, художўйликка эътибор содда ва лўнда тарзда шаклланиб, бу борада асарлар яратилган бўлса, XI асрдан художўйлик қилиш бўйича алоҳида услублар, йўллар ишлаб чиқила бошланди ҳамда тариқатлар юзага келди. Бу пайтда тизимланган тариқатлар асосини илгариги зоҳид ва мутасаввифларнинг Қуръон ва суннани тушунишлари, ҳикматли қарашлари ва ҳаёт йўллари ташкил этди. 

Мовароуннаҳрлик алломалар Ислом динининг барча илмий соҳалари бўйича илғор фаолият олиб бориб, тасаввуфда ҳам бутун ислом олами учун қадрли бўлган тариқатларга асос солдилар. Гарчи Мовароуннаҳр жўғрофий жиҳатдан ислом ўлкаларининг чеккасида жойлашган бўлса ҳам илмий-маърифий жиҳатдан ислом оламининг маркази эди.

Шунинг учун бу ўлкага илмий сафар уюштириш ўрта асрларда кечган табиий ҳол эди. Юртимизда шаклланган нақшбандийлик тариқатининг асоси бўлган Хожагон тариқати Бухорода фаолият олиб борган Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг (1048-1140) фикр ва тушунчалари асосида шаклланиб, такомиллашди [1: 642].

Машҳур мутасаввиф Ҳусайн мансур Ҳаллож “Анал ҳақ” (мен ҳақ, мен худо) дегани учун Бағдодда халифа томонидан дорга осилди (921). Ўз юрти Табаристонда катта обрў қозонган Абу Язид Бистомий ҳам шаккокликда айбланиб, қатл этилган эди (873). Тасаввуфга суннийларнинг раҳнамолари томонидан бундай муносабатда бўлиш уларни эҳтиёткорликка, муросали йўллар излашга мажбур этди. Улар Қуръон ва Суннага содиқликларини эълон қилавердилар, “тийиқсиз” сафдошларининг кескин фикрларидан узоқлашиб, ўз маслакларини ниқобладилар. Бағдодлик Жунайд (ваф. 910 й.) ана шундай мавқеда турган сўфий эди. У “мўътадил” деб аталган сўфийлик анъанасини бошлаб берди. Бундай анъана тарафдорлари кейин “кескин” ёки “эстетик” сўфийлика қарши турди. Илк тасаввуфнинг ижтимоий асосини асосан шаҳарликлар: майда савдогарлар, ҳунармандлар ва ҳ.к. ташкил этган эди. Улар ичида диний таълимот олганлари кўп учрамасди, шундай бўлсада, ўзларини “сўфийлик фани” назариётчилари деб билардилар.

Тасаввуфнинг илк босқичидаёқ маънавий устоз (шайх, муршид, пир) раҳбарлигида сўфийлик назарияси ва амалиётини эгаллаш муҳим ҳисобланган, бусиз бошловчи сўфий (мурид) ақл-хуши ва соғлиғини йўқотиши мумкин эди. Шайхга бутунлай бўйсуниш, барча диний ва дунёвий масалаларда унинг обрўсини тан олиш талаби уни мурид кўз ўнгида бошқа одамлардан устун қилиб қўярди. Йирик сўфий устозларни валий деб атай бошладилар. Бунда шиаларнинг имомлар тўғрисидаги таълимотининг таъсирини кўриш мумкин. Муридлар, уларга эргашиб оддий халқ бу одамларнинг “адашмаслиги”, Аллоҳ назар қилганли, каромат кўрсатишга, пайғамбарга келган ваҳийларнинг “яширин” маъносини изоҳлаб беришга қодирлиги, Худо билан бевосита алоқа қила олиши ҳақида гапира бошладилар. Одатда муридлар турли жойлардан келган бўлиб, ўз маконларига қайтиб борганлар, у ерда сўфийлик тўгараклари ва манзиллари (зовия, ҳонақоҳ) ташкил қилиб, ўзлари шогирд тайёрлай бошлаганлар. Буларнинг ҳаммаси тасаввуфнинг тез тарқалишига олиб келган.

X аср охири – XI аср бошларида тасаввуфга оид китоблар ёзилди. Улар орасида Абу Наср Сирраж ( ваф. 988 й.) [2: 132-135], Калободий (ваф. 990 ёки 995 й.) [2: 138-140], Абу Толиб Маккий (ваф. 996 й.) [2: 135-138], Суламий (ваф. 1021 й.) [2: 140-143] кабиларнинг бизгача етиб келган асарлари бор. Бу муаллифнинг тасаввуфга доир билимларни тартибга солдилар, сўфийлик истилоҳларини тушунтириб бердилар. Тасаввуфни изчил ислом таълимоти билан яқинлаштириб, уни кейинчалик расмий таълимот сифатида тан олинишида Ғаззолий (ваф. 1111 й.), Абдулқодир Гилоний (Жилоний)нинг (ваф. 1161 й.) хизмати катта. XII ўрталари – XIII аср бошларида сўфийлар ташкил этган зовияларда, хусусан, шаҳарларда тасаввуф тариқат (сулук)лари вужудга кела бошлади. Бағдодда пайдо бўлган дастлабки Суҳравардия ва Қодирия тариқатлари бутун мусулмон оламига тарқалди.

Тасаввуф арабча “жун” киймоқ маъносидаги бир сўздир. Банда билан Аллоҳ орасидаги эҳсон воқелигини амалга ошиши қулни эҳсон хусусиятини қозониш йўлларини кўрсатган бир илмдир. Ботиний фиқҳда айтилади: тасаввуфни мингдан ортиқ таърифи мавжуддир. Ҳар сўфи ичидан топган ҳолда таъриф берган. Биз “Қуръон каримни ҳазрат пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам каби ҳаракат қиламиз” шаклида, кўринишида қила оламиз. Арзурумлик Иброҳим Ҳаққига кўра эса тасаввуф бир илмни Жаноби Ҳақни сифатларидан ва унга қандай эришиш мумкинлиги тўғрисида гап боради. Бандани, бу илмини ўрганишга ундаган Аллоҳ севгисидир. Қалбидан Аллоҳдан бошқасини тозалаган сўфий бу илмни ўрганади. Кишини Аллоҳдан бошқага бўлган севгига қалбидан олиши ва кўнглини ёлғиз Аллоҳга, Жаноби Ҳақни муҳаббатига боғлашдир.

Бир бошқани танимоқ билан ёмон аҳволни ўзгартириб, энг гўзал ахлоқни ўзига олиши, қабул қилиши, доимо ва ичидан келган бир туйғу билан Аллоҳни зикрида давом этиш ва бу йўлда уни ҳузурига боришдир. Тасаввуф Ислом динининг жуда кўп ахлоқ ҳақида бахс этган, инсонни комил инсон бўлишига ва шу билан бирга жамиятнинг энг яхши, фозил жамият бўлиши мақсади қилган бир тизимдир. Қилинган таърифларда сўфийнинг табиати ва характери ижтимоий ҳолати, айни вақтда аввалги ҳаёти ҳам таъсирли бўлгандир.

Юқоридаги Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуфий тамойиллари таркидунёчиликни тартибга солишга қаратилганини кўрсатади. У энг аввало таркидунёчилик тушунчаси бу – дашту биёбонларга чиқиб, Аллоҳга яқин бўлиш эмас, балки халқ ичида бўлиб, тақво, зикр, тоат-ибодатда бўлиш ва касб-кор билан шуғулланиб, Аллоҳга яқинлашиш эканлигини ўз издошларига тушунтиришга ҳаракат қилган [1: 454].

Шундай қилиб, юртимизда шаклланган ва Юсуф Ҳамадоний томонидан пойдевори қўйилган Хожагон тариқати асрлар давомида шарт-шароитларга мослашиб, такомиллашиб борди ҳамда диёримизда кенг тарқалган яссавийлик, нақшбандийлик каби тасаввуфий тариқатларнинг шаклланишига салмоқли таъсир кўрсатди.

Робия ЗИЁДОВА
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ислом энциклопедияси. Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида. Масъул муҳаррирлар: Ҳасанов Ф., Исломов З. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.
  2. Кныш А.Д. Мусульманский мистицизм. Краткая история. Москва – Санкт-Петербург: Диля, 2004.
  3. Усмонов И. Ҳаким Термизий. Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014.

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …