Home / ЯНГИЛИКЛАР / МУСУЛМОНЛАР АҲЛИ СУННА, ХУСУСАН, ИМОМ МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИГА АМАЛ ҚИЛГАН ПАЙТДА ЭНГ ЮКСАК ВА ЭНГ ИЛҒОР УММАТ БЎЛИШГАН!

МУСУЛМОНЛАР АҲЛИ СУННА, ХУСУСАН, ИМОМ МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИГА АМАЛ ҚИЛГАН ПАЙТДА ЭНГ ЮКСАК ВА ЭНГ ИЛҒОР УММАТ БЎЛИШГАН!

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори янги Ўзбекистонимизда диний-маърифий соҳа ривожига қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилаётганини амалдаги ифодаси бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Ислом цивилизацияси ривожига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган Абу Мансур Мотуридийдек буюк аждодларимиз меросига юртимизда қилинаётган бундай эътибор бутун ислом оламини ҳамда шу соҳа мутахассисларини қувонтирди.

Марказнинг ташкил этилиши буюк аждодимиз, “Ҳидоятга бошловчи имом” ва “Мутакаллимлар имоми” каби юксак номлар билан эътироф этилган Абу Мансур Мотуридий мероси ва таълимоти асосида ҳозирги кунда долзаб бўлган ақидавий масалаларга ечим топишда муҳим роль ўйнайди. Чунки мотуридийлик таълимотининг соф ислом ақидаси ғоя ва қарашларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, бугунги кунда диний мутаассиблик ва ақидапарастлик билан йўғрилган ёвуз ғоялар бу борада етарли билимга эга бўлмаган минглаб инсонлар, айниқса, ёшларни ўз тузоғига илинтираётган мураккаб даврда уларнинг ботил ғояларига “Жаҳолатга қарши – маърифат” билан жавоб беришда ғоявий қурол вазифасини ўтайди. Шунингдек, бугунги кунда кишиларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилишда, Мотуридий каби алломаларимизнинг муқаддас ислом динининг асл инсонпарварлик, ва бағрикенглик каби моҳиятларини етказишга қаратилган меросини ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Имом Мотуридий каби алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш бизга ҳар томонлама фойдалидир. Зеро, мусулмонлар аҳли сунна эътиқоди, хусусан, Имом Мотуридий таълимотига амал қилган пайтларида энг юксак ва энг илғор халқлар бўлишган. Шунинг учун ҳам Имом Мотуридийни танқид қиладиган одам бўлмаган. Кейинги 100 йилликларда бу таълимотни тарк қилган мусулмонлар ҳаётнинг барча жабҳаларида орқада қолиб кетдилар ва бу қолоқликнинг масъулиятини ўзларидан соқит қилиш учун Имом Мотуридий каби ота-боболарининг илмий меросларини танқид қилишга тушиб кетдилар. Бунинг ҳаммаси улар Имом Мотуридийнинг таълимотини яхши англаб етмаганлари тушунмаганлари ва чуқур ўрганмаганлари учундир.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директор ўринбосари

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …