Home / МАҚОЛАЛАР / ЖОРЖ ТОМСОН ҲАМДА РEЙНОЛД ҲОГНИНГ БУХОРО ВА ХИВАГА “ТИЖОРАТ САФАРИ”

ЖОРЖ ТОМСОН ҲАМДА РEЙНОЛД ҲОГНИНГ БУХОРО ВА ХИВАГА “ТИЖОРАТ САФАРИ”

Европа давлатларининг XVIII асрда Хива ҳамда Бухоро хонликлари билан савдо ва иқтисодий муносабатлар ўрнатиш мақсадида Ўрта Осиёга юборилган савдогарлар гуруҳи Жорж Томсон ҳамда Рейнолд Ҳогдан ташкил топган эди[1: 254]. XVIII асрдан бошлаб, инглизларнинг “Москва” (Рус) савдо компанияси ўз иқтисодий манфаатларини кенгайтириш мақсадида Каспий денгизи атрофларидаги савдо муносабатларини ўз қўлига олишга улгурган [2: 56]. Савдо компанияси савдо иқтисодий муносабатлар ортидан жосуслик фаолиятини ҳам йўлга қўйган бўлиб, Ж.Томсон ва Р.Ҳог Каспий денгизи ва унинг атрофидаги савдода “Москва” савдо компаниясининг таъсирини янада кучайтириш ҳамда ушбу ҳудудлар ҳақида кўпроқ маълумотлар тўплаш учун юборилган савдогар қиёфасидаги жосуслар эдилар. Аслида, XVIII асрга келиб “Москва” компанияси ўз фаолиятини Каспий денгизида инглиз савдо флотини яратишга бағишлаган бўлиб, бу жараёнда ушбу миссия муҳим аҳамиятга эга эди[2: 69].

Жорж Томсон ҳамда Рейнолд Ҳог 1740-йилда Бухоро ҳамда Хива хонлигига Россия ҳудудлари орқали кириб келиб, ўзларини савдо-сотиқ мақсадида ўлкага саёҳат уюштирган савдогарлардек тутсаларда, уларнинг тўплаган маълумотларидан инглизлар учун муҳим маълумотлар етказиб турувчи жосуслар бўлганликларини сезиш мумкин. Мазкур жараёнда ушбу “савдогарлар” Хива ҳамда Бухоро хонликларининг савдо-сотиғи, савдо ва карвон йўллари, хонликларнинг ижтимоий-сиёсий ҳолати ҳақидаги маълумотларни тўплаганлар. Жумладан, “хиваликлар фақат Бухоро ва Эрон билан чорва маҳсулотлари, жун ва тери савдосини олиб борадилар. Хива хонлиги аҳолиси мануфактура хўжалиги учун пахта, жун, оз миқдорда ипак етиштиради,” – деган хулосага келганлар[2: 56].

Ж.Томсон ҳамда Р.Ҳог ўзларининг Марказий Осиёга саёҳатларини Санкт Петербургдан бошлайдилар. “1740-йилнинг 26-февралида биз Санкт Петербургдан оз миқдордаги маҳсулотлар билан шу йилнинг қиш фасли келгунига қадар ортга қайтишни режа қилиб йўлга чиқдик”[1: 254]. Улар саёҳатлари давомида бир қатор Россия империясининг муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик шаҳарлари: Москва, Владимр, Муром, Арсамас, Самара шаҳарларида бўлган вақтларида ўзлари учун муҳим бўлган маълумотларни қайд этиб борганлар. Бундай маълумотлар сирасига шаҳарлар орасидаги масофалар, маҳсулотларнинг қиймати ва зарурий ўлчов бирликлари ва тафовутлари ҳамда хариталарни киритиш мумкин. Савдогар-жосуслар Россия империясининг шарқий ҳудудидаги йирик савдо шаҳри Самара шаҳри ҳақида шундай ёзадилар: “Биз Волга дарёсининг шарқий қисмида жойлашган Самара шаҳрига апрел ойининг 6-санасида (1740-йил) етиб келдик, ушбу шаҳар марказ Санк-Петербургдан 1800 верст (1 верст=1609 метр) узоқликда жойлашган”[1: 255].

Самара шаҳридан сўнг улар 300 верст узоқликдаги Урал (Ёйиқ) ҳудудида, казаклар ва татарлар ўлкасида бўладилар. Савдогарларнинг берган маълумотларига қараганда казаклар ва татарлар мазкур даврда империянинг қарамлигида бўлган. Улар европалик савдогарлар сафар давомида йўлдан адашмасликлари учун уларга қозоқ татарлари икки кишини йўл кўрсатувчи сифатида бириктирадилар[1: 255]. Бу даврда Каспий денгизида савдо кемалари қатнови жуда серқатнов бўлиб, Жорж Томсон ва Рейнолд Ҳог савдо кемаларининг бирини ижара олган ҳолда Каспий денгизидан сузиб ўтадилар.

Ж. Томсон ҳамда унинг ҳамроҳи Р. Ҳог Хива ҳамда Бухорога мазкур ҳудуд савдосини ўрганиш ва “татарлар” ҳақида қимматли маълумотларни тўплашни мақсад қилганлар, аммо уларнинг сафари Эрон ҳукумдори Нодиршоҳниг (1722-1747) Бухорога ва Хива хонликларига ҳужум қилган даврга (1740-йил) тўғри келиб қолади. Уруш туфайли ҳудуддаги нотинчлик ижтимоий-иқтисодий муносабатларга, шу билан бир қаторда савдо-сотиқ ишларига ҳам салбий таъсир кўрсатади, аҳолининг харид қуввати пасаяди. Шунинг учун бу ҳудудлардаги хорижий савдогарлар ўз молларини иложи борича тезроқ сотиш ва бу ерларни тарк этиш учун ҳаракат қилганлар. …Шу туфайли компания вакиллари ўзлари билан олиб келган инглиз молларини форс ва маҳаллий савдогарларга сотишга мажбур бўлганлар. Шунингдек, шоҳнинг (Нодиршоҳ – С.И.) рухсати билан ўз молларини форс аскарларига сотганлар[4: 195].

Юқорида савдо масалалари келтирилган бўлсада, уларнинг асл мақсади Марказий Осиё ҳудудини ўрганиш ва сиёсий вазиятдан Англия ҳукуматини бохабар қилиш эди[5: 6]. Марказий Осиёни ўрганиш мақсадида яратилган китоблардан яна бири Жон Голсмиднинг “Илмий иш: Марказий Осиё ва саволлар” (Central Asia and its question: being a paper) [5: 7] ҳисобланади. Унда ёзилиши­ча инглизлар Рус ерларидан Марказий Осиё, Ҳиндистон ҳудудларини ўрганиш ишларини олиб борганлар. Жумладан, “Марказий Осиё бу даврда Туркистон деб аталар эди, бу ҳудуд Каспий денгизининг шарқида жойлашган ва Хитойнинг ғарбий ҳудудларига қадар чўзилган. Марказий Осиё ғарбида Хива, Бухоро, Қўқон хонлиги, Ёркент ҳудудларини ўз ичига олган [5: 4].

Бундан ташқари мазкур асарда юқоридаги санаб ўтилган ҳудудлар, шу жумладан, Хива хонлиги ҳудудига сафар уюштирган сайёҳлар ва савдогарлар бирин-кетин санаб ўтилади. Хусусан, Антоний Женкисон, Ҳерман Вамбери, Жеймс Аббот, Шекиспир кабилар қаторида Жорж Томсон ҳамда Рейнолд Ҳог ҳам қайд этилган[5: 7]. Ушбу савдогарлар ҳақида Jonas Hanway (Иосиф Ханвей) (1712-1786-йиллар) ҳам қисқача маълумотлар берган[6: 256].

Маълумотларга кўра, бошқа савдогарлар қаторида Томсон ва Ҳогг ҳам хонликлар ҳудудидан тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қиладилар. Аммо, улар ўз сафарлари бошида ёзиб қолдирганларидек, уларнинг сафари қиш мавсумигача чўзилади, “Москва” савдо компаниясининг жосуслари Хивада 1740-йил 15-декабрга қадар қолиб кетадилар [6: 256]. Жосуслик фаолиятини савдогарлик билан ниқоблаган “савдогарлар” Хива хонлигида уруш бўлаётган бир вазиятда, ўз молларини арзон нархда сотиш билан чегараланибгина қолмай, насияга сотишга ҳам мажбур бўлган. Вазият бироз юмшагач Р.Ҳог насия пулларни йиғиб, Оренбург орқали ортига қайтар вақтида Қозоқ чўлларида кўчманчиларнинг ҳужумига дучор бўлиб, бор-будидан айрилади [2: 56]. Хива хонлиги ҳақида етарли маълумотларни тўплаган Жорж Томсон мазкур хонликнинг қўшни Бухоро хонлиги билан ҳам иқтисодий ҳам сиёсий муносабатлари қай даражада эканлигини билиш мақсадида Бухорога боради. У савдо юзасидан шундай фикрларни келтиради: “Бухоронинг савдоси ҳарбий ҳолат муносабати билан, аввалгидан ёмонлашган. Улар, асосан, пахта, тери, гуруч, чорва маҳсулотлари, оз миқдорда юпқа газлама тайёрлайдилар ва буларнинг бари Эрон ва Хивага сотилади [2: 56]”.

Юқоридаги фикрлар асосида шундай хулосага келиш мумкинки, Бухоро, Эрон ва Хива давлатлари ўртасида савдо муносабатлари XVI-XVII асрларда қизғин кечган, аммо айни даврда Эрон ва Бухоро давлатларининг сиёсий муносабатлари ёмонлашган.

Собиржон ИСОҚОВ,
 Наманган давлат университети талабаси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Islamic Central Asia: An Anthology of Historical Sources Scott Cameron Levi, Ron Sela Scott C. Levi, Ron Sela Indiana University Press, 2009.
  2. Эрқўзиев Анваржон, Ўрта Осиё ва Ғарбий Европа ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва савдо йўллари тарихи. –Т.: Янги нашр, 2014.
  3. Веселовский Н. И. Очерк историко-географических сведений о Хивинском ханстве от древнейших времен до настоящего. – СПб., 1877.
  4. Col. Sir Frederic John Goldsmid B.C., K.C.S.I Central Asia and its question: being a paper. LONDON: Edward Stanford, 6&7. Charing Cross 1873 y.
  5. Lady Mary Leonora Woulfe Sheil, Glimpses of Life and Manners in Persia.  (fl.1860). With Additional Notes by Sir Justin Sheil, Knight General and Diplomat (1803-1871). London: John Murray, Albemarle Street, 1856.

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …