Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБИ ТЎҒРИСИДА УЛАМОЛАР ФИКРЛАРИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБИ ТЎҒРИСИДА УЛАМОЛАР ФИКРЛАРИ

Ҳадис илмининг султони буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганар эканмиз, унинг турли илм-фан йўналишларида ёзган асарлари ғоятда ибратли ва кўп жиҳатлари билан ҳар қандай давр учун ҳам катта аҳамият касб этишига гувоҳ бўламиз. Манбаларда унинг қаламига мансуб асарларнинг сони 24 га яқин эканлиги қайд этилади. Муҳаддиснинг асарлари нафақат ҳадис илмини балки, тарих, фиқҳ, тафсир, одоб‑ахлоқ ва ақоид каби илмларни ўз ичига олади. Имом Бухорий ёшлигида ҳадис илмини ўрганиш билан бир қаторда Бухоролик устозларидан араб тили, ақида, мантиқ, балоғат, ислом тарихи ва айниқса, фиқҳ илмини ҳам мукаммал ўзлаштириб борган. Бу борада Имом Бухорий ўзи айтганидек: “18 ёшга етганимда “Қазоё ас-саҳобати ват-тобиъийн ва ақовийлуҳум” (Саҳобалар ва тобиъийнларнинг фатволари ва айтган сўзлари) китобини ёза бошладим. Сўнг “Ат-Тарих ал-кабир” (“Катта тарих”)ни ойдин кечаларда Мадинаи мунавварада пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида ёзар эдим[1]. Имом Бухорий ҳадис ва ҳадис илмини яхши ўрганиш учун у билан боғлиқ ислом тарихи каби илмларни олдин ўзлаштирган сўнг, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”ни жамлашга киришган.

Имом Бухорий нафақат муҳаддис сифатида эътироф этиш мумкин, балки ҳаёти давомида ёзган асарларидан адиб, фақиҳ, мутакаллим эканлиги намоён бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Бухорий буюк олим ва мужтаҳид бўлган.

Яқин йилларгача Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий фақат муҳаддис олим сифатида маълум эди. Унинг ҳадис илмига доир асарларидан бошқа асарлари бизнинг мамлакатимизда кўпчиликка маълум эмас эди. Диёримизда олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар ва илмий тадқиқот натижаларининг самараси ўлароқ кун сайин муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий меросига доир янгиликлар кашф бўлмоқда.

Уламолар орасида асрлар давомида тадқиқотчилар ва аҳли илмлар Имом Бухорий фиқҳий мазҳаблардан қайси бирига мансуб бўлганлиги борасида турли хил фикрларни илгари сурганлар. Баъзи уламолар Имом Бухорийнинг Шофиъий мазҳабининг машҳур олимлари Имом Заргароний, Абу Савра, Каробисийларга шогирд бўлгани учун ўша мазҳабга амал қилган, дейдилар. Шунингдек, Тожуддин Субкий “Табақоту-ш-Шофиъия” номли китобида, Сиддиқ Ҳасанхон “Абжаду-л-улум” номли китобида ва Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” номли китобида Имом Бухорийни шофиъий мазҳабига мансублигини айтишган.

Бошқа уламолар Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг дарсларини эшитгани учун Имом Бухорий ҳанбалия мазҳабида эди, деб фикр билдирадилар. Жумладан, Ибн Қайюм ўзининг “Эъломул-муваққаъийн” номли китобида ва Ибн Абу Яъло Фарро “Табақотул-ҳанобила” номли китобида Имом Бухорийни ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлган уламолардан деганлар.

Моликий мазҳабининг вакиллари эса Имом Бухорийни моликий мазҳабига мансуб бўлган, чунки у Имом Моликнинг “ал-Муватто”сини Абдуллоҳ ибн Юсуф Тиннисий, Саййид ибн Анбар ва Ибн Букайрлардан ривоят қилган, дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрларига келсак, улар Имом Бухорийга саҳиҳ ҳадисларни алоҳида бир китоб қилиб жамлашни таклиф қилган шахс ҳанафий мазҳабида бўлган Исҳоқ ибн Роҳувайҳ бўлган, Имом Бухорий ундан сабоқ олган, бинобарин у ҳам ҳанафий мазҳабига мансубдир, деганлар[2].

Кейинги вақтларда баъзи уламолар бу фикр ва таҳлилларни рад этиб, аллома у ёки бу устозидан ҳадислар ривоят қилса, унинг мазҳаб издоши бўлиши шарт эмас, деган фикрга келдилар.

Имом Муҳаммад Закариё Кандуҳлавий айтадики, “Менинг фикримча, Бухорий ҳеч бир мазҳабга тобе эмас. Агарда у Шофиъий мазҳабига тегишли бирор масалани келтирган бўлса, бошқа ўринларда ўзига яраша Ҳанафий ва Моликий мазҳабларига тегишли масалалар ҳақида ҳам фикр юритган”.

Ҳақиқатан ҳам бир шахсдан ҳадис ривоят қилди ёки илм ўрганди дегани бу ўша ҳадис ривоят қилгувчи ёки илм ўрганувчи киши ўша шахснинг мазҳабида бўлди, дегани эмас. Агар шундай бўлганида ҳар қайси имом ўзидан олдин ўтган имомнинг мазҳабида бўлиши керак бўлар эди. Ваҳоланки, иш бунақа бўлган эмас. Маълумки, Имом Шофиъий Имом Моликдан сабоқ олган ва унинг “ал-Муватто” асарини ёд билган. Имом Аҳмад Имом Шофиъийдан фиқҳни ўрганган, Имом Шофиъийнинг ўзи эса Имом Аҳмаддан ҳадисни ўрганган. У Имом Аҳмадга “Сизлар саҳиҳ хабарларни бизлардан кўра яхшироқ биласизлар. Шунинг учун агар бирорта саҳиҳ хабар топилиб қолса, бизни ҳам хабардор қилиб қўйсангиз. Токи мен унинг олдига борай. У Куфада бўладими ёки Басрада ёхуд Шомдами, барибирдир”, – деган эди.

Имом Бухорийнинг замондош шогирди Имом Термизий ўзининг “Мазаҳиб ал-Аимма” номли асарида Имом Бухорий мазҳаби ҳақида маълумот келтирмаган. Машҳур тўрт мазҳаб асосчилари ўзлари ҳам турли устозлардан сабоқ олсалар-да, ўзларининг билими, тажрибаларига суяниб алоҳида мазҳаб-йўлларга асос солганлар.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Имом Бухорий ўз китобида агарда бирор мазҳаб асосчиси фикрига қўшилмаса, ўша мазҳаб асосчисини номини айтмасдан, “баъзи кишиларнинг фикрларига ихтилоф ҳолатида шуни айтаманки” деб, ҳурмат билан четлаб ўтади. Бунинг сабаби эса аллома келтирилган ҳадисда ўз фикрини билдирар экан, бошқа мазҳаб асосчилари ва тарафдорларини камситмаслик эди.

Шунга ўхшаш мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Имом Бухорий баъзи ҳадисларда бир мазҳаб нуқтаи назаридан ёндашса, бошқа ҳадисларда бошқа мазҳабга ёндашади. Ҳатто баъзи ҳадисларда тўрт мазҳабга ҳам ёндашмасдан ўз фикрини баён этган. Бу эса Имом Бухорийнинг бирор муайян мазҳабнинг изидан бормаганлигига яққол далилдир.

Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар Имом Бухорийнинг ўзи мужтаҳид олим бўлган дейдилар ва бу гапни кўпчилик қўллаб-қувватлайди[3].

Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ ва идроклироқдир”, деганида унинг ҳузурида ўтирганлардан баъзилари “Чегарадан ошириб юбордингиз”, дея унга эътироз билдирадилар. Шунда Абу Мусъаб: “Агар сиз Моликни кўрган ва у билан Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараган бўлганингизда эди, фиқҳ ва ҳадис борасида ҳар иккаласи ҳам бирдир, деган бўлар эдингиз”, деб жавоб беради[4].

Ибн Ҳажар Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоли борасида уни фиқҳий мазҳаблардан бирига тақлид қилган деб сифатлаган кишиларга жавоб тариқасида: “Чунки, ундан келиб чиқадики, Бухорий таржимаи ҳолларда мазҳабга тақлид қилган. Аммо у ҳақида кенг тарқалган машҳур гап шуки, у ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқариб олган, уларнинг ровийларига таржимаи ҳоллар ёзган, ундан бошқалар идрок қилмайдиган нарсалар сабабли ҳадис соҳасининг моҳирларидан бўлган бир кишидир”, дейди[5].

Шундай бўлсада, аввал ўтган имомлардан айримлари Бухорийни ўзларининг мазҳабларига мансуб деганликларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо энг ишончли якуний мулоҳаза шуки, юқорида ўтганидек, Имом Бухорий ўзининг мустақил мазҳабига эга мужтаҳид бўлган, фиқҳни барча мазҳаблардан олган, раъй ва ҳадис мактабларидан хабардор бўлган, сўнгра ана шу мазҳабларнинг орасидан ўзи танлаб олган турли хил қарашлари билан мустақил бўлиб чиққан. Имом Бухорийнинг фиқҳини ўрганиш учун йўлга қўйилган махсус тадқиқотларнинг барчаси ана шу фикрга иттифоқ бўлган. Олиб борилган илмий тадқиқотларнинг якуний натижаларидан шундай хулосага келиш мумкин, Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”даги фиқҳий қарашлари муайян бир мазҳабга мансуб эмас, аксинча, уларда Имом Бухорийнинг мустақил мужтаҳид бўлган ўзи намоён бўлади.

Дарҳақиқат, Имом Бухорий ҳадис, фиқҳ ва ақида илмида устоз ва шогирдлари ва уламолар ўртасида ўзига хос ўринга эга бўлган. Яъқуб ибн Иброҳим Даврақий ва Наим ибн Ҳаммодларнинг айтишларича, Муҳаммад ибн Исмоил “бу умматнинг тенги йўқ фақиҳидир”. Имом Бухорий қачон Басрага келса, Муҳаммад ибн Бишр: “бугун шаҳримизга фақиҳларнинг саййиди келди” деб қарши олар эди. Абу Умар Аҳмад ибн Наср Хаффоф эса, ўз навбатида, “Муҳаммад ибн Исмоил, фиқҳда Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан йигирма марта кучлироқдир” – дея эътироф этади. Ражо ибн Муржий Имом Бухорийнинг фиқҳий илмини “Имом Бухорий фиқҳ илмида бошқа олимлар олдида, эркакларнинг аёллар олдидаги даражасидек баланд ҳисобланади”, – деб юқори баҳолайди. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий: “Мен Харамайн (Макка ва Мадина)да ҳам, Ҳижоз, Шом ва Ироқда ҳам кўпдан-кўп уламоларни кўрдим, лекин улардан бирортасида ҳам Муҳаммад ибн Исмоилдек мукаммал илмнинг жам бўлганини кўрмадим”, деб барча илмлардан хабардор эканини таъкидлаб ўтади.

Имом Бухорийнинг замондошлари ва кейинги уламолар уни фиқҳ илмида тенгсиз эканлигини ва буюк мужтаҳид имомлардан бўлганини қуйидагича эътироф қиладилар:

  • Бундор лақаби билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Башшор: “Бугун Басрага фақиҳларнинг энг улуғи келди”, “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг замонамизда Аллоҳ яратган энг буюк фиқҳ олимидир” ва “Дунёда ҳуффозлар тўртта, улар: Райда – Абу Зуръа, Нишопурда – Муслим ибн Ҳажжож, Самарқандда – Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Доримий ва Бухорода – Исмоил Бухорийдир”, деган фикрни билдирган.
  • Муҳаддис Муслим ибн Ҳажжож Бухорийга: “Устозлар устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, ижозат берсангиз, оёқларингиздан ўпсам” дейди.
  • Муҳаддис Имом Доримий: “Бизнинг ҳадисга қўядиган талабимиз Муҳаммадникидек эмас эди. У киши бирор ҳадисга назар солса, уни ипидан игнасигача ўрганар эди”, деб айтган.
  • Яъқуб ибн Иброҳим Даврақий эса “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир”деган.
  • Абу Жаъфар Муснидий: “Замонамизнинг ҳадис билимдонлари учта: Муҳаммад ибн Исмоил, Ҳошид ибн Исмоил, Яҳё ибн Саҳл”, деган.
  • Ҳоким Абу Аҳмад: “У – соҳилсиз денгиздир”, деган.
  • Солиҳ ибн Муҳаммад: “Мен ҳануз, Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фаҳмлироқ хуросонликни кўрганим йўқ”, деган.
  • Абу Саъид Ҳотим ибн Муҳаммад: “Ҳофиз Мусо ибн Ҳорун: “Агар бутун ислом аҳли Бухорийдек бир кишини тайёрламоқ учун йиғилсалар ҳам бунга қодир бўлолмаслар”, деган.
  • Салим ибн Мужоҳид: “Мен олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ ва парҳезкорроқ кишини кўрмадим” , деган.

Шу каби Имом Бухорий шаънларига ўз замондошлари, устоз ва шогирдлари ва ундан кейинги бир қанча уламолар томонидан айтилган эътирофларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний айтганларидек, “Кейинги даврда яшаган уламолар томонидан Бухорий ҳақида билдирилган ва айтилган мақтовлар келтирилса, уларни ёзишга варақлар тугаб, инсонни бардоши қолмайди. У соҳилсиз денгиздир”[6].

Замондош олимларимиздан Доктор Нуриддин Итр шундай дейди: “Бухорийнинг илм майдонига келадиган бўлсак, у фиқҳ борасида кўзга кўринган ва уни мукаммал ўрганган имомлардан бири бўлган. Машҳур муҳаддислардан бўлсада, фиқҳий масалаларнинг ечимида фиқҳий мазҳаб имомлари даражасидаги мужтаҳид имомдек, иш тутган. Имом Бухорий ёшлигидан бошлаб Ибн Муборакнинг асарларини ўқиб чиққан эди. Ибн Муборак эса Абу Ҳанифанинг хос шогирдларидан бири бўлган. Кейинроқ у – ўзи хабар бериб кетганидек, – ўсмирлик палласида ҳанафийларнинг фиқҳини ўрганиб чиқади. Каробисий воситасида Шофиъийнинг фиқҳини ўрганди. Шунингдек, Моликнинг шогирдларидан унинг фиқҳини ўрганиб чиқди. Ана шу тарзда у ижтиҳод қилиш йўлларини пухта ва батамом ўрганиб чиқди. Имом Бухорий ўзининг мана шу ўткир зеҳни ва кучли заковати билан мужтаҳидларнинг йўлини тута олди. Унинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари мана шу гапнинг тўғрилигига шоҳиддир. Чунки, Имом Бухорий бу асарда далиллардан ҳукмларни чиқариб олган, мазҳаблардан бирортасига тақлид қилмаган ҳолда далилга эргашган. Биз унинг фиқҳи ҳақида олиб борган тадқиқотимиз ичида келган мисоллар унинг мужтаҳидлар мартабасига етган бир мужтаҳид бўлган эканини, айрим мазҳаблар вакиллари даъво қилганларидек, қайсидир мазҳабга тақлид қилган эмаслигини кўрсатади”[7].

Манбалар асосида Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаби ва мужтаҳидлик даражаси тўғрисида келтирилган уламоларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Имом Бухорий фиқҳ соҳасида ўзи мужтаҳид бўлган ва бу муҳаддиснинг тўрт мазҳабдан бирида бўлган деб хулоса чиқарилиши ҳам тўғри фикр эмас. Чунки, муҳаддис яшаган даврда бу тўрт мазҳаб ҳали мукаммал шаклланиб бўлмаган эди. Имом Бухорий ва Имом Аҳмадлар бир даврда яшаган, ҳадис илми борасида улар жуда ҳам яқин бўлишган. Муҳаддис ва алломалар ҳаёти ўрганилганда улар ўртасидаги илмий-амалий алоқалар, ижодий муносабатлардаги яқин ҳамкорликлар бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Фиқҳий мазҳаб имомлари Имом Бухорий ёки унинг отаси Исмоил билан замондош бўлган. Имом Бухорий барча мазҳаб имомларининг асарларидан, фиқҳий ва ақидавий қарашларидан бохабар бўлган.

 Барот АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
 илмий ходими
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
[1]Тақийюдин Надавий. Имом Бухорий имамул ҳуффаз вал муҳаддисин. Дамашқ. Дорулқалам. 1994. Тожуддин Субкий. Табақотуш-шофиъияти-л-л-кубро. Ж. 2.  – Қоҳира. Дору Ҳажр, 1992. – Б. 216-217.
[2] Имом Бухорий таърифи. Тошкент. Ғафур Ғулом, 2020. –Б.162. https://savollar.islom.uz.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазийнаси. –Т. 1-жузи. 2008. –Б.38. https://islom.uz.
[4] Шамсуддин Заҳабий. Сияру аъламин нубала. Ж. 2. – Байрут. Муассасату-р-рисола, 1985. – Б. 19.
[5] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. – Байрут. Дору-л-маърифа, 1959. – Б. 82. 
[6] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. Ж. 2.  – Байрут. Дору-л-маърифа, 1959. – Б. 485.
[7] Нуриддин Итр. Имом Термизий. У билан “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”нинг ўртасидаги мувозанат. – Б. 391.

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ КЕНГ ТАРҚАЛИШИГА АСОС БЎЛГАН НУСХАЛАР

Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари етиб бормаган макон йўқ. Имом Бухорийнинг ҳадис …