Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛИЙ НИГИЛИЗМ

МИЛЛИЙ НИГИЛИЗМ

МИЛЛИЙ НИГИЛИЗМ (миллий+нигили (юнон. nihili – ҳеч нима) – ўзи мансуб бўлган миллатнинг ютуқларини, тарихий ва миллий қадриятларини пасайтириб баҳолашга уринувчи, миллий манфаатларни англаб етмайдиган, ўз миллатининг шаъни ва ориятини ҳис қила олмай, миллий қадриятларни ерга урувчи кимсаларнинг ахлоқий позицияси. М.Н. ахлоқий позицияси мустамлакачилик тузумда яшаб, мустамлакачиларнинг мустамлака мамлакат аҳолисига нисбатан паст назар билан қараши оқибатида вужудга келади, шахснинг акмеологик юксалишига тўсқинлик қилувчи ахлоқий иллат. Ўз ҳукмдорларидан манфаатдор бўлган айрим кимсалар ўзларига нисбатан ривожланган мамлакатлар турмуш тарзи, яшаш шарт-шароитларига ҳавас қилишлари оқибатида ўз ҳукмдорларининг нуқтаи назарларига эргашиб, ўз миллати ва миллатдошларини ҳам камситишга интилади, ҳатто ўзининг мазкур миллатга мансублигидан жирканади, миллий тилида гаплашмасликка, ўзининг миллий мансублигини ҳам яширишга интилади.

Бундай кимсалар миллат ва ватаннинг қадрига етмайдиган, қаерда куни ўтса, ўша жойни ватаним деб ҳисоблаб кетаверадиган, миллий манфаатларни оёқ ости қиладиган космополит инсонлар бўлишади. Бундай инсонлар миллатнинг қадриятларига, тилига, динига, урф-одатларига, давлатчилик белгиларига ҳурматсизлик билан қарайди, миллий шаън ва ориятни англай олмайди. Улар орасидан ўтмишни (ўтмишдаги мустамлакачилик даври анъаналарини) қўмсовчилар, янгиликларни англаб ета олмайдиган, миллий тараққиёт жараёнига халақит берадиган, сотқин кишилар етишиб чиқиши мумкин. М.Н. одатдаги онг даражасида шаклланади ва вақтлар ўтиши билан қатъий ҳаётий позицияга айланиши мумкин.

М.Н. – асосан ривожланмаган, кам ривожланган ва энди ривожланиш босқичига ўтган, мустамлакачилик асоратидан эндигина чиққан мамлакатларга хос ахлоқий позициядир.

Бизда эса, миллий нигилизм дардига чалинган ватандошларимиз мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларга, барча соҳаларда эришилаётган ютуқларимизга нисбатан нописандлик билан, негатив муносабатда бўлади. Улар иложи борича қилдан қийиқ ахтаришга, юртимизда тайёрланаётган махсулотлардан камчилик топишга, камчиликларни бўрттириб кўрсатишга, бу махсулотларнинг устидан кулишга мойил бўлишади. Миллий нигилизм, айниқса, ёшларимизни миллий қадриятларимиздан, миллий шаънимиз ва ориятимиздан бегоналаштиради, шахснинг акмеологик руҳини сусайтиради. Миллий нигилизм дардига чалинган ўқитувчи ўқувчиларига ватанпарварлик туйғуларини сингдира олмайди. Бу дардга чалинган ёзувчи, драматург, киносценарист ёки шоир ватан манфаатини ҳис қилувчи асарлар ёза олмайди. Шу дардга мубтало бўлган олим ўз юртига хизмат қилувчи кашфиётларни ярата олмайди. М.Н. дардига йўлиққан инсон ўз юртида расм бўлган диний одатларга ҳам ҳурматсизлик билан қарайди, бу одатларга “қолоқлик” белгиси деб қарайди. М.Н. касаллигини юқтирган инсонлар диний эътиқодга, диндорларга ҳам нописанд бўлишади. Миллий нигилизм инсонни нафақат миллий мансублик, балки диний мансублик туйғусидан ҳам бегоналаштиради.

Бахтиёр Тўраев
фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори бош маслаҳатчиси

 АДАБИЁТЛАР:

  1. Тo`rayev B.O. Ijtimoiy falsafa, sotsiologiya, milliy g`oya va publitsistika. Tanlangan asarlar IItom. T.:O`zMK nashriyoti, 2015. B.
  2. Тўраев Б.О. Миллий маънавиятимизга таҳдидлар ва уларни бартараф этиш йўллари.// Фалсафа ва ҳуқуқ ж., №2, 2009. 4-6

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …