Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳалоллик — ризқ, хайр-барака манбаи

Ҳалоллик — ризқ, хайр-барака манбаи

Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги, айнан ейдиган луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир.

Ҳалол ризқ қалбни, наслни пок сақлайди. Бу борада Анас ибн моликдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга ризқ берган. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир. Албатта, инсон тирикчилик учун ризқ истайди ва касби билан Аллоҳ берганини топади. Касб-кор қилиш ҳаёт заруратларидан бўлгани сабабли Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун керак бўладиган барча сабабларни тайёрлаб қўйган. Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйсундирди. Яна кеча ва кундузни сизларга бўйсундирди”. Яъни, дунёда яратилган барча нарсалар инсониятнинг фойдаси учун хизмат қилишини Аллоҳ таъминлаб қўйди. Фақатгина, инсонлар яратилган неъматлардан оқилона ва уларнинг покизаларини истеъмол қилишлари буюрилди.

Ризқ инсонларнинг ҳаракати, исташи ва касб қилишига қараб икки қисмга тақсимланади. Ҳалол ризқ ва ҳаром ризқ. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”. Аллоҳнинг Ўзи мўмин бандаларига ризқ қилиб берган нарсалардан покини еб лаззатланган бандалар ризқ берган зотга – Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлигини англатмоқда. Мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир.

Жамиятда ҳалоллик тушунчасини кенг ёйишни ҳар бир инсон ўз оиласидан бошлаши керак. Ҳадиси шарифда энг яхши касб инсон ўз қўли ва савдо йўли билан қиладиган касб экани айтилади. Рофеъ ибн Хадиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан энг яхши касб қайси, деб сўрашди. У Зот: “Энг яхши касб – киши ўз қўли билан касб қилиши ва ҳар бир яхши савдо”, – деб жавоб бердилар.

Ҳаётда инсонлар турли касблар билан шуғилланишади. Жамиятда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзларига касб қилиб олганлар. “Беҳунарнинг ҳунари-ялқовлик”, деганларидек, бундай одамларнинг кўпчилиги ёшликда илм ўрганмаганликлари ва ҳунар эгалламаганликлари учун кейинчалик ўзгаларнинг ризқига шерик бўлишни касб қилиб олишади. Масалан, тиланчилик, ўғрилик, қароқчилик, зўровонлик, фоҳишалик, қиморбозлик, фирибгарлик, фолбинлик каби Аллоҳ қайтарган ишлар уларнинг касбига айланиб қолган. Бундай иллатларнинг энг ёмони, ҳаром саналган ишлар билан онгли одамларнинг шуғулланишидир. Биз шундай ўгитларга тўла амал қилсаккина ўзимиз ҳам, авлоду зурриётларимиз ҳам икки дунёда бахтли, саодатли, солиҳ кишилардан бўламиз.

Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …