Home / МАҚОЛАЛАР / ДУНЁНИ ДЕЯ ОХИРАТНИ, ОХИРАТНИ ДЕЯ ДУНЁНИ ТАШЛАБ ҚЎЙМАСЛИК КЕРАК

ДУНЁНИ ДЕЯ ОХИРАТНИ, ОХИРАТНИ ДЕЯ ДУНЁНИ ТАШЛАБ ҚЎЙМАСЛИК КЕРАК

Инсон жисм ва руҳдан таркиб топган энг мукаррам зот. У туғилганидан бошлаб доимо комилликка интилиб яшайди. Умри давомида киши оилавий тарбия, ўрганган билимлари, атроф-муҳит таъсири ва бошқа омиллар асосида шаклланади, дунёқарашига кўра, ўзи учун комиллик мезонини белгилайди.

Ислом динида ҳақиқий комилликка эришиш учун инсоннинг асосини ташкил этувчи руҳ ва жисм доимий тарзда тарбияланиб бориши таъкидланади. Яъни, киши ўзини жисмоний ва ақлий жиҳатдан тарбия қилиш баробарида руҳини ҳам покиза сақлаш орқали ҳақиқий комиллик даражасига етади.

Қуръони каримда шундай дейилади: “Эсланг, Раббингиз фаришталарга деган эди: “Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!” (“Сод” сураси, 71- оят).

Демак, инсон жисм ва руҳдан яратилган. Агар жисмни руҳ тарк этадиган бўлса, энди биз уни инсон демаймиз, балки майит деймиз. Шундай экан, инсоннинг камол топиши, икки дунё саодатига етиши учун унинг ҳам моддий, ҳам маънавий олами ислоҳ бўлиши керак.

Биз моддий ҳаёт устимиздан ғолиб келмаслигига ҳаракат қилишимиз лозим. Шу билан бирга дунёдан буткул юз ўгириб, таркидунёчилик қилишдан ҳам сақланишимиз зарур. Дунё дея охиратни, охиратни дея дунёни ташлаб қўймаслигимиз манбаларда ҳам ёзиб қўйилган. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Охиратни деб дунёни, дунёни деб охиратни тарк қиладиганларингиз яхшиларингиз эмасдир. Яхшиларингиз ундан ҳам, бундан ҳам насибасини олган кишидир”, деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда: “Дунё қандай ҳам яхши уловдир. Уни миниб олинглар. Сизларни охиратга етказади”, дейилган.

Бир киши Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурида дунёни ёмонлади. У: “Дунё уни ростга чиқарган киши учун ростлик диёри, уни тушунган киши учун нажот диёри, ундан озуқа оладиган киши учун бойлик диёридир”, дедилар. Демак, қачонки, биз дунёвий ишларга шўнғиб кетиб, ҳаётнинг асл моҳиятини тушунмайдиган бўлсак, бу дунёни тўғри англамаганимиздан бўлар экан. Бунинг аксини қилиб, моддий ҳаётдан буткул юз бурадиган бўлсак, унинг ортидан келган муаммо кўзлаган мақсадимизга таъсир қилмай қолмайди. Зеро, ҳакимлардан бири: “Бадан озуқаланадиган нарсаларни тўплаш дўнёга ўчлик эмас”, деган.

Англаган бўлсангиз, юқоридаги ҳадиси шарифда дунё уловга ўхшатилди. Барчамизга маълумки, улов бўлмаса, манзилга етиш мушкул. Шу билан бирга ҳамма нарсани улов учун сарф қилиб, манзилга қуруқ кириб бориш ҳам оқил кишилар иши эмас.

Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …