Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ТАМАДДУНИ ТАРИХИНИ АКС ЭТТИРГАН ШАҲАР

ИСЛОМ ТАМАДДУНИ ТАРИХИНИ АКС ЭТТИРГАН ШАҲАР

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) маданият вазирларининг 9-анжумани қарорига кўра, 2020 йилда Бухоро (Ўзбекистон), Миср Қоҳира (Миср), Бамако (Мали) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Мазкур нуфузли ташкилот томонидан Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва ундан чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасининг яна бир бор тасдиғидир. Аслида Бухорои шариф тарихда бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган, десак ҳам муболаға бўлмайди. Ўз даврида Бухоро “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳар йили 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири Араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлар орасидан танланади. 2007 йил мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳри ҳам шундай номга сазовор бўлган эди.

Қадимги анъаналарга назар ташлайдиган бўлсак, шаҳарларнинг давлатчилигидаги асосий омиллардан бири – уларнинг мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги бўлган. Бухоронинг аҳолиси ҳам чўл ерларда яшовчи кўчманчи-чорвачи қабилаларни босқинчилик ҳужумларидан сақлаш мақсадида ҳудуд атрофини мустаҳкам девор билан ўраган[1].

Бухородаги бу девор харобалари ҳозиргача сақланиб қолган. У маҳаллий халқ орасида «Канпирак», «Кампирдевор», «Девори Канпирак» каби номлар билан аталган.

Тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида шундай ёзади: «Бухоро амири бўлиб турган Муҳтадий ибн Ҳаммод деворни қуришга, ҳар бир фарсаҳ (масофа)1да бир дарвоза қуришга ва ҳар ярим мил (масофа)2да биттадан мустаҳкам минора кўтаришга буюради. Бухоро қозиси Саъд ибн Халоф Бухорий бу ишга муттасадди этиб тайинланади. Ниҳоят, девор 830 йили Муҳаммад ибн Ҳалжод ибн Варақнинг даврида қуриб битказилади».

1 Узунлик ўлчов бирлиги бўлиб, 3000 зироъга тенг, яъни 2250 м.га, тарихда 5760 м.га тенг масофани бир фарсаҳ, дейилган («Ан-Наъиймул кабир» Наманган. Наманган.: 2014 й.).

2 Фарсаҳнинг учдан бирига тенг ёки 1920 м.га тенг масофани бир мил, дейилади («Ан-Наъиймул кабир» Наманган. Наманган.: 2014 й.).

Бухоронинг Ислом маъданияти пойтахти деб эълон қилиниши улкан тарихий-маданий ва сиёсий воқеадир. Зеро, Бухорои шариф ҳақиқатан ҳам бундай шарафга муносиблиги борасида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бухоро азалдан минтақамиз тарихида муҳим ўрин тутган, жаҳон динлари туташган марказлардан бири бўлиб келган. Айниқса, Ислом тамаддуни тарихидаги ўрни беқиёсдир. Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилишини, у ерда етишиб чиққан забардаст алломаларнинг ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасининг тасдиғи сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Ҳолбуки, буюк аждодларимизнинг илм-фан ва маданиятнинг кўплаб соҳалари тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини дунё тан олган. Биргина Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг тақдим этган «Саҳиҳул Бухорий» асари дунё мусулмон уламолар томонидан Қуръондан кейинги иккинчи манба сифатида тан олинган. Жумладан, Бухорои шарифда етти пир номи билан боғлиқ улуғ мутасаввиф зотларнинг ўтганлиги ҳам мазкур шаҳарнинг шарафини янада зиёда этиб турибди. Абдухолиқ Ғиждувоний (1103-1179), Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Моҳитобон (1166-1259), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (тах.1210-1286), Хожа Али Ромитоний (тах.1310/1321 ваф.)), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (1259-1354), Саййид Амир Кулол (тах.1281-1400(01), Ҳазрати Саййид Муҳаммад Баҳоул-ҳақ вал-миллат вад-дунёид-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин (1318-1389) каби валий зотларнинг номларини санар эканмиз, дунё тамаддунида улар танлаган йўлнинг нақадар беқиёслигига амин бўламиз. Масасалн, биргина Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг «Маслакул орифин»[2] асаридаги ўгитлар ҳозиргача мусулмонлар учун юксак тавсия бўлиб келмоқда. Асарда жумладан, шундай дейилади:

  • Эй, фарзанд! Мен сенга барча ҳолатларда илм, одоб ва тақвода бўлишингни васият қиламан!
  • Ўтган уламоларнинг изидан юришинг лозим. Аҳли сунна ва жамоанинг мулозими бўл!
  • Фиқҳ ва ҳадис ўрган!
  • Жоҳил сўфилардан эҳтиёт бўл!
  • Ҳаргиз машҳурликни талаб қилма! Чунки, шуҳратда офат бор!
  • Бирор мансабга қаттиқ боғланиб қолма!
  • Доимо номинг йўқ (гумном, яъни номинг кўп ҳам чиқавермасин) бўлсин!
  • Камтарин бўл!.
  • Самоъ (рақсли зикр) бўлаётган жойда кўп бўлма! Чунки, самоъда мунофиқлик юзага келади. Кўп самоъ дилни ўлдиради. Уни инкор ҳам қилма! Чунки, самоънинг ҳам ўз эгалари бор.
  • Кам гапир, кам еб-ич ва кам ухла!
  • Ҳалолдан егин, шубҳали емишлардан сақлан!
  • Мол-дунё талабида динингни барбод қилма!
  • Кўп кулма!
  • Қаҳқаҳа хандасидан узоқ бўл! Кўп кулгу дилни ўлдиради [2].

Ёйинки, Бухоро алломалари қаторида фиқҳ илмида юксак мақомдаги асарлар таълиф этган Садруш шариъалар силсиласини зикр этиш мумкин. Замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олими бўлган Садруш шариъа Аҳмад ибн Жамолиддин Убайдулло Маҳбубий Бухорий бўлиб, у XIII асрда яшаб ижод этган ва муҳим фиқҳий асарлар, жумладан, «Ҳидоя»га ёзилган шарҳлардан бирининг муаллифи сифатида танилган. Унинг ўғли Тожуш шариъа унвони билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Сардуш шариъа ҳам ўз отаси сингари, ислом ҳуқуқи бўйича ҳанафий мазҳабида ўзидан унутилмас илмий асарлар қолдиради. Тожуш шариъа, ўз невараси (Садруш шариъа ас-соний, яъни иккинчи ёки кичик Садруш шариъа)ни ислом ҳуқуқшунослиги илмида етук қилиб, фиқҳий масалаларни унинг қалбига сингдириш мақсадида Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари бўлган «Ҳидоя»нинг энг асосий масалаларини қисқа жумлаларда тартиблаб (бошқа бир китобда, ижодий шаклда жамлаб, дейилган), уни «Виқоятур-ривоя фи масоилил-Ҳидоя (Ҳидоя масалаларида ривоятларни сақлаш)», деб атайди [3].

Асар «Ҳидоя»нинг энг яхши ва қулай қисқартмаси сифатида катта эътибор қозониб, асрлар давомида ўқилиб, шарҳланиб келган ва уни изоҳлаш учун кўплаб ҳошиялар ёзилган.

Кичик ёки иккинчи Садруш шариъа унвони билан машҳур бўлган Убайдулло ибн Масъуд (ваф. 1346 й.) бу оиланинг фахри ва ҳанафийлар фиқҳининг сўнмас юлдузидир. У бобоси Тожуш шариъа тарбиясида камол топиб, шарқ ҳикмати (фалсафаси), калом илми ва табиатга доир фанларни ўзлаштириб, фиқҳ илмида буюк аллома сифатида танилади ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб етишади [4].

У аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланади ва бобоси ёзган «Виқоятур-ривоя»ни араб тилида шарҳлаб қайта тавзиҳ этиб «Шарҳул-виқоя» китобини ёзади. У асар, бир вақтнинг ўзида ҳозиргача мадрасаларда дарслик қилиб ўқитилиб келинаётган муаллифнинг бошқа бир китоби «Мухтасарул виқоя»нинг ҳам энг тўлиқ ва ишончли шарҳи ҳисобланади. Бу ҳақда Садруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд «Нуқоя»1 асарининг муқаддимасида шундай ёзади: «Аллоҳга кучли воситани васила қилувчи камина Убайдуллоҳ Садруш шариъа ибн Масъуд ибн Тожуш шариаъ айтаман: «Бобом, хожам раббоний олим, омили самадоний, Бурҳонуш шариъа вал ҳақ вад дин Маҳмуд ибн Садруш шариъа (у кишини Аллоҳ мен ва бошқа мусулмонлар номидан энг яхши мукофот билан сийласин) мен ёдлашим учун «Виқоятур ривоя фи масоилил Ҳидоя» китобини ёзди…» [5].

Бухоро заминидан етишиб чиққан мазкур алломалар силсиласи, фиқҳий ишончли манбалардан бири бўлган «Виқоя» китоби ва унинг шарҳ, тавзиҳлари муаллифлари ҳисобланади. Шундай экан, қадимги Бухорои шариф Ислом олами маданияти пойтахти деган шарафли унвонга бир неча марталаб ҳақли, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган ўндан ортиқ олий ва ўрта махсус билим юртларидан, Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ҳам айнан Бухоро шаҳрида жойлашган. Иншоаллоҳ, яқин келажакда мазкур заминдан яна кўплаб фақиҳ ва тасаввуф илми тадқиқотчилари, буюк аждотларимизнинг муносиб ворислари бўлган дунё маданияти тамаддунига ҳисса қўшадиган олиму мураббияларнинг етишиб чиқишидан умид қиламиз.

Абдувоҳид Ўрозов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. «Тарихи Бухоро». Форс тилидан А. Расулов ва А. Ўринбоев таржимаси. Т.: Фан. 1966 й.
  2. Муҳаммад ибн Асад Бухорий. «Маслакул орифин». ЎэРФА ШИ, қўлёзма – №2517/
  3. Убайдуллоҳ ибнМасъуд. «Мухтасарулвиқоя». Т.: Чўлпон. Б.3.
  4. Абу Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Канавий. «Ал-Фавоиду ал-баҳия фий тарожими ал-ҳанафия». Қозон.: Император. 1903 й.
  5. Убайдуллоҳ ибнМасъуд. «Мухтасарулвиқоя» Т.: Мовароуннаҳр. 1991 й.

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …