Home / МАҚОЛАЛАР / Маърифат – маънавий ҳаётнинг кўзгуси

Маърифат – маънавий ҳаётнинг кўзгуси

Жаҳон мамлакатларининг иқтисодий тараққиёти маънавий ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ. Инсон маънавий ҳаётининг кўзгуси маърифатдир. Мустақил тараққиёт сари одимлаб бораётган Ўзбекистонимизда бу соҳага дастлабки қадамларни ташлаган пайтдан бошлаб алоҳида диққат-эътибор берилмоқда. Мозийга назар солсак, ҳар бир давр учун маърифат халқларнинг маёғи бўлган. Азалдан ахлоқий нормалар диний эътиқодлар билан биргаликда инсон онгида сингдирилиб келинган. Зардуштийликда эътироф этилган эзгу сўз, эзгу амал ва эзгу фикр бу фикримизга асосдир. Чунки инсонга заковатли бўлишнинг ўзигина кифоя бўлолмайди. Эзгу хулқ атворлилик эса комилликдан далолатдир.

ХI асрда Боласоғунда туғилиб ижод этган буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” достонида ахлоқ, одоб, садоқат ва севги каби масалаларга кенг урғу берган алломалардан ҳисобланади. Юсуф Хос Ҳожиб билим ва салоҳият эгаси унинг қалби, тили, хулқи билан ажралиб туришини алоҳида таъкидланган. Албатта, биз тилимиз билан ақл-идрокимиз ва заковатимизга жило бериб, фикримизни ифодалаймиз. Машойихлар ўрта асрларда тилга- “Тил-ҳаёт қамчиси”-деб бежиз баҳо беришмаган. Чунки тил қадр-қийматимизни ошириш учун энг муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Ўйланмай айтилган ҳар бир сўзимиз ўзимизга қарши ўқилган ҳукмга ўхшайди. Юсуф Хос Ҳожиб ўз асарида билимли бўлишга барчани даъват этиб қуйидаги мисраларни ёзган:

Ўқувдир чироқдек қаронғи туни,
 Билимдир ёруғлик, ёритгай сени.
 Киши аслини билмоқ эрсанг очиқ
 Кўнгил, тил ва хулқи бу ишга таниқ.
 Феъли эзгу бўлса, тили кўнгли соф,
Туби аслига, бу гувоҳдир аниқ.[1]

 Яна бир рубоийларида билимни мадҳ этиб:

Ўқув қадру қиммат учундир кафил,
Ўқувсиз киши бир ҳовучча енгил.
Билимни буюк бил, ўқувни чуқур,
Бу иккиси бирла ғофил уйғонур[2].

-деб ёзганлар.

Албатта, билим ва эзгу амаллар кишини маърифатга бошлайди. Аҳмад Яссавий бобомиз таъкидлаганларидек-шариатсиз тариқат, тариқатсиз маърифат, маърифатсиз ҳақиқат бўла олмайди. Маърифатли шахсгина яхшиликка қўл уради. Жалолиддин Румий ўз рубоийсида яхши амалларни қилишга даъват этиб қуйидагиларни битган:

Қил яхшилик — яхшиликни билгай дунё,
Пойдордир у яхшилик туфайли танҳо.
Мол қолди-ку ҳаммадан, қолар сендан ҳам,
Қолдирди бахил — мол, яхшиликни — доно[3].

Инсониятни нафс балоси бу кенг оламда хор этиб, тўғри йўлдан адаштиради. Киши нафси барча ахлоқсизликнинг бошланғич бўғини бўлиб хизмат қилади. Жалолиддин Румий нафс одоби бобида:

Ким кам еса, у зийрагу ҳушёр бўлади,
Ким кўп еса, у аблаҳу бекор бўлади.
Нафсига ружуъ қўйса киши хор доим,
Ҳар кимсаки, кам еса, у кам хор бўлади!

деб ёзганлар.

Хуллас, маърифтдан узоқлашган сари инсонни йўлдан адаштирадиган билимсизлик, нафс эҳтиёжлари ўраб олади. Бу ҳолатлар бизга ёт бўлган оммавий маданиятнинг кириб келишига ва ахлоқий нормаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Жамиятимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган оммавий маданиятдан сақланишнинг бирдан бир йўли-илм ўрганиб, китобларни мутолаа қилишдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими мутахассиси,
Сухроб Эргашев
[1] Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” T-1971 йил. 98-бет
[2] Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” T-1971 йил. 19-бет
[3] Жалолиддин Румий. www.ziyouz.com 2008. 4-бет

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …