Home / МАҚОЛАЛАР / Мамлакатимизда Берунийнинг қандай асарлари нашр қилинган?

Мамлакатимизда Берунийнинг қандай асарлари нашр қилинган?

Беруний таваллудининг 1048 йиллигига
Ўзбекистонда Беруний меросини ўрганиш қадимий тарихга эга. Аммо бу меросни чуқурроқ таҳлил этиш – унинг меросини замонавий ўзбек ва рус тилларига таржима қилиш жараёни билан боғлиқ. Қадимги даврлардаги тадқиқотчилар ўзбек, форс ва араб тилидаги асарларни бемалол ўқий олишган ва шу сабабли уларга Беруний мероси билан танишиш қийин бўлмаган. Масалан, Мирзо Улуғбекнинг шоҳидлик беришича, у юлдузлар каталогини тузишда Берунийнинг “Қонуни Маъсудий” асаридан фойдаланган, яъни у даврларда илмий ворислик алоқалари узилмаган эди.
1035–1036 йиллари Беруний ўзи ёзган асарлари рўйхатини тузган ва мазкур рўйхатда 113 та асарнинг номини келтиради. Бу асарлардан 70 таси астрономияга, 20 таси математикага, 12 таси география ва геодезияга, 3 таси минералогияга, 4 таси картографияга, 3 таси тарихга оид. Агар олимнинг ундан кейин яшаган 13 йил ичида ёзган 50 дан зиёд асарини ҳам қўшадиган бўлсак, уларнинг умумий сони 160дан ошади.
Айрим манбаларда эса Беруний 200 зиёд асар ёзганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди.
Беруний ёзган ҳар бир асар ўзига хос энциклопедия эди. Масалан, унинг дастлабки асарларидан “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” (Ал-осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия”) асари Қадимги Хоразмда ўтган халқларнинг, қадимги яҳудийлар, насронийлар, мажусийлар ва мусулмонларнинг урф-одатлари, анъаналари, байрамлари, календарлари, динлари, пайғамбарлари, муқаддас китоблари ҳақидаги барча маълумотларни ўзида тўплаган яхлит энциклопедия бўлиб, у Европада “Хронология” номи билан машҳурдир.
Бу асарни олим 27 ёшида, яъни 1000 йили ёзиб тугаллаган. У араб тилида ёзилган бўлиб, Журжон ҳукмдори Қобус ибн Вашмгирга бағишланган. Бу асарнинг биринчи нашрини немис олими, берунийшунос Эдуард Захау 1876–1887 йилларда Лейпцигда босиб чиқаради. 1879 йили унинг инглизча таржимасини нашрдан чиқаради. 1950 йили шарқшунос олим Абдуфаттоҳ Расулов мазкур асарнинг бир қисмини ўзбекчага таржима қилган, 1957 йили эса бу асар арабшунос олим М.А.Салье томонидан рус тилига таржима қилинади ва нашр этилади.
1968 йили А.Расулов томонидан бу асарнинг ўзбек тилидаги тўлиқ таржимаси “Фан” нашриётида босилиб чиқади. Бу асар таржимасининг нашр этилишида таржимон Абдуфаттоҳ Расуловнинг ва масъул муҳаррирлар арабшунос олим Исматулла Абдуллаев ва файласуф-табиатшунос  олим Омонулла Файзуллаевларнинг хизмати катта бўлган.
“Осори ал боқия” китобининг юқоридаги таржимасида математик тенгламаларни ифодалашларда айрим нуқсонлар ҳам учрайди. Шу сабабли таниқли ўзбек фаншунос олими, физика-математика фанлари номзоди, тарих фанлари доктори, профессор Ашраф Аҳмедов китобнинг арабча ва русча матнларини солиштириб, хатоларига тузатишлар киритиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Фан” нашриётида 2015 йили нашрдан чиқарди. 2021 йили эса шу китобнинг ўзбек тилидаги нусхаси ҳам тайёр бўлди.
Берунийнинг “Китоб ул-мақ олот вал-арз вад-диёнот” (“Мақолалар, эътиқодлар ва динлар ҳақида китоб”), “Китоб фи ахбори Хоразм” (“Хоразм хабарлари ҳақида китоб”), “Китоб тарихи айём ас-султон Маҳмуд ва ахбори абиҳи” (“Султон Маҳмуд даври тарихининг китоби ва отаси ҳақидаги хабарлар”) каби китоблари қўлёзмаси ҳали топилмаган. Уларни жаҳон кутубхоналари ва кишиларнинг шахсий китоб хазиналаридан ахтаришни давом эттириш лозим.
Беруний Журжон ҳукмдори Вашмгир саройида яшаб юрган даврида қимматбаҳо тошлар ва минераллар ҳақида “Минералогия” асарини (“Китоб ал жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Қимматбаҳо тошларни билиб олиш бўйича маълумотлар тўплами”) ёзган. Бу асар ҳозирга қадар ўзининг амалий аҳамиятини йўқотмаган. Бу асарда муаллиф 300 дан зиёд минерал ва уларнинг физик (қаттиқлиги, солиштирма оғирлиги, ранги, қирраларининг тузилиши ва бошқалар), химиявий (таркибида қандай моддалар борлиги, сув ва оловга чидамлилиги) хусусиятларини тушунтириб берган. Берунийнинг “Минералогия” асарини 1963 йил СССР Фанлар академияси нашриётида москвалик шарқшунос олим А.М.Белиницкий рус тилида нашрдан чиқарди.
Бу асарнинг ўзбек тилига таржимаси мустақиллик даврида 2017 йилда академик Азизхон Қаюмов томонидан амалга оширилди ва китоб 2017 йили “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” нашриётида  минг нусхада босилиб чиқди.
Китобнинг дунёга чиқишига Навоий давлат кончилик институти катта ҳисса қўшган. Мазкур институт ректори, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик, техника фанлари доктори, профессор Қувондиқ Санақулов китобга сўзбоши ёзган. Китобнинг яна бир афзаллиги, китобга араб тилидаги факсимил ҳам илова қилинган. Минералогия китобини ўқиган машҳур ўзбек геологи, академик Ҳабиб Абдуллаев шундай ёзган эди: «Берунийни геология фанининг асосчиларидан ва назариётчиларидан энг буюгидир дейиш мумкин» .
1025 йил 18 ноябрда “Беруний “Геодезия” (“Таҳдид ниҳоёт ил-амокин ли тасҳиҳ масофот ал-масокин” /”Турар жойлар (орасидаги) масофаларни аниқлаш учун манзилларнинг чегараларини белгилаш”/) асарини ёзиб тугатган. Геодезияда математик география асослари муфассал баён қилинади ва, умуман, бу асар 1966 йил Тошкентда Истанбул нашридан рус тилига П.Г.Булгаков томонидан таржима қилиниб, нашр қилинди.
“Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асари 1029 йил Ғазнада ёзилган бўлиб, унда астрологияга оид асосий тушунчалар содда қилиб изоҳлаб берилган. Уни Европача қилиб, “Астрология” деб атасак бўлади. Бу асарини Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти олимлари А.Аҳмедов, А.Абдураҳмонов ва Москва шарқшунослари Б.А.Розенфельд, М.М.Рожанская, ва Н.Д.Сергеевалар ҳамкорликда рус тилига таржима қилишиб, “Книга вразумления начаткам науки о звездах” деган ном билан 1975 йил “Фан” нашриётида нашр этишди. У даврда астрология тушунчасини қўллаш китобнинг нашр этилишига халақит берар эди. Шу китоб нашр этилиши арафасида истеъдодли олим Ашраф Аҳмедов устоз Омонулла Файзуллаевнинг ҳузурига келиб, китобни қандай номлаш лозимлиги ҳақида маслаҳат қилишганлигининг гувоҳи бўлганман. О.Файзуллаев китобни Астрология деб аташ хавфли эканлигини ва уни юлдузларга қараб ҳисоблаш санъати тарзида номлаш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган эдилар. Шу сабабли китоб номи юқоридаги кўриниш олган.
“Ҳиндистон” (“Таҳқиқ мо лил ҳинд мин маъқула мақбула фи-л-ақл ав марзула” /“Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш”/) деб номланган асари 1030 йил ёзиб тугатилган. Бу китобда Ҳиндистон халқлари тарихининг турли соҳалари (аниқ фанлар, адабиёт, фалсафа, элшунослик (этнография), география, демография, қонунлари ва урф-одатлари, дини, диний ривоятлари, ҳинд ёзувининг турлари, эътиқод усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилгандир. Шунингдек, Беруний бу асарида санскит тилидаги манбалардан ҳам кенг фойдаланган. Бу тил бизгача етиб келмаган. Беруний эса бундан минг йил илгари бу тилни махсус ўрганган. Китобнинг арабча матни биринчи бор 1887 йил, инглизча таржимаси эса 1888 йил Лондонда Эдуард Захау томонидан нашр этилади. Арабча матн 1858 йил Ҳайдарободда ҳам нашрдан чиқарилган. Бу китоб 1963 йил рус тилида, 1965 йил эса ўзбек тилида нашрдан чиқарилган. Беруний “Ҳиндистон” асарида Ернинг ҳаракатланиши ҳақидаги мулоҳазаларини баён этар экан, бу асарни ёзишдан илгари Ернинг ҳаракатланиши тўғрисида “Мифтоҳу илми-л-ҳайъа” (“Астрономия калити”) деган асарида чуқурроқ тўхталганлигини баён этган. Лекан бу асар бизгача етиб келмаган.
“Масъуд қонуни”(“ал-Қонун ал-Масъудий”) номли асарини 1030 йилдан кейин Ғазна султони Масъудга бағишлаб ёзади. Унда математик астрономиянинг асосий қоидалари, ёритқичларнинг координатлари, уларнинг ҳаракатланиш тартибларини ҳисоблаб чиқариш йўллари батафсил тушунтирилган. Бу китобда баён этилган таълимотларнинг аксариятини Беруний “Қуръон” оятлари билан солиштирган. Бу унинг “Қуръон”ни яхши билганлигидан далолат беради. Шунингдек, мазкур китобда Беруний тузган юлдузлар жадвали – Беруний зижи ҳам илова қилинган бўлиб, мазкур жадвалда 1029 та юлдузнинг координаталари ва юлдуз катталиклари Птоломей ва араб астрономи ас-Сўфи жадвалларига асосланиб берилган. Бу асар биринчи бор бир қанча араб қўлёзмалари асосида Ҳайдарободда нашр қилинади. Рус тилида Москвада 1962 йил босиб чиқарилган. Ўзбекистонда эса 1973 йил рус ва ўзбек тилларида 2 китобдан иборат қилиб “Фан” нашриётида босилди.
Беруний умрининг охирида, яъни 1045-1048 йилларда “Доривор ўсимликлар ҳақида китоб” (“Китаб ас-сайдана фи-т-тибб”) асарини ёзган. Бу асар тарихга “Сайдана” (“Фармакогнозия”) номи билан кирган бўлиб, унинг тўлиқ қўлёзмаси 20 асрнинг 20-30 йилларида Туркияда топилган. Бу асарда Шарқда, хусусан, Туркистонда ўсадиган барча доривор ўсимликлар ва уларнинг фармакологик хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилган. Бу асарни таниқли шарқшунос олим Убайдулл Каримов рус тилига таржима қилиб, 1974 йил “Фан” нашриётида босмадан чиқарган.
1987 йили Беруний меросини ўрганиш ва оммалаштириш комитети ва ЎзФА Президиуми қарори билан Абу Райҳон Берунийнинг “Гномоника” асарини “Математические и астронимические трактаты” номида П.Б.Булгаков ва Б.А.Розенфельдлар ва Г.П.Матвиевская масъул муҳаррирлигида “Фан” нашриётида босиб чиқарилди. Бу асарни Беруний 1020 йиллар атрофида ёзган.
Булардан ташқари Берунийнинг Ибн Сино билан фалсафий мавзудаги савол-жавоб хатлари ҳам топилди. Бу хатларни таниқли файласуф олим Анвар Жуманиёзович Шарипов 1972 йили китобча ва мақола шаклида эълон қилди. Бу хатларнинг ўзбек тилидаги иккинчи нашри ҳам С.Муталипов муҳаррирлиги остида 1973 йили эълон қилинди. Ўзбекистонда Беруний ҳақида кўплаб илмий ва оммабоп китоблар нашр этилди. Шулар жумласига А.Ирисов томонидан нашрга тайёрланган “Феруза” китоби, Берунийнинг ҳикматли сўзлари, Ғ.Я.Умаров томонидан ёзилган “Беруний, Коперник и современная наука”, А.Шариповнинг “Великий мислытель Абу Райхан Беруни”, П.Б.Булгаковнинг “Жизнь и труды Беруни” ва бошқа асарларни киритиш мумкин.
Имом Бухорий халқаро маркази 2010 йили “Мутафаккирлар” туркумида болалар учун 10та кичик китобчани “Тафаккур” нашриётида бир комплект қилиб нашр этдирди. Шу китоблар орасида мазкур мақола муаллифи Б.О.Тўраев томонидан “Абу Райҳон Беруний” китобчаси ҳам нашр қилинди. Кейинчалик мазкур китобча, ўзбек, рус ва инглиз тилларида Халқ таълими вазирлигининг “Тил ва адабиёт таълими” кутубхонаси “Мутафаккирлар” сериясида 2015 йил мазкур нашриёт томонидан нашр этилди. 2019 йили ана шу китобча ўзбек, рус ва инглиз тилларида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари томонидан яна қайта ишланиб, “Тафаккур” ва “Тошкент Ислом университети” нашриётлари томонидан нашр қилинди.
Берунийнинг адабиётшуносликка, тарихга, динлар тарихига, калом таълимотига, ҳадисларга оид мақолалари, бадиий йўналишдаги асарлари – ҳикоялари, ривоятлари ва шеърлари ҳам бўлган. Уларни ҳам қидириб топиш, тўплаб нашр этиш манбашунослар, тарихчилар, шарқшунослар қаршисида турган хайрли ва табаррук вазифалардан биридир. Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг барча асарларини тўплаб ўзбек, рус ва инглиз тилларида қайта нашрдан чиқариш, Беруний асарларининг яхлит энциклопедиясини ишлаб чиқиш ҳамда берунийшунослар интернет-порталини, интернет-сайтларини яратиш бугунги куннинг, Янги Ўзбекистон истиқболи учун кечиктириб бўлмас вазифалар ҳисобланади.

Б.О.Тўраев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …