Home / ЯНГИЛИКЛАР /  “МОВАРОУННАҲРДА СИДДИҚИЙЛАР НАСАБИНИ ҚОНУНИЙЛАШТИРИШНИНГ УЧ ВЕРСИЯСИ” мавзусида ўтказилган онлайн семинардан олинадиган асосий хулосалар

 “МОВАРОУННАҲРДА СИДДИҚИЙЛАР НАСАБИНИ ҚОНУНИЙЛАШТИРИШНИНГ УЧ ВЕРСИЯСИ” мавзусида ўтказилган онлайн семинардан олинадиган асосий хулосалар

  • Мусулмон генеалогияси ва сакрал хонадонлари тарихи, бугунги кунда мусулмон генеалогияси, саййид-шариф муаммолари ислом насабшунослари асарлари ва шажаралар асосида ўрганилган.
  • Бу тадқиқот Марказий Осиё ва Бобурийлар салтанатида Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) авлодлари тарихига бағишланган.
  • Саййид-шарифлар Ислом оламининг ғарбий қисмида, айтайлик, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда “аҳли байт” мансублигига даъво қилувчи, мўътабар оилаларга бериладиган ижтимоий-иқтисодий имтиёзлардан фойдаланувчи ягона ижтимоий қатлам ҳисобланган.
  • Мўғуллар истилосидан кейинги Марказий Осиёда саййид-шарифлар қатлами жуда сийраклашиб кетади ва минтақада “аҳли байт”га мансуб хонадонлар сараланишининг навбатдаги босқичи юз бергани чаҳорёрлар авлодлари бўлмиш сиддиқий, умарий, алавий хўжаларнинг ҳам сакраллашишига, ўз келиб чиқишини қонунийлаштиришга шароит яратган.
  • Сиддиқийлар насаби қонунийлаштиришнинг навбатдаги муҳим босқичи уларнинг Абу Бакр Сиддиқ аҳли вакилларининг Абдураҳмон, Абдуллоҳ ва Муҳаммад номлари билан боғлиқ. Кейинги асрларда сиддиқий ёки бакрий нисбаларини олган Абу Бакр Сиддиқ авлодлари бутун ислом ўлкалари бўйлаб кенг тарқалган.
  • Ҳабашистон, Сомали ва Бангладешдаги сиддиқийлар қаллу, шекҳал, қурайший каби нисбалари билан ҳам танилган. Улар орасида насаби Абу Бакр Сиддиқнинг юқорида исми кўрсатилмаган фарзандларига боғланган сиддиқийлар ҳам учрайди. Аммо Мовароуннаҳр сиддиқийлари орасида насабини Абдураҳмон ва Муҳаммадга боғловчилар кўпчиликни ташкил этади.
  • Ёзма манбаларда Қусам ибн Аббос, Саид ибн Усмон ва Убон ибн Усмон каби айрим қурайшийларнинг Мовароуннаҳрга кириб келиш воқеалари ёритилган. Лекин илк сиддиқийлар ҳақидаги бундай қайдлар ҳозирча номаълум. Улардан бири Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) фарзанди ёки яқин авлоди экани айтилган Пўр Сиддиқ номи билан боғлиқ.
  • Марказий Осиё сиддиқийларининг ўзларини жамиятга таништириш услуби ҳам ранг-баранг ва мураккаб. Улар ўз насабини қонунийлаштиришда алавий саййидлар ва ҳукмрон сулолалар билан қариндошлик, машҳур тарихий ёки афсонавий шахсларга авлодлик даъволаридан кенг фойдаланган.
  • Муҳаммад ибн Али ва Умм Фарва бинти Қосим никоҳидан Ҳижоз, Ироқ, Эрон, Хуросон ва Мовароуннаҳрда кенг тарқалган ва яна қатор сиддиқий аёлларнинг ҳусайний саййидлар билан никоҳи Марказий Осиёдаги сиддиқийлар легитимациясида “азалий қариндошлик” ҳақидаги муҳим мафкуравий рамзга айланган. Сиддиқий хўжалар ҳам ҳусайний саййида оналари орқали сиддиқий-алавий, сиддиқий-ҳусайний каби қўш нисбаларни олиб, янада юқори мақомларни эгаллаган.
  • Сиддиқийлар легитимациясида Қосим б. Муҳаммад тобеинлар орасидаги фуқаҳойи сабъалардан бири бўлгани сабабли Мовароуннаҳр фиқҳ мактабида улуғ шахслардан саналган.
  • Қосим б. Муҳаммад Мовароуннаҳрдаги энг йирик тасаввуф йўналиши –Хожагон-Нақшбандия силсиласининг бошланғич бўғинидаги шахслардан бири сифатида ҳам машҳур бўлган. Буни биз ўзини Қосим б. Муҳаммад авлоди деб тақдим қилган Бурҳониддин Марғиноний, Шараф ота, Шайх Зайниддин Куйи Орифоний, Ҳазрат Муллам насабномаларида кўришимиз мумкин.
  • Мовароуннаҳрнинг шимолий сарҳадларида тарқалган сиддиқийларга тегишли насаб занжири Абу Бакр Сиддиқ ўғилларидан кейин Султон Каъб, Султон Солим, Султон Абул Ос каби афсонавий шахслар орқали давом этган, яна бу версияда Иброҳим Адҳам, Жалолиддин Румий, Ҳисомиддин Сиғноқий, Идикабий каби тарихий шахслар ҳамда Бобо Туклос, Сулаймон Валий, Шайх Аҳмад Қорачуқий каби шахсияти аниқлик талаб этадиган персонажлар ҳам мустаҳкам ўрин олган.
  • Бобо Туклос кўпроқ Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг (1313-41) замондоши ва уни исломга киргизган яссавий шайхи сифатида машҳур бўлган. Бобо Туклоснинг уч ўғли ўғли бўлиб, кенжаси Терме Олтин Ўрда ҳудудида яшаган. Терме исми Мовароуннаҳр маҳаллий манбаларида Турумбий шаклида учрайди.
  • Турумбий авлодлари Хоразм, Бухоро, Самарқандда ҳам тарқалган. Бундай қариндош-уруғлик ришталарини Аҳрорийлар ва Жўйборийлар мисолида кўриш мумкин.
  • Ҳисомиддин Сиғноқий авлодлари насабномаларда Сиғноқ ота лақаби ҳам билан тилга олинган.
  • Яна бир сиддиқийларнинг насаби Абу Бакр Сиддиққа оғзаки тарих, турли нақллар асосида уланган, ўта содда версия. Бу версия кўпроқ ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқланмаган ва қоралама ҳолатдаги сакрал матнларда учраши билан ажралиб туради.
  • Мўғуллар истилоси натижасида Мовароуннаҳр ва унинг теварак ҳудудларида саййид-шарифлар қатлами сийраклашиб айнъанавий хонадонлар сараланишининг навбатдаги босқичи юз берган.
  • Сиддиқийлар ўзларини жамиятга аввало саййидлар сингари қурайший, қолаверса, Абу Бакр Сиддиқ авлоди ўлароқ аҳли-байтга мансуб табақа сифатида таништиришга интилган. Сиддиқийларнинг сакрал хонадонга мансублигини қонунийлаштиришнинг навбатдаги муҳим босқичи Абу Бакр Сиддиққа қандай йўл билан авлодлигини исботлашдан юборат бўлган. Хонадон вакиллари ўзларини жамиятга таништириш ва насабини қонунийлаштиришнинг учта асосий версиясини айтиб ўтиш мумкин.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …