Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом инсонларни фақат яхшиликка ундайди

Ислом инсонларни фақат яхшиликка ундайди

Муқаддас динимиз инсонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашга, бир-бирини яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтаришга ундайди. Аллоҳ таолонинг юборилган барча пайғамбарлари ўз умматларини (қавмларини) бирдамлик, талашиб-тортишмаслик ва баҳамжиҳат яшашга даъват қилган.

Халқимиз азалдан муқаддас исломнинг барча кўрсатмаларига амал қилиб яшаган. Ёрдамга муҳтож инсонлар ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”[1]. Мазкур илоҳий даъват барча инсонларнинг асли насли бир эканлигига, шу сабабли бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлиб, аҳил ҳаёт кечириши лозимлигига далолат қилади.

Бошқа бир оятда мана бундай хитоб қилинади: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз”[2].

Инсонларнинг ҳар хиллигида ҳикмат бор. Бу қуйидаги ояти каримада баён қилинади: “Агар Роббинг хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир дин) қилган бўлур эди”[3].

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”[4].

Дарҳақиқат, Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка чақиради. Бировга озор беришдан, зулмдан қайтаради. Нафақат инсонлар ҳатто атрофимиздаги олам ва унда яшаб турган махлуқотларга ҳам яхши муносабатда бўлиш лозим. Қалбида заррача имони бор инсон ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Бу хусусда қуйидаги машҳур ибратли ҳадиси шарифни келтириш ўринлидир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда бўлган одамдир”[5], дедилар”.

Яхшиликнинг яна бир шарти шуки, бугун дунёда бўлаётган ҳар бир воқеани ақл билан баҳолаб, сўнг хулоса чиқармоғимиз лозим. Яъни оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата билишимиз керак. Аллоҳ таъоло фитна ҳақида бундай амр қилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”[6].

Бошқа бир оятда Тангри таоло марҳамат қилади: “Фитна қоттилликдан ҳам ашаддийроқдир”[7].

Али Сабурий: “Мусулмонни динида фитнага солиш тинчини бузиш Аллоҳ наздида қотилликдан қаттиқроқдир”[8], деганлар.

Қуръони карим таълимотига кўра, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва бирор мусулмон бундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳар бир мусулмон одамларни жиноятдан қайтаришга Парвардигори олдида масъулдир. Ҳар бир имонли кишининг бурчи ер юзида бузғунчиликка йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш учун курашиб, ҳалол ҳаёт кечиришдан иборат.

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюриб, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди. Яратганнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида катта-катта ютуқларга эришамиз, деб ўйласа, қаттиқ хато қилган бўлади. Аллоҳ таоло ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай”[9].

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса куфрдир”[10], деганлар.

Оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, фақат яхшиликнинг ўзи билан чекланиш ҳам унчалик тўғри эмас. Бунинг баробарида ёмонлик ва зулмдан тийилиш, бошқаларни ёвузликдан қайтариш ҳам зарур экан. Исломнинг фақат яхшиликка буюриши негизида ана шундай кенг кўламли инсоний ғоялар мужассамдир.

Абдуҳалим МУҲИДДИНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Ҳужурот сураси 13-оят.
[2] Ҳужурот сураси, 10-оят.
[3] Ҳуд сураси, 118-оят.
[4] Наҳл сураси, 90-оят.
[5] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6] Анфол сураси, 25-оят.
[7] Бақара сураси, 191-оят.
[8] Тафсирул вазиҳил муяссар.
[9] Юнус сураси, 81-оят.
[10] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …