Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ТАОМЛАНИШ ОДОБИ

ИСЛОМДА ТАОМЛАНИШ ОДОБИ

Инсон жисмонан соғлом бўлиши учун ҳар доим овқатланишнинг одоби ва тартиб қоидаларига доим риоя қилиб яшаши лозим. Тарбияли инсон ҳар жабҳада ўзининг одоб-ахлоқи билан бошқаларга намуна бўлади. Киши жамоат жойларида, тўй, маъракаларда таомланиш одобига риоя қилиши, унинг нечоғлик эътиборли инсон эканини англатади.

Бу борада муқаддас ислом дини таълимоти кўрсатмаларини ўрганиб, уларга амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ислом динида инсоннинг фақатгина руҳий ҳолатига эмас, балки унинг жисмига, танаввул қиладиган таомига, унинг қандай йўллар билан топилаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Агар биз овқатланиш тўғрисидаги кўрсатмаларга амал қилсак, ўзимизнинг луқмамизни ҳалол бўлишига эътиборли бўлсак, турли касалликлардан ўзимизни асраган бўламиз. Мўмин киши энг аввало танаввул қиладиган таомини ҳалол йўллар билан топишга ҳаракат қилиши зарур. Яъни озиқ-овқатнинг ўзи ҳалол бўлиши билан бирга, уни ҳалол йўл билан топиб келиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таъкидлаш лозим, таомни танаввул қилишдан олдин аввало икки қўл ювилади. Чунки инсон қўли билан турли нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Шундай ҳолларда инсоннинг қўлига турли микроблар ёпишиб, унинг натижасида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”, дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Дастурхон атрофида катта ёшдаги кишилар таом танаввул қилишни бошламагунларича, кичикларнинг кутиб туриши юксак одоб намунасидир. Бу одобни бошқа одоблар қаторида, болаларга ҳам ёшлигидан ўргатиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Баъзи халқларда ушбу одоблар аллақачон унутиб юборилган. Биз эса бу одобларни унутиб юбормаслигимиз лозим. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан таомга ҳозир бўлсак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бошламагунларича, қўлларимизни узатмас эдик”. Муслим ривоят қилган. Овқатланиш одобларидан яна бири бу таомни танавул қилишни аввалида: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” калимасини айтиб таомни бошлаш суннат амаллардан ҳисобланади. Умар ибн Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қарамоғидаги бола эдим. Қўлим лаганга бориб келар эди. Ўшанда у зот менга: “Эй болакай! Аллоҳнинг исмини айтиб ўнг қўлинг билан, олдингдан егин!”- дедилар. Шундан кейин мен овқатни ўнг қўлим билан ейдиган бўлдим”- деди. Имом Бухорий ва Муслим” ривоят қилган. Таом ўнг қўл билан ейилади. Чунки, нопок нарсалар чап қўлда кетказилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам барча ишларни ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар, жумладан, таомни ҳам ўнг қўллари билан еганлар. Инсон саломатлигига зарар етказмаслиги учун хилма-хил таомларни бирининг устига бирини қўшиб танавул қилинмайди. Масалан сут билан балиқни, сут билан нордон таомни, сут билан тухумни, сут билан гўштни тановул қилинмайди. У нарса инсоннинг соғлигига зарар келтириши мумкин.

 Таом суяниб ёнбошлаган ҳолда ейилмайди. Абу Жуҳфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий саллолллоҳу алайҳи васаллам: “Мен суянган ҳолимда емайман”, дедилар”. Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Қолаверса, ёнбошлаб ётган одамнинг таом ҳазм қилувчи аъзолари ноқулай ҳолга келиб, фаолияти сустлашади. Бинобарин, у еган таомнинг ошқозонда қайта ишланиши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлигига зарар етади. Овқатланаётган вақтда иложи борича иссиқ таомдан 20-30 дақиқа олдин ҳўл мева сабзавотларни тановвул қилиш, тиббиёт нуқтаи назаридан афзалдир. Чунки, ҳўл мева ва сабзавотлар ошқозон 12 бармоқли ичакдан ўтиб ингичка ичакда ҳазм бўлади. Шундай қилинса иссиқ таом ошқозонда мева-сабзавот билан аралашмасдан яхши ҳазм бўлиши мумкин. Агар киши ошқозон-ичак касалликлари, қандли диабет, қон босими кўтарилиши, юракда “инфаркт”, мияда “инсулт” касалликларини ўтказган бўлса, албатта шифокорларнинг тавсиялари асосида овқатланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Таомдан кейин икки қўл ювилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Овқатланиш маданиятига кўра ҳар бир киши таомдан кейин оғизни яхшилаб чайиши талаб қилинади. Бу ишни Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қилганлари ҳақида кўпгина ривоятлар келган. Мусулмон киши оғиз тозалигига доимо эътибор бериш керак. Чунки у инсон одамлар билан суҳбатлашади, Қуръони каримдан тиловат қилади, ибодат қилади ва дуолар ўқийди. Шунинг учун инсоннинг оғзи доимий равишда тоза бўлиши, турли ҳидлардан холи бўлиши зарур. Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас. Ҳар қандай ҳалол таом Аллоҳ таолонинг шу бандага берган неъмати ҳисобланади. Бунга доимий равишда шукр қилиш керак. Фақат ношукр бандаларгина таомни ёмонлайдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилардилар”. Бухорий Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Мусулмон одам ҳар қандай таомни тановул қилганда уни мақташи, айбламаслиги ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур изҳор қилиши уни ҳаққига дуо қилиши ҳеч бўлмаса раҳмат айтиши керак. Таом тайёрлаган шахс таом тановул қилган кишига яхшилик қилган шахсдир. Яхшилик қилган кишига эса ташаккур айтиш лозим. Таом дастурхон атрофида тартиб билан тановул қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам доим шундай қилганлар. Саҳобаларни сиз билан биз умматларни ҳам шундай қилишга ундаганлар.

Дастурхон атрофида ўтирганда одоб билан ўтирилади. Манманлик ва кибрлилик ҳеч қачон инсонга ярашмаганидек, дастурхон атрофида ҳам бундай бўлиш инсонга хос иш эмас. Таомни тановул қилишда шошилмаслик керак. Таом аста, яхшилаб чайналади, акс холда, ҳазм жараёни қийин кечади. Таомни керагидан ортиқча емаслик керак. Негаки, бу нарса энг аввало исрофдир. Бундан ташқари овқатни кўп еган киши ланж, ибодатга бефарқ бўлиб қолади. Кишида ортиқча вазн пайдо бўлиб, бунинг натижасида турли хил касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Таомни борига шукр ва қаноат қилиш яхшисини ахтариб, ўзини овора қилмаслик мусулмон кишининг юксак одобларидан ҳисобланади.

Мусулмон одам турмушдаги камчиликларни яхшилаш учун бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилади. Аммо ризқ Аллоҳ таоло томонидан берилишини унутмаслик керак. Шунинг учун ўзига берилган насибани Аллоҳ таолонинг иродаси билан берилди деб билиш керак. Берган ризқи камроқ бўлса норози бўлмаслик, кўп бўлса ҳовлиқиб ҳам қолмаслик керак. Таом еб бўлгандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб дуо қилинади. Таомни егандан кейин шукр қилиб ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига ризқ берувчи зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб туриш маъноси ҳам бор. Шукр қилган бандага эса Аллоҳнинг Ўзи неъматларини зиёда қилиб беришни ваъда қилган. Диёримизда овқатланишдан кейин қилинган дуолардан: “Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа минал муслимийн” (Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деган дуо кенг тарқалган.

 Жамоат билан ўтирганда жамоатнинг ҳаммаси биргаликда Аллоҳга дуо қиладиган бўлса, нур устига нур бўлади. Шунда ҳамма овқатланиб ҳеч ким ҳижолат бўлмай, барча баробар турган бўлади. Агар биз юқорида келтириб ўтилган овқатланиш одобларига ва тартиб қоидаларига амал қилсак, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйган бўламиз. Ҳаётимиз ҳам бунданда чиройли ва гўзал суратда давом этиб бораверади. Аллоҳ таоло барчамизга ҳалолдан ризқ топиб, унинг шукри ва одобини ўз ўрнига қўйишни насиб қилсин.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …