Home / АЛЛОМАЛАР / ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (4-қисм)

ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (4-қисм)

(3-қисм) Нишопурдан Самарқандга келиб таълим олган мутафаккир Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий (1048-1131) қорахонийлар қурдирган олий мадрасада илм олиб, математик, астроном, файласуф, шоир ва табиб бўлиб етишган. У математика илмида кўплаб кашфиётлар қилган, ҳозир Ньютон биноми деб аталган математик ҳисоб усулини айнан у кашф қилган, астроном сифатида 1074 йилдан Нишопурдаги обсерваторияга раҳбарлик қилган, инсоният тарихидаги энг мукаммал йил календари лойиҳасини Умар Хайём ишлаб чиққан.

Маҳмуд Замахшарий (1075–1144). Унинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий бўлиб, 1075 йил 19 мартда Хоразмнинг катта қишлоқларидан бири Замахшарда таваллуд топди. Замахшарий ҳақидаги маълумотлар, асосан, ўрта аср араб манбаларида келтирилади. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вақтини Қуръон тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Замахшарийнинг онаси ҳам тақводор, диндор аёллардан ҳисобланган. Буюк мутафаккир Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асар яратган, уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Унинг араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли жиҳатларига оид асарлари Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. Алоуддин Абулмузаффар Отсизга бағишлаб ёзилган “Муқаддамат ул-адаб” асари алоҳида аҳамиятга эга. Бу асар беш катта қисмга бўлинган бўлиб, унда отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритилган. Асар 1137 йиллари ёзиб тугалланган.

Мўғуллар босқини даврида Марказий Осиё маданий тараққиёти инқирозга юз тутди. Маданият тараққиёти юксак бўлган халқ, маданияти паст халқ устидан ҳукмронлик қилса, қолоқ халқнинг ҳам маданияти юксалади ва аксинча, маданияти паст даражада бўлган босқинчи кучлар маданияти юксак халқ устидан ғалаба қилиб, унга ҳукмронлик қила бошласа, маданияти юксак халқда ҳам инқироз рўй беради, маданий тараққиёт даражаси тушкунликка юз тутади. Бу оддий ҳақиқат кўчманчи мўғуллар босқини ва Марказий Осиёдаги юксак маданият тараққиётига салбий таъсир кўрсатди. Мўғуллар 1218 йилдан 1391 йилгача Марказий Осиёни ўз таъсири остида тутган. 1391 йили Амир Темур Тўхтамишни енгиши Марказий Осиёнинг мўғуллар таъсиридан халос бўлиши эди.

Амир Темур ва темурийлар давридагина фан ва маданият яна равнақ топа бошлади. Санъат ва адабиёт, фанда мислсиз юксалиш рўй берди. Бу даврда Амир Темур, Қозизода Румий, Ғиёсуддин Жамшид, Ёқуб Ҳаммор, Мирзо Улуғбек, Коший, Али Қушчи, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Саккокий, Лутфий, Жомий каби забардаст илм эгалари етишиб чиқади.

Буюк саркарда Амир Темур – Темур ибн Тарағай Барлос Кўрагоний 1336 йил 9 апрель куни Кешда (Шаҳрисабз) таваллуд топган, 1405 йил 19 февралда Ўтрорда тўсатдан вафот (Қозоғистон) этган. Соҳибқирон ўз даврида маҳв этиш мумкин бўлган, яъни шунга арзийдиган ҳамма ерларни босиб олган. ғарбда Туркия, жануби-ғарбда Шом, жанубда Ҳиндистон, шимолда Олтин Ўрда, шарқда Мўғулистонгача забт этган. Амир Темурни 1401 йилдан билган Ибн Арабшоҳ ёзади: “Темурбек келишган, баланд бўйли, кенг пешонали эди. Овози жарангдор, куч ва жасоратда беназир, оқ юзини қайнаб турган қони бирмунча қизартириб турарди. Елкалари кенг, бармоқлари қалин, эти бутун ва бақувват эди. Соқоли узун, назари меҳрли, ўлими олдидан 80га яқинлашиб қолган бўлса-да, на даҳосини ва на жасурлигини йўқотди. Ёлғоннинг душмани, ҳазилни ёқтирмас, ҳар қанча оғир бўлмасин ҳақиқатни тинглашни хуш кўрарди. Қўрқмас жангчиларнинг дўсти, муваффақият ва ғалабалардан ҳовлиқмайди. Форс, туркий ва мўғулчани унингчалик биладиган йўқ эди.

Амир Темур улкан империя тузиш баробарида меъморликка, илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Олимларни тинглашни яхши кўрган. Ўзи ҳам ғоят маърифатли инсон бўлиб, тарихий билими билан Ибн Халдундек олимни ҳайратлантирган. Афсонавий тарихий саркардалар ҳақида жангчиларга сўзлаб бериб, уларнинг шижоатини кўтарарди. Ўзи адиблик қилмаса-да, назм ва насрни яхши билган, суҳбат орасида керакли жойга керакли байтни келтириб, кўпчиликни лол қолдирган.

Афсуски, Соҳибқироннинг вафотидан кейин темурийларнинг бир-бири билан урушлари, турли фитналар салтанатни ичидан емирди. Темурзодаларнинг барчаси моҳир саркарда бўлгани боис уларни мутлақ мағлуб қилиб бўлмасди. Оқибатда бир томоннинг кичик ғалабаси муваффақият саналса-да, аслида империяни барбод қилувчи қадам эди.

Давоми бор…

Профессор Бахтиёр ТЎРАЕВ – фалсафа фанлари доктори,
Анвар БОБОЕВ

Check Also

МИЁНҚОЛ РОВИЙЛАРИ

Зарафшон дарёси ўрта оқимида Оқдарё ва Қорадарёга ажралиб, қуйи оқимида яна бирлашган. Ўрта асрга оид …