Home / МАҚОЛАЛАР / АНБАР ОТИННИНГ “ҚОРАЛАР ФАЛСАФАСИ” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҚАРАШЛАР

АНБАР ОТИННИНГ “ҚОРАЛАР ФАЛСАФАСИ” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ҚАРАШЛАР

ХVII-ХVIII асрлар юртимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу давр хонликлар даври ижтимой-сиёсий ҳаётида турғунлик ҳамда тарқоқлик даври сифатида характерланади. Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу давр тарихини ёритувчи манбаларни шартли равишда икки туркумга ажратиш мумкин. Бир гуруҳ сарой тарихчилари хонликлар даври ижобий жиҳатлари ҳамда хонлар сиёсати ҳамда шахсиятини улуғлаб ёзган бўлса, айрим ёзувчилар мавжуд даврнинг қора нуқталарини ўз фалсафий қарашлари билан асарларда ёритганлар. Бу борада ўзбек мумтоз шоиралари ижодини кузатиш мақсадга мувофиқ. Айнан ушбу мумтоз адабиёт вакилларидан Анбар Отинни ижтимоий-фалсафий қарашларига мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу давр тарихини ҳаққоний ёритган бўламиз. Анбар Отин Фармонқул қизи Дилшод Отин мактабида таҳсил олган. Анбар Отин Фармонқул қизи шеърлар ижод қилиш билан бирга маҳалласидаги ёш қизларга таълим ва тарбия бергани туфайли Отин номига эга бўлади. Анбар Отин ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Ижодда кўпроқ Увайсийга эргашган. Навоийни биринчи устози ҳисоблаган. Замондошлари Муқимий, Фурқат, Завқийлар билан таниш бўлган. Шеърларида уларга мурожаат қилган, улар билан баҳслашган. Ўзбекча шеърлари (48 та)дан девон тузган. Ундан 41 ғазал, 4 муҳаммас, 1 қитъа, 1 маснавий, 1 мустазод ўрин олган (1905). 70-йилларнинг бошида шоиранинг 40 га яқин шеърдан иборат яна бир қўлёзма девони, “Қоралар фалсафаси” рисоласи, 160 мисралик “яккабайт”лари топилди, тожикча ғазалларидан девон тузиш нияти бўлган, аммо бор-йўқлиги ҳозирча номаълум [4: 123]. Анбар Отин шеърлари аксарияти ижтимоий мавзуда. Замона адолатсизлигидан, меҳнаткаш халқ оғир аҳволидан сўз очади, маърифатни улуғлайди.

Жаҳон-оғуга келган Анбаротинман,
Ғаму қайғуга келган Анбаротинман.
Ямон соатда келдим ман жаҳонга,
Ини жодуға келган Анбаротинман.
Адаб аҳли оёқ остида хордур,
Чунин ёғдуға келган Анбаротинман.

«Қоралар фалсафаси» асари асосан бир-бирининг зидди бўлмиш икки муаммо – ижтимоий адолат ва ижтимоий зулм тушунчаларига бағишланган. Рисола кўп ўринларда фалсафий-мажозий талқинлар дан иборат[1: 89]. Чунончи, рисола давомида айниқса, унинг биринчи фаслида қора ва оқ рангларнинг мажозий ҳамда ботиний моҳияти ўзига хос тарзда ифодаланади. Қора меҳнати туфайли дунёни яшнатаётган инсонлар қалбининг оқлиги, оқ тана-ю оқ билак кимсалар қилаётган ишларнинг қоралиги таъкидланади ва улар шу орқали ахлоқий мазмун касб этади. Анбар Отин шундай деб ёзади: «Ул қаро халқ офтоб сўзанида меҳнат қилиб, ўзлари ҳар қанча куйганлари ҳолда, ҳосилларини ҳамтовоқларига туҳфа қилурлар. Мисол андоқдурки, қазонбо вужуд қорадур, ўзи ўтда куйиб қаро бўлғони ҳолда овқат пишуриб одамларни тўйдирур.

Қаролар бордурларки, алар ўзлари қаро бўлғони ҳолда, маърифат нури сийратларида тўла дур ва ул нурларни фасоҳат ва тил дурдоналари воситаси ила оламға оқ шуъла сочарлар, Мисол улдурки, қаро чароғ ўзи қароёғ, куюндиға гирифтор бўлғони ҳолда, нури ила кулбани равшан қилур» [2: 78].

Рисоланинг иккинчи фаслида Анбар Отин ўша даврдаги аёллар аҳволини, уларнинг бевосита ва билвосита ижтимоий камситишлар натижасида ўз иқтидори, истеъдоди, латофатини намоён қила олмасликларини айтиб ўтади. Улар, ҳатто, кўча-кўйларга зарурат юзасидан, масалан, қариндош-уруғларини кўргани бориш учун чиққанларида, эски паранжига ўраниб, ­кампирлар каби букчайиб юрадилар. Чунки агар қадди қоматини адл тутиб, ёки очилиб-сочилиб юрсалар, унларга эркаклар тажовуз қилишлари мумкин. Бундай ахлоқсизликнинг илдизи ижтимоий адолатсизликка бориб тақалади: камбағаллиги туфайли уйланиш, оила бошлиғи бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган бундай эркаклар қарайди: бу ижтимоий-ахлоқий иллатлар албатта ўтиб кетади, ҳурлик, тенглик замонлари келади. Мана бу ҳақда Анбар Отиннинг ўзи нима дейди: «Бир замони бўлурки, камина муштипар каби олижаноб орзу қилғондан зиёда бўлур… алар нима зулумалар авлоди хатарсиз таваллуд ўлиб, яхши парвариш топуб, ҳушрўй ва ҳушҳўй, ботамиз ва ватандўст, серғайрату меҳмондўст бўлуб, камолға етар. Ул замонда барча халқ соҳибжамол бўлур… [3: 54].

Ул замонда одам ахлоқи ул даражаға этурки, мижозга лаҳотунлик русумини тарк этар ва ҳар эр битта ҳОтин ила фароғатвор кун кечиргай…

Ул вақт қизлар илми дунёвий таҳсилиға муяссар булуб, урфон таҳтида қарор топиб, эллар ва улуғлар сафиға дохил бўлурлар, алар ҳайрат ва меҳнатда эрларға ҳамфо ва ёвар бўлуб, обрў топиб, ҳурмат ва икромға сазовор бўлурлар.»

Анбар Отин адолатли подшо муаммосига алоҳида тўхталиб, ўша давр учун ниҳоятда оригинал, кутилмаган ва ҳозирги замонда ҳам аҳамиятини йўқотмаган фикрларни билдиради. У, даставвал «ўрус келди!» деганда ҳамма маърифат аҳли, энди халқнинг, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаёти яхши томонга ўзгаради деб кутганини, лекин бу ишонч оқланмаганини, аксинча, «ўрус подшоҳ мусулмонларға заррачайинки ҳаловат бермаганини» айтади. Баъзи бир руслар ҳукмронлигини оқлаганларга қарши шундай дейди: «Агар ўрус шоҳи дарҳақиқат одил бўлса, ва анинг хоҳиши қарам халқлар ҳам ўрус мисоли озод бўлсун ва барча халойиқ ўрус бирла баробар бўлуб рўзғор кечирсун деса, аморат ва ҳукмронлиқ қонунини дин қонунларидан мустасно келтурсин.» Бошқа бир ўринда файласуф – шоира: «Давлат ишини дини исломдин йироқ тутинг…»  деган фикрни билдиради.

Хўш, бу мустамлакачилик ва адолатсиз тузумдан қутилишнинг йўли борми? Анбар Отин унинг икки йўлини айтиб ўтади. Бири – ақлни инсон ўзига вазир қилиб, фалсафий мушоҳада ёрдамида иш кўриш орқали бунга эришиш мумкин: «Вақтики илм даража қилиб, фалсафа равнақ топса, бу чигилларим кушода бўлур. Фалсафа ибораси ила қарши ва зид сўзларни муқоййяса қилғонда бу чигиллар очилур.» Иккинчи йўл эса ўз  ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этиш мақсадида амалий ҳаракат қилиш, мустамлакачилик зулмига ва адолатсизликка қарши бирлашмоқ, қўлда қурол билан чиқмоқ. Бу йўлни шоира шундай ифодалайди:

«… албатта, ақлу идрок ва жамоатға такя қилиб, барча шайҳ сўфийлардан йироқ ва барча тарсу ваҳмдин эмин бўлиб, золимларға қарши мубориза қилмоқ, яккаликдан ҳазар қилмоқ, бу тадбирлар ила зулмни нобуд этиб, зулматни бартараф қилмоқ зарурдир». Анбар Отиннинг асарлари, айниқса, «Қоралар фалсафаси» рисоласи ҳозирги кунда ҳам ижтимоий-ахлоқий аҳамиятини йўқотган эмас [3: 78].

Бундан ташқари, Анбар Отин шоира ва файласуф олима ­сифатида ҳам, шахс сифатида ҳам кишини ҳайратга соладиган даражада матонатли, покиза инсон, юксак ахлоқ эгаси бўлган. Умрини Туркистон халқлари маънавиятини юксалтиришга бағишлади, ногирон бўлишига қарамай, адолатнинг паҳлавони бўлиб курашди. Бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимизга бу том маънодаги қаҳрамон аёл орзу қилган кунлар келди, Анбар Отиннинг олимона ва шоирона башорати амалга ошди.

Мадина АХРОРОВА,
СамДЧТИ стажер ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қодирова М., ХIХ аср ўзбек шоиралари ижодида инсон ва халқ тақдири. –Т.: Ўқитувчи, 1977.
  2. Қаюмов Л., Ҳусаинова Ф. Демократ шоира Анбар Отин. –Т.: Ўзбекистон, 1964.
  3. Анбар Отин, шеърлар, рисола. –Т.: Бадиий адабиёт, санъат нашри. 1968.

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …