Home / КИТОБЛАР / ФАҚАТ САҲИҲ ҲАДИСЛАРГА СУЯНИЛГАНИ ҲАҚИДА

ФАҚАТ САҲИҲ ҲАДИСЛАРГА СУЯНИЛГАНИ ҲАҚИДА

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақатгина саҳиҳ ҳадисларга эътимод қилганликлари ҳақидаги гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ-ойдин айтганлар ва бошқа уламолар бу гапни қўллаб-қувватлаганлар.

Хатиб Бағдодий ўз санади ила Иброҳим ибн Маъқалдан ривоят қилади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ««Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб, баъзи саҳиҳларни ҳам тарк қилдим», деганини эшитдим».
Имом Бухорий ниҳоятда парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлайдиган зот эдилар. Ҳадисларни фақат таҳоратли ҳолдагина ривоят қилар эдилар.
Хатиб Бағдодий ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий менга:
«Аввал ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб, «Саҳиҳ» китобимга бирорта ҳадис киритмаганман», деди».
Бундан имом Бухорий ҳар бир ҳадисни ўз китобларига киритишдан олдин ғусл қилиб, икки ракъат истихора намози ўқиганлари ва кўнгилларида кенглик пайдо бўлгандагина ҳадисни китобларига ёзганлари маълум бўлади.
Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларига ўзлари ёд олган олти юз минг ҳадисдан фақат саҳиҳларини ихтиёр қилганлар. У киши ўзларининг «Жомеъ»ларини ўн олти йил давомида таснийф қилганлар. Бу таснийф ишлари турли диёрларда давом этган. Унинг бир қисми Бухорода ёзилган бўлса, бошқа бир бўлаги Маккада битилган, учинчи қисми Басрада таснийф қилинган ва ҳоказо.

Аҳдал Имом Бухорийга нисбатан айтган кўпгина мақтовлари давомида қуйидагиларни айтган:
«Одамлар унинг китоби саҳиҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳатто кўпгина фақиҳлар: «Агар бир киши ««Саҳиҳи Бухорий»даги ҳадисларнинг санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормаган бўлса, хотиним талоқ бўлсин», деса, талоғи тушмайди», дейишган».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ОТАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

– عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ …