Home / МАҚОЛАЛАР / Савоб ишда ҳамкорлик – иймон талаби

Савоб ишда ҳамкорлик – иймон талаби

Одамлари камбағалга ёрдам, илмсизга таълим, беморга шифо, етимга кафиллик берадиган, зулмга қарши курашадиган ва фисқ-фасод тарқалишининг олдини оладиган жамият саодатга эришади.

Инсон табиатан ижтимоий мавжудот бўлгани учун бу оламда ёлғиз ҳаёт кечиришга қодир эмас. Шу боис ҳаёти бардавом бўлиши учун айрим масалаларда ўзгалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Оллоҳ таоло одамлар бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиши учун уларни турли миллат ва элатлар қилиб яратган. Чунки ўзаро ҳамкорлик Одам болалари орасидаги ҳаёт тарзининг энг яхшиси ҳисобланади. Зеро, у саодат, ютуқ ва фаол ижодкорлик учун асосдир.

Ўзаро ҳамкорликда иш юритиш юксак ижтимоий қадрият бўлиб, муваффақият сиридир. Шу орқали инсонлар ўз мақсадларига эришади, жамият фаровонлик ва саодатда ҳаёт кечиради. Бундай жамиятда меҳр-оқибат, дўстлик ва аҳллик ҳукмрон бўлади. Унинг аъзолари фаровон ҳаёт, бахтли келажак учун ўзаро ҳамкорликда ва елкама-елка туриб курашади. Ёмонлик ва зулмнинг тизгинини тийиб қўяди. Ўзаро ҳамкорлик туфайли ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган халқ ва жамиятда қадр-қиймати ва ўрни борлигини ҳис қилиб яшайди.

Мусулмон киши ўз биродари билан ҳамкорлик қилар экан, иккисининг ҳаракатига фаоллик қўшилади. Шу боис кўзланган мақсадга тез ва ишонч билан эришади. Чунки ҳамкорлик вақт ва меҳнатни тежайди. Халқимизда “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” деган ажойиб мақол бор. Кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам яхшилик ва тақво ишларида ҳамкорликка тарғиб қилинганини кўрамиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради”; яна: “Оллоҳнинг қўли жамоат биландир”; яна: Мўмин мўмин учун бир-бирини тутиб турадиган бино кабидир”, деганлар.

Мусулмонлар ўзаро ҳамкорликда яшаши учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари барчамизга амалий ибрат ва намуна  бўлиб берганлар. У зот барча ишларда, шодликда ҳам, қайғули вазиятларда ҳам сафдошлари билан бирга бўлганлар. Макка мушрикларининг барча тазйиқлари чоғида ҳақиқий иймон эгаларига қўшилиб озор-азият чекканлар. Илк масжид қурилишида уларга қўшилиб елкаларида ғишт, тупроқ ва тош ташиганлар. Ҳандақ жанги куни эл қатори ер қазиганлар.

Ислом мусулмонларни яхшилик ва тақвода ўзаро ҳамкорликка тарғиб этади. Булар бандани Оллоҳ таолога яқин қиладиган амаллар жумласидан деб белгиланган. Айни пайтда Ислом бизни ёмонлик ва адоватда ҳамкорликдан қайтарган. Оллоҳ таоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”, (Моида сураси, 2-оят) деган. Мазкур оятдаги яхшиликдан мурод унинг ҳар қандай кўринишидир. У бандаларнинг дунё ва охиратдаги барча манфаатини қамраб олган. Унда бандаларнинг ўзлари ва Робби билан боғлиқ ҳолатлари ҳақида сўз кетяпти. Чунки банда мана шу икки ҳолат ва икки мажбуриятдан айро эмас. Бири ўзи билан Оллоҳ ўртасидаги мажбурият бўлса, кейингиси ўзи билан одамлар ўртасидаги мажбуриятдир.

Ҳамкорлик яхшилик ва тақво ишларида бўлади. Яъни ҳар бир инсон илми ва амали билан бошқаларга ёрдамчи бўлади. Чунки одам ёлғиз ўзи ҳамма ишга ҳам қодир эмас. Зеро, Оллоҳ таоло инсониятни бир-бирига боғлиқ ва кўмакчи қилиб яратган.

Борлиқни яратган Оллоҳ таоло инсонларнинг куч-қудрати ва имкониятларини, иқтидори ва эҳтиёжларини ҳам бир-биридан фарқли қилиб яратди. Шу боис кимдир кучли, кимдир ожиз, бирови бой, бошқаси камбағал. Ҳамма вақт ва ҳамма замонларда, ҳар бир жамиятда бадавлат ва қашшоқ, олим ва жоҳил, кучли ва кучсизлар табақаси мавжуд бўлган. Шу боис инсонлар ўзи яшаб турган жамиятни саодатли қилишни истаса, бир-бири билан ҳамкорликда яшаши лозим. Раҳбарият таълим-тарбия, иш ўрни ва яшаш жойи, беморлар учун шифохоналар ҳамда гўзал ҳаёт учун керак бўладиган барча воситаларни тайёрлаб бериши лозим. Илм аҳли эса билимсизларга таълим бериши, адашганларни тўғри йўлга солиши керак. Бойлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, камбағалларга молиявий кўмак бериши, кучлилар заифларга ёрдам кўрсатиши керак.

Ўзаро ҳамкорликнинг самараси жамият ҳаётида намоён бўлади. Аъзолари иқтисод, фарзанд тарбияси ва ота-онага меҳрибонлик борасида бир-бирига ҳамкор бўлган жамоа бахтли бўлади. Одамлари камбағалга ёрдам, илмсизга таълим, беморга шифо, етимга кафиллик берадиган, зулмга қарши курашадиган ва фисқ-фасод тарқалишининг олдини оладиган жамият саодатга эришади. Унда фаровонлик, хотиржамлик барқарор бўлади. Фуқаролар ўртасида меҳр-оқибат кенг тарқалади.

Ўзаро ҳамкорлик фазилатли ва эзгу амал, улуғ ва муборак меҳнатдир. Пойдевори мустаҳкам, деворлари пишиқ бўлишини хоҳлаган жамият учун ҳамкорлик жуда муҳим. Ҳар ерда яшашига қарамай, ўзаро ҳамкорлик сабабли инсонлар бир-бири билан иноқ бўлиб ҳаёт кечиради. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Оллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Оллоҳ унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Оллоҳ қиёмат кунида унинг айбини беркитади”, деганлар. Бинобарин, биз, мусулмонлар намоз, закот, рўза каби ибодатларни фарз деб билганимиздек, мискинлар, бева-бечоралар, қаровчиси йўқлар, қўйингки, ўзгаларнинг эътиборига муҳтож ҳамма-ҳаммага яхшилик қилишни, бу йўлда ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришни, бир-биримизга елкадош бўлишни ўзимизга лозим деб билишимиз керак. “Меҳрибонларга Оллоҳ меҳрибон бўлади, бошқаларга меҳрибон бўлинглар, сизларга Осмондаги зот меҳрибон бўлур”, деганлар Пайғамбар алайҳиссалом.

Дарҳақиқат, Оллоҳ таолога энг маҳбуб амал – бу мусулмоннинг қалбига қувонч улашиш, унинг ғамини аритиш, қарзи бўлса, уни адо этишга ёрдам бериш, оч бўлса, тўйдиришдир. Бир инсоннинг муаммосини ҳал қилиш, унинг эҳтиёжини таъминлаш учун елиб-югуриш ҳам бир ибодат кабидир.

Шундай экан, бутун инсоният бошига имтиҳон бўлиб келган ҳозирги мураккаб шароитда ҳар биримиз учун чин инсоний фазилатларни намоён қилиш имон талабидир. Айниқса, муборак Рамазон ойида қўлдан келганича саховат қилиш ҳам иймон, ҳам ибодат, ҳам катта савоб, ҳам ибрат бўлади. Зеро, буюк бобомиз Алишер Навоий айтганидек, “Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай”.

Алоуддин НЕЪМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Манба: yuz.uz

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …