Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қўлёзмалар тадқиқи соҳасига оид халқаро семинар бошланди

Қўлёзмалар тадқиқи соҳасига оид халқаро семинар бошланди

Бугун, 1 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида семинар-тренинг иш бошлади.

Унда Марказ ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи, Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходимлари, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти таянч докторантлари, реставраторлар ва Қирғиз-Турк Манас университети олимлари иштирок этди.

Тадбир очилишида Марказ директори иштирокчиларни қутлаб, ушбу семинар қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш соҳасидаги мутахассислар билим ва кўникмаларини бир қадар оширишга имконият яратишини ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Дастлабки куннинг асосий қисмида мавзу юзасидан Париждаги “Коллеж де Франс” (Collège de France) ўқув-тадқиқот муассасаси олимаси, филология  ва тарих фанлари доктори, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори Мари Эфимию маъруза қилди.

Тадқиқотчи ўз маърузасида ҳудуднинг бой маданий мероси Ўрта Осиё қўлёзмаларини ўрганишга қизиқиш уйғотишини, чунки маданиятлар чорраҳаси саналган минтақа ўзининг нодир маънавий хазинаси билан машҳур эканини қайд этди.

Олима Ўрта Осиёда ўзига хос қўлёзма анъанаси вужудга келган даврдан литография ва босмахона каби технологиялар кириб келган пайтгача бўлган муддатда яратилган манбалар коллекциялари, улардаги қўлёзма нусхаларнинг сақланишини Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди мисолида тавсифлаб берди. Бу ўринда маърузачи қўлёзма қоғозларнинг турлари, фойдаланилган сиёҳ ва ранглар, форматланиши, саҳифалаш тартиби ва безаклари хусусида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, қўлёзмаларда ишлатилган калит сўзлар, варақ белгилари, муқова ва колофонларига ҳам алоҳида тўхталди.

Куннинг иккинчи ярмида соҳанинг маҳаллий мутахассислари ўз шахсий иш тажрибаси ва фаолият олиб бораётган илмий муассасалар ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Иштирокчиларда Қирғиз-Турк Манас университети олимаси, фалсафа доктори, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори Дерйа Идикурт “Ўзбекистон мероси – Усмонийлар архивида” номли маърузаси айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш керакки, хорижлик тадқиқотчилар қўлёзмалар билан ишлаш ва уларни археологик предмет сифатида тадқиқ этувчи кодикология соҳасида етарли илмий салоҳиятга эга. Улар олиб бораётган изланишларда эътибор қаратиш лозим бўлган ва ўрганишга арзийдиган жиҳатлар мамлакатимизда мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Семинар эртага ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм-фандаги янгича ёндашувларга бағишланди

Навоий давлат педагогика институтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Илм-фандаги замонавий тенденциялар” мавзусида …