Home / ҲАДИС / Аллоҳ таолонинг: “БИЗ ИНСОНГА ОТА-ОНАСИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИ БУЮРДИК” деган ояти каримаси ҳақида

Аллоҳ таолонинг: “БИЗ ИНСОНГА ОТА-ОНАСИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИ БУЮРДИК” деган ояти каримаси ҳақида

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

قال الله تعالى: “وَوَصَّيْنَا الإِنسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْناً [العنكبوت : 8]

Аллоҳ таолонинг: БИЗ ИНСОНГА ОТА-ОНАСИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИ БУЮРДИК[1] деган ояти каримаси ҳақида.

۱– أخبرنا أبو نصر أحمد بن محمد بن الحسن بن حامد بن هارون بن عبد الجبار البخاري المعروف بابن النيازكي قراءة عليه فأقر به، قدم علينا حاجا في صفر سنة سبعين وثلاثمائة قال: أخبرنا أبو الخير أحمد بن محمد بن الجليل بن خالد بن حريث البخاري الكرماني العبقسى البزار سنة اثنين وعشرين وثلاثمائة قال: حدثنا أبو عبد الله محمد بن إسماعيل بن إبراهيم بن المغيرة بن الأحنف الجعفي البخاري قال: حدثنا أبو الوليد قال: حدثنا شعبة قال: الوليد بن العيزار أخبرني قال: سمعت أبا عمرو الشيباني يقول: حدثنا صاحب هذه الدار وأومأ بيده إلى دار عبد الله قال: سألت النبي صلى الله عليه و سلم “أي العمل أحب إلى الله عز و جل؟” قال: “الصلاة على وقتها” قلت: “ثم أي” قال: “ثم بر الوالدين” قلت: “ثم أي” قال: “ثم الجهاد في سبيل الله”. قال: “حدثني بهن ولو استزدته لزادني“. أخرجه البخارى فى مواقت الصلاة (۵۲۷), و فى الأدب (۵۹۷۰), و الدارمى (۱۲٦۱),مسلم فى الإمان (١٢٧), النسائى فى الصلاة (۱/۲۹۳), و الترمذى فى البر و الصلة (۱٨٩٨).

  Бизга хабар берган киши Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳомид ибн Ҳорун ибн Абдужаббор Бухорийдир. У Ибн Ниёзикий номи билан танилган. Ундан (китобни) ўқиб ўтказганимдан кейин розилик билан ижозат берган. У бизнинг ҳузуримизга ҳожи бўлиб, уч юз еттинчи йилнинг сафар ойида келди. У: Бизга Абулхайр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жалил ибн Холид ибн Ҳурайс Бухорий  Кармоний Абқасий Баззор уч юз йигирма иккинчи йилда хабар берди, – деди. У: Бизга Абу Абдуллоҳ ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Жуъфий Бухорий ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Абулвалийд ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Шуъба ҳадис айтди, – деди. У: Менга Валид ибн Ийзор хабар берди, – деди. У: Абу Амр Шайбонийнинг “Мана бу ҳовлининг эгаси бизга ҳадис айтган” деб Абдуллоҳнинг ҳовлисига имо-ишора қилганини айтди. У (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси?”, – деб сўрадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, -дедилар. Мен: “Ундан кейин қайси?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ундан кейин  ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар. Мен: “Ундан кейин яна қайси?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кейин Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиш”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мана шуларни айтдилар.  Агар мен сўрашимни зиёда қилганимда, албатта (Расулуллоҳ) зиёда жавоб берар эдилар”, – деди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд – саҳобий, тўлиқ исмлари, Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб ибн Шамх ибн Фор ибн Махзум ибн Соҳила ибн Коҳил ибн Ҳорис ибн Тамим ибн Саъд ибн Ҳузайл ибн Мудрика ибн Илёс Хузалий, кунялари Абу Абдураҳмон. Ота-оналари Ҳузайл қабиласидан бўлганлар. У ўта кичик жуссали одам бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд Исломга олтинчи бўлиб кирган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий хизматларида бўлган. Расулуллоҳга хизматлари натижаси ўлароқ ва илмга чанқоқлиги сабабидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом умматининг фақиҳи, мужтаҳид олим даражасига етдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом уммати қориларининг пешвоси бўлдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Ислом динининг дастлабки вақтларида Қуръони каримни дунёда биринчи баралла ўқиган инсон мартабасини берган бўлса, кейинчалик Ўз каломини энг яхши тиловат қиладиган ва маъноларини энг яхши биладиган шахслардан қилди.

Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд мусулмонлар ичида ўзининг аъло даражадаги қироати ва ширали овози ҳамда оятларни тўғри тафсир қилиши билан ажраб турган. Ўттиз иккинчичи ҳижрий  йилда (м.653й.) вафот этган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

У (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси?”, – деб сўрадим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига берилган бу мазмундаги саволларга савол берувчининг ҳолатига қараб турлича жавоб берганлар.  Саҳоба бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан инсон жисми ила бажариладиган солиҳ амалларнинг афзалроғи ҳақида сўрамоқда. Агар қалб билан бажариладиган амал ҳақида бўлганида эди, шубҳасиз “Аллоҳ таолога иймон келтириш” мазмундаги жавоб берилган бўлур эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, -дедилар.

Яъни,  Расулуллоҳнинг бу жавоблари номознинг аввали ва охирги вақтини ўз ичига олади. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримнинг бир неча ўринларида номозни ўз вақтида адо этишга буюрган. “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!”[2]

Ҳадисда мукаллаф бўлган ҳар бир банда кўзда тутилган. Намоз фарзлиги эркак-аёлга баробардир. Фарзларни бажариб, ҳаром ишлардан йироқ юрмоқ бандани дўзахдан сақлайди.

Мен: Ундан кейин қайси? – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ундан кейин  ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар.

Ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш номоз ўқишдан кейин энг афзал иш эканлиги таъкидланмоқда. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу жавоблари ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматида бўлишнинг савоби улуғроқ эканлигига далилдир. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳ таоло йўлида жидду жаҳд, уруш қилишдан ҳам олдинга қўйди. Дарҳақиқат, ҳар бир ота-онанинг ўз фарзандини камолига етишида хизматлари тенгсиздир. Ҳеч қандай эваз талаб қилмасдан, ота-она ўз фарзандини гўдаклигидан оқ ювиб, оқ тараб, уни асраб-авайлаб вояга етказади. Йиллар давомида ҳеч қандай эвазсиз, меҳр билан фарзандни кийинтириб, едириб-ичириб, таълим олишига шароит яратиб, уни жамиятда ўзи ва бошқалар учун керакли инсонга айлантирадилар. Уларнинг фарзанд учун қилган хизматларини қалам билан ёзиб адо қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам Исро сурасида ва бошқа сураларда ўзигагина ибодат қилишга буюрганидан кейин ота-онага яхшилик қилишга буюради:

“23. Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! 24. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!”[3]

 Мен: Ундан кейин яна қайси? – деб сўрадим.

 Саҳоба яхши амалларга ҳарис бўлганлиги сабабли Расули акрамдан яна савол бериб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кейин Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиш”, дедилар.

Дарҳақиқат, фазилатли амаллар бисёр. Аммо уларнинг турли даражалари мавжуд бўлиб, баъзи ўринларда бири биридан афзалроқ бўлади. Ана шундай фазилатли амаллардан бири Аллоҳ таоло йўлида жиҳод – ҳаракат қилиш, жидди-жаҳд қилишдир.

Жиҳоднинг ҳам бир неча турлари бўлиб, киши ўз ҳавойи нафси билан курашиши,  шариат илмини ўрганиб сўз билан Аллоҳ таолони йўлига бошқаларни чақириши, молу мулки билан динга хизмат қилиши шулар жумласидандир. Уларнинг ичида энг улуғи бошқа ҳадисларда келтирилганидек, кишини ўз нафси билан курашмоғи ва уни ҳидоят йўлида ушлаб турмоғидир. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:  “Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши ҳақиқий мужоҳиддир!” (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари). Чунки, ўз нафси билан курашиб уни жиловлаб, фақат тоат-ибодатлару солиҳ амаллар сари ошиқадиган ва гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин киши ўзининг кўзга кўринмайдиган душмани устидан ғалаба қозонади. Аслида, ҳеч бир кураш бу каби муҳим ва узоқ йиллар давом этмайди ҳамда ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Инсон ўз нафсининг устидан ғолиб келсагина шайтоний нафс ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавойи-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида илоҳий нур – имон порлайди. Ана шундан кейингина мўмин киши Аллоҳ азза ва жалла йўлидан оғишмай қадам ташлайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мана шуларни айтдилар.  Агар мен сўрашимни зиёда қилганимда, албатта (Расулуллоҳ) зиёда жавоб берар эдилар”, – деди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ўз ихтиёри билан савол беришдан тўхтаганлигини маълум қилмоқда. Шариатдан деб айтилинган бир амални ҳаётларига татбиқ этиб бўлганларидан кейин иккинчиси ҳақида сўраш саҳобаларнинг одатларидан эди. Эшитганларига амал қилиб, уни ҳаётларига татбиқ этмасдан бошқа амалларни сўрашмас эдилар. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳдан эшитган ушбу уч амал билан кифояланиб, бошқа савол бермади. Зеро, ҳар бир инсон учун ўз ҳаёти давомида мана шу уч нарсани амалга оширишнинг ўзи улкан ишдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Дин-диёнатга, эътиқодга оид ишларни илмли кишидан сўраш.
  2. Фарз намозларини ўз вақтида ўқиш.
  3. Ота-онага яхшилик қилиш.
  4. Саволни ўзининг тоқат даражасига қараб бериш ва кўп савол бермаслик.
  5. Шариат илмларини муттасил ҳолда кам-камдан ўрганишга ҳаракат қилиш.
  6. Ислом динига оид сўзларни, шу жумладан “жиҳод” сўзини ҳам тўғри маънода талқин қилиш, ҳақиқий жиҳод ўз нафсига қарши қурашиш, уни тарбиялашдир.
  7. Кўп савол беришдан сақланиш.
Ҳадисшунослик шўъбаси илмий ходими
Н.Қобилов
[1] Қуръони карим “Анкабут” сураси 8 оят.
[2] Бақара сураси, 238-оят мазмуни.
[3] Исро сураси, 23,24-оятлар мазмуни.

Check Also

Гуноҳ бўлмаса ота-онани амрига итоат қилиш ҳақида

٩ – باب يبر والديه ما لم يكن معصية 9-боб. Гуноҳ бўлмаса ота-онани амрига итоат …