Home / МАҚОЛАЛАР / ЙЎЛДАН ОЗОР БЕРУВЧИ НАРСАЛАРНИ ОЛИБ ТАШЛАШНИНГ МУКОФОТИ ЖАННАТДИР

ЙЎЛДАН ОЗОР БЕРУВЧИ НАРСАЛАРНИ ОЛИБ ТАШЛАШНИНГ МУКОФОТИ ЖАННАТДИР

Ислом динида ибодатлар муайян бир доира билан чекланмайди. Балки инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай иш холис ният билан амалга оширилиб, Аллоҳ ва унинг Расули буюрган ёки қайтарган нарсаларга зид бўлмаса, ибодат ҳисобланади. Албатта, ҳар қандай амал риё ва кибру ҳаводан холи бўлса, унинг даражаси ҳам, савоби ҳам катта бўлади. Шундай амаллар борки, арзимас кўринса-да, гуноҳларнинг кечирилиши ва жаннатга киришга сабаб бўлади.

Ана шундай амаллардан бири йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашдир. Тош, шох-шабба, тикан, тўсиқ, чиқинди ва йўл бузилиши оқибатида пайдо бўлган чуқур каби нарсалар, албатта, йўловчиларга озор бериши тайин. Буларни бартараф қилиш нафақат масъул хизматчиларнинг иши, балки ҳар бир шахснинг масъулиятли бурчидир.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар келтирилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: «الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ أَوْ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً أَفْضَلُهَا لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ»[1] متفقٌ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имон олтмиш ёки етмиш нечта шўъба (бўлак)дан иборат. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” (калимаси) бўлса, энг кичиги йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё имондан бир бўлакдир”,  дедилар.

Демак, йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш имоннинг бир жузи экан. Келиб чиқадики, ким йўлдан озор берувчи нарсани бартараф қилишга бепарво бўлса, имонининг бир бўлагини йўқотган бўлади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عليه و سلم قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَّرِيقِ، وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ عَلَى الطَّرِيقِ، فَأَخَّرَهُ، فَشَكَرَاللهُ لَهُ، فَغَفَرَ لَهُ.»[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши кўчада кетаётган эди. Йўлда ётган тиканли шохни учратди. Уни четга олиб ташлади. Аллоҳ таоло унинг бу амалидан рози бўлиб, гуноҳларини кечирди”, дедилар.

Демак, одамларга озор бермасин деб, кўчада ётган арзимас тиканни бўлса ҳам олиб ташлагани учун банданинг гуноҳлари кечирилар экан. Энди савоб умидида ундан ҳам каттароқ ва кўпроқ озор берувчи нарсаларни олиб ташлаган кишининг даражаси қандай бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг!

Албатта, гуноҳдан пок бўлган ҳолда жаннатга кириш ҳар бир инсоннинг орзусидир. Шу сабабли саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жаннатга элтувчи амаллар ҳақида кўп сўрар эди.

عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ قَالَ: قلت يَا رَسُولَ اللهِ دُلَّنِى عَلَى عَمَلٍ يُدْخِلَنِى الْجَنَّةَ قَالَ: «أَمْطِ الأَذَى عَنْ طَرِيقِ النَّاسِ».[3]

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Ё Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалнинг ишорасини беринг, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг йўлидан озор берувчи нарсаларни олиб ташла (четлаштир)!” дедилар.

Ушбу ҳадисда саҳоба бир амални бажариб, жаннатга кириш ниятида чин ихлос билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мени жаннатга киришим учун сабаб бўладиган амални кўрсатишни сўради. Бунинг йўли осон экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг йўлидан озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш шундай катта савоб эканини айтдилар.

Демак, ким йўлида ётган нарсаларни ихлос билан олиб ташлар экан, унинг номаи аъмолига кўп-кўп ҳасанот – катта ажру савоб ёзиларкан. Кимнинг ҳасаноти – ажру савоби кўп бўлса, у жаннатга киради. Албатта, дунёда имон-эътиқод билан, гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда яшаб, охиратда жаннатга кириш ҳар бир мўминнинг орзу-мақсадидир. Унинг амалга ошиш ошмаслиги инсоннинг амалига боғлиқдир. Йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашнинг мукофоти жаннат бўлар экан. Келинг, биз ҳам ғурурга берилиб, бундай имкониятни қўлдан бой бериб қўймайлик!

 [1]Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳул Муслим. 58(35)-ҳадис.; Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъут Термизий. 2614-ҳадис.; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Аадабул муфрад. 598-ҳадис.; Абу Довуд. Сунан. 4676-ҳадис.; Ибн Можа. Сунан. 57-ҳадис.
[2]Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. 652-ҳадис.; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Аадабул муфрад. 229-ҳадис.
[3]Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳул Муслим. 128-ҳадис.; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Адабул муфрад. 228-ҳадис.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …