Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ДУНЁДАГИ ЭНГ ЙИРИК ҚЎЛЁЗМА КУТУБХОНАЛАРИДАН БИРИГА ТАШРИФ

ДУНЁДАГИ ЭНГ ЙИРИК ҚЎЛЁЗМА КУТУБХОНАЛАРИДАН БИРИГА ТАШРИФ

Туркия сафарида бўлиб турган делегация аъзолари Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ташриф доирасида кутубхона раҳбари доктор Ҳусайн Кутан билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда кутубхона тарихи, қўлёзмаларни йиғиш, уларни таъмирлаш, факсимиле нусхаларини яратиш, сақлаш шароитлари бўйича маълумот берилди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, икки Марказ илмий ходимларини Сулаймония кутубхонасида малака оширишларини ташкил қилиш, кутубхона фондидан фойдаланиш, ундаги электрон китобларни Марказларга жалб қилиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқотдан сўнг делегация аъзолари Сулаймония кутубхонаси фондлари ва китобларни сақлаш шароитлари билан танишдилар. Ташриф чоғида кутубхонадаги Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид китобларнинг каталогини яратиш, уларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Ташриф доирасида делегация томонидан кутубхонанинг Қўлёзмалар шифохонаси бўлими фаолияти ҳам ўрганилиб, бўлимда олиб борилаётган ишлар, китобларни таъмирлаш техникаси, бунда фойдаланиладиган ускуналар ҳақида батафсил маълумот олинди. Делегация аъзолари Бўлим ходимларининг меҳнат фаолиятига бевосита гувоҳ бўлдилар.

Маълумот ўрнида: Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Сулаймония кутубхонаси (ёки Сулаймония қўлёзма асарлар кутубхонаси) дунёдаги энг йирик қўлёзма кутубхоналаридан бири саналиб, 1557 йилда Сулаймония куллияси таркибидаги биринчи ва иккинчи мадрасаларнинг кутубхонага айлантирилиши натижасида ташкил топган. 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошланиши муносабати билан қимматли қўлёзма асарларни сақлаб қолиш мақсадида шу вақтгача мавжуд бўлган барча қўлёзма китобларни Сулаймония кутубхонасига жамлаш бўйича қарор қабул қилинган. Ҳозирги Сулаймония кутубхонаси 1927 йилда тўла шаклланган.

Кутубхонада бошқа ўзига қарашли кутубхоналар билан биргаликда жами 100 мингдан зиёд қўлёзма ва 80 мингга яқин босма асарлар сақланмоқда. Асосан араб, турк ва форс тилларидаги қўлёзмалар сақланаётган кутубхонада ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Ибн Синонинг нодир қўлёзмалари ҳам мавжуд.

Кутубхона таркибида 152 та коллекция мавжуд бўлиб, улардан энг йириклари Аё София, Бағдодли Ваҳбий, Жоруллоҳ, Домад Иброҳим, Асад Афанди, Фотиҳ Ҳожи Маҳмуд, Ҳамидия, Қилич Али, Лолали, Раисулкуттоб, Сулаймония, Шаҳид Али ва Янги Жомеъ коллекциялари ҳисобланади.

Отиф Афанди, Кўпрулу, Нуриусмония, Роғиб Пошо қўлёзма асарлар кутубхоналари Сулаймония кутубхонасига қарашли кутубхоналар ҳисобланади.

Кутубхона хизмат кўрсатиш, асарларни таснифлаш ва каталоглаштириш, рақамлаштириш ва бюро хизматлари каби хизмат турларини китобхонларга тақдим қилади. Кутубхонада Сақлаш ва Тадқиқот маркази, Ҳусайн Унвер тадқиқот маркази каби марказлар фаолият кўрсатади.

 Кутубхонада Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таьвилот ал-Қурьон” асарининг нодир қўлёзмалари, мотуридийлик таълимотига оид юзлаб қўлёзма ва босма асарлар мавжуд.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …