Home / АЛЛОМАЛАР / ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (2-қисм)

ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (2-қисм)

(1-қисм)Бу олимлар жаҳон фанига қандай ҳисса қўшишган?

Ал-Хоразмий ноль (сифр) рақамини кашф қилиб, ўнлик саноқ системасини истеъмолга киритди, инсониятга алгебра фанини, алгоритмик тартибот системасини инъом қилди. Бугунги информацион технология илдизи Ал-Хоразмийнинг шу кашфиётига бориб тақалади. Унинг астролябияни ихтиро қилганлиги, “Алжабр вал-муқобала”, “Астрономик жадваллар”, “Ҳинд саноқ системаси ҳақидаги рисола”, “Қуёш соатлари ҳақидаги рисола”, “Мусиқа ҳақидаги рисола”[1] каби асарлари дунёнинг кўплаб кутубхоналарида сақланмоқда.

Фарғоний. Тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний (798861). Фарғона водийсидаги ҳозирги Сўхнинг Касир қишлоғида туғилган бўлиб, Европада Alfraganus номи билан танилган, астрономия фани асосларини, юлдузлар ҳаракатини ўлчаш қоидаларини, хронологик жадвалларни ишлаб чиққан. Унинг астрономик юлдузлар жадвали (Зижи) бугунги кунгача ўз қийматини йўқотмаган. 861 йили Нил дарёсининг Қоҳирага яқин жойидаги Рауда оролчасида дарё суви тошишини олдиндан кўрсатувчи Миқёси Нилни бунёд этган. Бу мисрликларга деҳқончилик маданиятини ривожлантиришда жуда қўл келган, экин экишни тўғри ташкил қилишга ёрдам берган, сув солиғини тартибга солган, одамларни очарчиликдан сақлаб қолган. Унинг “Астрономия асослари” китоби Европа университетларида янги даврларда ҳам дарслик сифатида ўқитилган.

Ал-Хоразмий ва Фарғоний марвлик математик ва астроном олим Умар ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Абд ул-Малик ал-Марв ар-Рўзий ёки ал-Марвазий (IX аср) исмли мутафаккир Яҳъё ибн Абу Мансур, Санад ибн Али, ал-Жавҳарий сингари олимлар билан Дамашқ ва Бағдодда астрономик кузатиш ишлари олиб борган.

Яна бир туркий математик ва астроном олим Абул-Фазл Абд ал-Ҳамид ибн Воси ибн Турк ал-Хутталий (IX аср) ҳам Ал-Хоразмийнинг сафдошларидан бўлиб, у билан биргаликда алгебра фанини яратишда иштирок этган. Ал-Хутталий Ер меридианининг 1 градусли ёйи узунлигини ўлчашда ҳам қатнашган. Унинг “Арифметика ва сонларнинг хусусиятлари ҳақидаги нодир китоб”, “Савдолашиш китоби” каби ноёб асарлари ҳақида маълумотлар бор.

Энди инсониятнинг илоҳий ва фалсафий фикрлар хазинасини бойитган мутафаккирларимиз ҳақида тўхталайлик.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуфий ал-Бухорий (810–870). Бухорода таваллуд топган, дунёга ҳадисшунос сифатида танилган улуғ мутафаккир олим. У пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)нинг табаррук ҳадисларини ишонарли манбалардан тўплабгина қолмай, инсониятга маънавий покланиш, ахлоқий ва маърифий жиҳатдан ўзлигини англаш йўлини кўрсатиб, башариятни ахлоқий ва маънавий таназзулдан сақлаб қолди. Бугунги кунда Ғарб дунёсида ахлоқий деградация ниҳоятда кучая бошлаган бир шароитда инсоният учун унинг ахлоқий мероси жуда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Ғарбда чегараланмаган демократик ўйинлар таъсирида оила институти емирилиб, оилавий тарбия издан чиқмоқда. Бундай шароитда Ғарб оиласини фақатгина Имом Бухорийнинг “Адаб ул-Муфрад” асарида тўпланган ҳадислардаги гуманистик ғоялардан тўғри фойдаланиш эвазига қутқариб қолиши мумкин. Бу ғояларда оилани, унинг бошида турган ота-онанинг ҳамжиҳатлилиги ва оила қаршисидаги масъулиятигина нажот келтириши мумкин, деб таълим берилади. Ҳақиқатан ҳам, ғарбча “чегараланмаган эркинлик” оила масъулиятининг ҳам заволидир.

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотуридий (870-944) йирик файласуф, фақиҳ ва каломшунос олим. У ислом динида эътиқодни “тўғри йўлга солувчи” имом сифатида ном қозонган калом таълимотининг йирик намояндасидир. Олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон”, “Китоб ат-Тавҳид”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар” каби асарлари исломшуносликда алоҳида қийматга эга. Бу асарларнинг фалсафий жиҳати, уларда мантиқий изчилликнинг юксаклиги, ақл-идрокли инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларига ўзи масъул эканлиги, билиб туриб ақлни ишлатмаслик жиноят ва у жазога лойиқ эканлиги ҳақидаги ғоялари эътиқодни мустаҳкамлашда одилона йўл эди.

Абу Носир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Узлуғ ал-Форобий ат-Туркий (872-950) йирик туркий мутафаккир, энциклопедист-олим, юнон фалсафаси асосларини араб тилида изоҳлаб берган йирик файласуф, мантиқшунос, мусиқашунос, тилшунос, тарихчи, астроном, табиатшунос бўлган. У 80га яқин тилни билган ва уларнинг барчасида ижод қила олган.

Араб илм-фанида Аристотелни муаллими аввал, яъни биринчи муаллим деб аташган бўлса, Форобийни муаллими соний, яъни иккинчи муаллим деб шарафлашган.

Форобийнинг фалсафа тарихи, ижтимоий фалсафа, социология, гносеология, онтология ва мантиққа оид асарлари бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган. У математика, астрономия, мусиқа, тиббиёт, тилшунослик, тарих ва илоҳиётга оид асарлар ҳам ёзган. У Мисрда ёзган “Фозил инсонлар шаҳри” асарида ижтимоий фалсафанинг қонуниятлари ҳақида, жамият тараққиётининг қонуниятлари ва ҳаракатлантирувчи кучларини асосли равишда мантиқий изчилликда тушунтириб берувчи фикрларни илгари сурган. У умрининг охирларида ёзган “Мусиқа ҳақидаги катта китоб” асари эса мусиқа назарияси асосларини талқин этишга, мусиқа оҳангларини символик усулда қоғозга ёзиш мумкинлигига бағишлаб битилган ноёб асардир. Бу уни мусиқа ноталари кашфиётчиси, деб айтишга асос бўлади.

[1] Қар.: Классическая наука Средней Азии и современная мировая цивилизация. – Т.:Фан, 200. С.4.

Давоми бор…

Профессор Бахтиёр ТЎРАЕВ – фалсафа фанлари доктори,
Анвар БОБОЕВ

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …