Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Марказ тадқиқотчилари Туркия грантлари асосида таҳсил олиши ва илмий иш қилиши мумкин

Марказ тадқиқотчилари Туркия грантлари асосида таҳсил олиши ва илмий иш қилиши мумкин

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикасининг Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (ЙТБ) раҳбари Абдуллоҳ Эрен 15 ноябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди.

Абдуллоҳ Эрен ташрифини Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёратидан бошлади. Бу ерда муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг меҳмон халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида тадқиқотчилар ва талабалар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Ташриф доирасида Марказ илмий жамоаси иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Шукрулло Умаров Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида сўзлади.

Шунингдек, сўнгги йилларда юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қўшни мамлакатлар ва қардош халқлар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, Марказнинг Туркиядаги илмий-тадқиқот муассасалари ва марказлар билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Абдуллоҳ Эрен ЙТБ фаолияти тўғрисида сўзлади.

– Бошқармамиз Туркия Республикасининг хориждаги фуқаролари ва қардош халқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, асосан 3 йўналишда фаолият олиб боради. Туркия ташқарисидаги турк диаспораси билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қардош халқлар билан муносабатларни кенгайтириш, хорижлик талабаларга Туркияда давлат грантлари асосида таълим бериш асосий йўналишларимиз саналади. Ҳозирги кунда Туркияда 170000 хорижий талаба бўлса, уларнинг 1000 нафардан ортиғини ўзбекистонликлар ташкил этади. Бугунги кунда 17000 талаба ЙТБ грантлари асосида бепул таълим олмоқда. Уларнинг 150 нафари ўзбекистонлик ёшлардир, – деди меҳмон.

Абдуллоҳ Эрен Самарқандда энг машҳур муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганини, Ўзбекистонда ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар тараққий этишига муносиб ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар етишиб чиққанини, мана шундай тинч ва улуғ диёрда меҳмон бўлиб турганидан бениҳоя бахтиёр эканини алоҳида қайд этди.

– Бутун дунёда эзгуликка хизмат қиладиган мана шундай илмий масканни ташкил этган Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий миннатдорлик билдирамиз. Марказ тадқиқотчилари Туркиядаги олий ўқув юртларида бакалавриат, магистратура, доктарантура ва таълимнинг кейинги босқичларида таҳсил олиши учун грантлар ажратишга, зарур шароитлар яратиб беришга ЙТБ тайёр эканини билдираман,- деди Абдуллоҳ Эрен.

Давра суҳбати сўнггида Абдуллоҳ Эренга Марказнинг эсдалик совғалари топширилди.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …