Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев 11 январь куни Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Президентимиз дунё харитасида пайдо бўлган янги илмий Марказ фаолиятига тўхталар экан, ушбу Марказ юртимизга илм, барака олиб келишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган илмий Марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга.

Ушбу Марказ илмий ходимлари мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишдек масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

25-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд Давлат чет тиллар институти ректори п.ф.д. профессор И.М.Тўхтасинов, институтнинг “Шарқ филологияси” факультети араб тили ва адабиёти ўқитувчиси Мисрлик доктор Ҳашим Исмаил Ҳамам, институт халқаро алоқалар бўлими бошлиғи О.Юсупов ҳамда институт ўқитувчилари ташриф буюришди.

Меҳмонларни Марказ Халқаро алоқалар бўлими илмий ходими Ф.Мадиев ва Марказ Матбуот хизмати котиби Ж.Жумаев кутиб олди.

Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев дастлаб меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди.

Ҳадисшунослик шуъбаси раҳбари Б. Амонов меҳмонларга Марказда ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф, калом илмининг буюк номоёндалари бўлган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда илмнинг шу йўналишлари бўйича илмий ходимлар ва малакали мутахассисларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар тўғрисида маълумотлар берди.

Қўлёзмалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Й. Исаев меҳмонларни  Марказ кутубхонасида  сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар билан таништирди.

Шундан сўнг меҳмонлар Музейда сақланаётган ноёб экспонатлар, замонавий ахборот берувчи воситалар, ҳадис илмига оид нодир китоблар билан яқиндан танишдилар. Улар мана шундай маънавият-маърифат масканлари инсонни улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундашини таъкидладилар.

Айниқса меҳмонлар, кутубхонада сақланаётган ҳадис илмига оид қўлёзма ва тошбосма асарларга ва музейдаги буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ҳамда илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга жуда юксак баҳо бердилар.

Марказ маъмурияти ташриф ва ташаббускорлиги учун институт ректори И.М.Тўхтасиновга ўз миннатдорчилигини билдирди.

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …