Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқандлик журналистлар ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқандлик журналистлар ташрифи

Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган ушбу марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга. Президентимиз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор 2016-йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Қисқа фурсат ичида иш бошлаган марказ фаолияти билан танишиш инсонга  куч- қудрат ва завқ бағишлайди. Нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон дунёсида ноёб бу марказ ислом динининг асл моҳиятини, унинг фалсафасини кенг тарғиб қилиш, илмий бойитишга салмоқли ҳисса қўшган алломаларимизнинг сўнмас мероси тимсолида ташкил этилди.

22-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилоят Матбуот уйи ходимлари ва мухбирлар ҳамда  вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари ва уларнинг  ташаббуси билан Иштихон тумани нуронийларидан иборат 35-нафар меҳмонлар ташриф буюрди. Меҳмонларни Марказ директори ўринбосари Ш. Умаров бошчилигида илмий ходимлар кутиб олди. Ш. Умаров дастлаб меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди. Шундан сўнг меҳмонларни музейга таклиф этиб, музейдаги ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, нодир экспонатлар ва девордаги тасвирлар билан  яқиндан таништирди.

Айниқса, меҳмонларда музейдаги замонавий ахборот берувчи воситалар ҳамда  буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий сафарлари акс эттирилган деворий суратлар катта таассурот уйғотди. Меҳмонлар илмий тадқиқотчилар учун ажратилган хоналарни ва уларга яратилган имкониятларни кўриб, хоналар жиҳозлари, моддий ашёларини тартиб ва нозик дид билан жойлашганлиги ҳамда меъморчилик ишларига юқори баҳо бердилар.

 Шу билан бирга меҳмонлар Марказ кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма ва тошбосма асарларга юқори баҳо бериб, уларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Марказ маъмурияти ташриф ва ташаббускорлиги учун Матбуот уйи вакиллари ва мухбирларга ҳамда Туризмни ривожлантириш департаменти ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ж. Жумаев 
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …