Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛИДА ИФОДА УСЛУБЛАРИНИНГ БОЙЛИГИ

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛИДА ИФОДА УСЛУБЛАРИНИНГ БОЙЛИГИ

Ҳижоз ўлкасида араб тили назм ва насрда жило топиб, бозорларда, кўчаларда, карвонсарой ва одам гавжум бўладиган бошқа жойларда ўзининг тароватини намойиш қилиб турган бир даврда Аллоҳ ўзининг охирги Пайғамбари (С.А.В.)га араб шоирларини беллашувга чақириб ожиз қолдирган китоби – Қуръони каримни нозил қилган.

Қуръони Карим Аллоҳнинг ҳузуридан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжиза сифатида нозил бўлган муқаддас калом бўлгани учун, уни араб миллатининг бошқа ижодий насрий ва назмий асарларидан ажралиб турадиган, бошқа асарларда такрорланмаган ўзига хос хусусиятларга эга қилган.

Улардан биринчиси Қуръоннинг назми шеъриятнинг барча қоидаларига мухолифдир. Бу хусусиятни олимлар ҳам, шоирлар ҳам, ҳатто, оддий араблар ҳам дарҳол ҳис қилган. Баъзи мушриклар Пайғамбаримиз (С.А.В.)ни шоир деб маломат қилиб турган бир пайтда турли ғаразли мақсадлар билан у кишининг ҳузурларига келган ва у зотдан Қуръони каримнинг тиловатини эшитган ондаёқ диллари юмшаб, руҳий осойишталикни туйган. Шундайлар ўз қавмининг олдига қайтганида: «Аллоҳга қасамки, мен Муҳаммаддан бир каломни эшитдим, у шеър эмас, инсоннинг сўзига ҳам ўхшамайди», деб эътироф этган.

«Қуръоннинг услуби инсонларнинг хитоб услубига ҳам ўхшамайди, балки унинг жумлалари дарҳол ёдда қоладиган ва тиловат қилинадиган услубдир. Бу услуб Қуръоннинг ўзига хос мўъжизавий йўли бўлиб одамларнинг каломида учрамайдиган хусусиятдир», деб ёзади Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур[1].

Маҳмуд Замахшарийнинг «Кашшоф» асарида таъкидланишича, Қуръони каримнинг жузларга, ҳизбларга ва сураларга тақсим қилиниши ҳам араб каломида янгилик бўлган.

Арабларнинг шеърларида ўтган воқеа-ҳодисаларнинг қиссаси баён этилмас эди. Жуда кам ҳолларда, масалан, биргина шеърда бир одамни илон чақиб вафот этиши, кейин унинг акаси билан ёмонлик қилмасликка аҳдлашгани, пайтини топганда эса илон яна ваъдасини бузиб, унга хиёнат қилгани ҳикоя қилинган. Бошқа араб шеърларида эса умуман қисса тилга олинмаган. Ҳар бир мусулмонга етадиган неъматни ҳам, бошига тушадиган азоб-уқубатни ҳам бир қисса билан келтирилиши, масалан, “Аъроф” сурасида аҳли жаннат ва аҳли дўзахнинг ҳолатлари қисса шаклида берилиши, арабларни лол қолдирган.

Қуръоннинг яна бир хусусияти бошқа миллат вакилларининг исмларини мақомга мувофиқ “арабчалаштириб” зикр этилишида. Масалан: Довуд (А.С.)нинг қиссасида Шовил исмли подшоҳнинг Толут деб номланиши, Иброҳим (А.С.)нинг отаси Ториҳни Озар деб ўзгартирилиши шулар жумласидан.

Араблар бирор ҳодисани ифода этиш учун зарбулмасал усулини қўллаган. Бунда бўлиб ўтган ҳодиса зикр этилмаган ва унга ишора этувчи пардали жумладан фойдаланилган. Кейин орадан кўп вақт ўтиши натижасида ҳодисанинг ўзи бутунлай унутилиб, фақат уни ифода этувчи зарбулмасал қолган. Натижада зарбулмасалдан кўзланган асосий ҳодиса – мақсад кўпчиликка номаълум нарсага айланган.

Давоми бор…

Мухсин МАМАДАЛИЕВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

[1] Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур. Ат-таҳрир ват танвир. Тунис. 1-ж. 120-б.

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …