Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Баҳоуддин Нақшбанд исломий ва дунёвий илмлар мутафаккири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир

“Баҳоуддин Нақшбанд исломий ва дунёвий илмлар мутафаккири” мавзусида маънавий-маърифий тадбир

 2018 йил 8 ноябрь куни Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликдаБаҳоуддин Нақшбанд исломий ва дунёвий илмлар мутафаккири мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи И.Даминов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев, фиқҳ шўъбаси мудири М.Хидиров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Л.Саодатова, Қарши шаҳар бош имом хатиби А.Бойқобилов, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ректори Н.Маҳмудов,  маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори А.Хайриддинов, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири Ж.Шоназаров, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Тадбирни институти ректори Назирилла Маҳмудов кириш сўзи билан очиб берди:

 “Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 16-апрел куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сонли Фармони, ҳамда 2017 йил 11 июльдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-4988-сонли Фармойиши қабул қилинди. Президент Фармони ва Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида бугун “Ижтимоий фанлар” кафедраси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида Баҳоуддин Нақшбанд исломий ва дунёвий илмлар мутафаккири  мавзусидаги маънавий-маърифий анжуманни ташкил қилдик. Ушбу тадбирдан кўзлаган мақсадимиз талабаларимиз биз қандай улуғ-авлиё ва алломаларнинг авлодлари эканлигимиз ва буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос ва уларнинг тариқатларини ёшларимизга етказишдан иборат.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” деб бежизга таъкидламаганлар.

Шундан сўнг, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Иргаш Даминов сўзга чиқиб, “Марказий Осиё алломаларининг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” ҳақида маъруза қилди.

Ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантиришда кўмак беришга устоз-мураббийлар катта масъулият билан ёндашишлари лозим. Бунда халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев сўзга чиқиб “Баркамол авлод тарбиясида Нақшбандия тариқатининг тарбиявий аҳамияти” борасида фикрларини баён этди.

Т.Эвадуллаев ўз маърузасида барча тасаввуфий таълимотларда “нафс” тарбиясига жуда катта эътибор берилгани ва мана шу “нафс” инсонни улуғлик мақомларига етишида ҳам энг паст даражага тушиб кетишида ҳам асосий омил бўлишини таъкидлаб ўтди. Ислом дининг энг муқаддас манбаси Аллоҳнинг каломи Қуръони каримнинг бир нечта ояти карималарида “нафс” ҳақида айтиб ўтилганлигини оятлар шарҳи мисолларида тушунтириб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фиқҳ шўъбаси мудири Машраб Хидиров “Тасаввуф тарихи, таърифи ва Ўрта Осиёда тариқат” мавзусида нутқ сўзлади: “Тариқат ёки тариқа ўзи нима эканлигини тушунтириб ўтди.

М.Хидиров Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот бериб ўтди, жумладан –  Имом Бухорий бобомиз меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами – “Ал-Жоме ас-Саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини имон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда. Бу улуғ аллома томонидан яратилган бой маънавий мерос келажак авлод маънавий камолоти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади”, деб таъкидлади.

 Тадбир якунида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Нақшбандия таълимотида комил инсон ғояси” мавзусида институт талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган иншолар танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.       

      Шунингдек иншолар танловида фаол иштирок этганликлари учун 15 дан ортиқ талабалар “Фахрий ёрлиқ” ва Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Л.Саодатова, институт маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори А.Хайриддинов ва Ижтимоий фанлар кафедраси томонидан совғалар билан тақдирландилар.

Тадбир профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …