Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Лайс Самарқандийнинг тафсир илмига қўшган ҳиссаси

Абу Лайс Самарқандийнинг тафсир илмига қўшган ҳиссаси

Абу Лайс куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий 298/911 йилда Самарқандда зиёли оилада таваллуд топган. У фақиҳ, муфассир, муҳаддис, ҳофиз, сўфи бўлиб, Ас-Самарқандий “Имому-л-ҳуда”, “Фақих” номлари ва “Абуллайс” куняси билан машҳур бўлган. Ас-Самарқандий ҳаёти давомида тафсир, фиқх, усул (дин асослари), ақидага оид кўплаб асарлар яратган. Абуллайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Тузий Абу Ҳанифа мазҳабидаги фақиҳлардан бўлган. Баҳс-мунозараларда машҳур бўлган. Самарқандда яшаган ва шу ерда вафот этган. Устози Абу Иброҳим Термизий бўлиб, ундан ривоят қилади. Шогирди Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Саъйид Самарқандий навоий деб келтиради ва алломани “Туз” қишлоғига нисбат беради.[1]

Абу-л-Лайс Самарқандий ўз замонасининг ҳанафий мазҳаби уламоларидан таҳсил олган ҳолда асосан Балх ва Самарқанд илмий муҳитида шаклланди. Биографик асарларда олим ҳаёти, устозлари, асарлари ҳақида қисқа сўз юритилади. Кўпинча улар бир хил маълумотларни такрорлайдилар. Шунингдек, бизгача етиб келган асарларида олим ўз ҳаётига оид маълумотларни бермаган лекин асарларидан дунёқараши шаклланган илмий муҳит ҳақида маълумотларни ҳосил қилиш мумкин.

Абу Лайс Самарқандийнинг барча устозлари ҳанафий мазҳаби уламолари бўлиб, улардан аксариятининг силсиласи Нўъмон ибн Собит Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасанга бориб тақалади.

Абу Лайснинг устозлари, асосан, Х асрда ислом илмлари ривож топган марказлар Балх, Самарқанд, Бухоро аҳлларидан бўлиб, ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан ҳисобланган.

Абу Лайс Самарқандий илмий-маънавий меросидан унинг тафсирлари “Тафсир ал-Қуръон”. Тўрт жилди бўлиб, энг яхши тафсирлардан ҳисобланган. Ушбу машҳур асарларидан бири “Баҳр ал-улум” (Илмлар денгизи) номли тафсири ҳам муҳим манбаа сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Ас-Самарқандийнинг Миср давлатидаги “Таймурия” кутубхонасида № 524 остида сақланаётган, настаълиқ ёзувида ёзилган қўлёзма тафсири сақланиб келмоқда. Ушбу тафсирда Қуръондаги «Наба» сурасидан «Нос» сурасигача шарҳи берилган.[2] Мазкур асар қайси даврда ёзилганлиги ҳақида маълумот келтирилмаган. Аллома ўз асарини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобиъийнларнинг ривоятларини жамлаган ва улардан унумли фойдаланган. Шу билан бирга, у асарда араб тилшунос олимлари асарларидан, ўз ижтиҳод-раъйидан ҳам ҳамда ўзидан олдинги муфассирлар сўзлари орқали Қуръонни шарҳлаган. Унинг раъйи ижтиҳоди Қуръоннинг тарбиявий жиҳатларини ёритишда намоён бўлади. Шу сабабли, ушбу асар мўътабар тафсирлардан бўлиб, кейинги кўплаб асарларга манба бўлиб хизмат қилган.

 “Кашфуз-зунун” китобининг муаллифи шундай ёзади: “Абул Лайс ас-Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” тафсири жуда машҳур, ажойиб китобдир. Унда келтирилган ҳадислар 854 ҳижрий йилда вафот этган Шайх Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо ал-Ҳанафий томонидан ривоят қилинган. Бу тафсирнинг уч жилдли қўлёзма нусхаси Миср кутубхонасида ва икки нусха қўлёзмаси Ал-Азҳар кутубхонасида сақланмоқда. Ал-Азҳардаги икки нусханинг бири икки жилдли, яна бири эса уч жилдлидир.

Имом Бухорий халқари илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими
А. Рахимов

[1] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. – Б.315.

[2] Миср. “Таймурия” кутубхонаси.  № 524.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …