Home / МАҚОЛАЛАР / Мутолаанинг 10 фойдаси

Мутолаанинг 10 фойдаси

Олимлар ақл ва фикр тиниқлигини бир умр сақлаб қолишнинг йўлини аллақачон кашф қилиб бўлган – бунинг учун мияни муттасил равишда ривожлантириш, яъни ҳамиша “машқ қилдириб бориш” керак. Бунинг энг мақбул чораси эса мунтазам мутолаадир. Тўғри, бугун мияни чиниқтиришдан кўра унга дам беришни афзал кўрамиз – телевизорга, компьютердаги виртуал оламга “шўнғиймиз”, электрон ўйинлар ўйнаймиз. Лекин тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, инсон мартабаси ошиши, оиласида яхши муносабатлар барқарор бўлиши, ёшариши ва кўпроқ умр кўриши учун мутолаадан яхшиси йўқ экан.

Қуйида китоб ўқишнинг муайян 10 фойдасини санаб ўтамиз.

  1. Мутолаа инсоннинг сўз бойлигини оширади. Турли жанрлардаги китобларни ўқиганда кундалик ҳаётда учрамайдиган сўзларга дуч келамиз. Қизиқувчанлик бизни ана шу сўзларни луғатдан топиб, маъно-мазмунини аниқлашга ундайди. Баъзида эса, “янги сўз”нинг маъносини жумла мазмунидан мантиқан чиқариб оламиз. Айни пайтда қайси сўз қандай ёзилишини ҳам билиб оламиз.

Шу тариқа китоб мантиқни ривожлантириш ва саводхонликни оширишда ҳам бизга ёрдам беради.

  1. Мутолаа одамлар билан мулоқотни яхшилайди. Мутолаа давом этгани сайин нутқимиз ривожланиб боради. Фикрларимизни аниқ, равон, лўнда ифода эта бошлаймиз. Ҳикоя қилиб бериш кўникмамиз ривожланиб, қизиқарли суҳбатдошга айланамиз, одамларда яхши таассурот қолдирамиз.

Энг муҳими, китоб ўқимайдиганлар энди бизга ҳавас билан қарай бошлайди ва эҳтимол, мутолаага берилади.

  1. Мутолаа одамда ўзига ишончни мустаҳкамлайди. Суҳбат чоғида юксак ақл-заковатимизни (мақтаниш учун эмас, балки табиий равишда), кўтарилган мавзуни яхши билишимизни намойиш эта олсак, ўзимизга ишончимиз ортади, гап-сўзларимиздан дадиллик уфуриб туради.

Демак, китоб ўқиган одам бошини баланд кўтариб гапира олади.

  1. Мутолаа сиқилишга чек қўяди. Ҳозирги кунда стрессга тушмаган одам йўқ. Ҳаёт ташвишлари эзиб қўймаслиги учун китоб ўқиш керак. Ундаги сўзлар бойлиги, ритм, ҳиссиётлар асабимизни тинчлантириб, руҳ ва танимиздаги сиқилиш ва чарчоқларни кетказади. Уйқу олдидан қилинган мутолаа кун давомидаги ташвишларни унутиб, тиниқиб дам олишимизга ёрдам беради.

Телевизор, компьютер ва телефонни китобга алмаштиришнинг гўзал оқибати шундай.

  1. Мутолаа хотирани яхшилаб, тафаккурни ривожлантиради. Китоб ўқишнинг фойдали жиҳатларидан бири унинг тафаккуримизга ижобий таъсир кўрсатишидир. Мутолаа қилар эканмиз, асардаги мавзуни чуқурроқ англаш учун турли мушоҳадаларга борамиз. Кўз ўнгимизда кўплаб персонажлар гавдаланади, уларнинг хулқ-атворини “кўрамиз”, гап-сўзларини “эшитамиз”, атроф-теварагига “боқамиз”. Асар сюжетини яхлит ҳолда мияда сақлаб туриш учун ғайриихтиёрий равишда (қийналмасдан) кўплаб деталь ва эпизодларни ҳамиша ёдда тутамиз.

Буларнинг барчаси хотира ва мантиқни машқ қилдиради, тафаккурни кенгайтиради.

  1. Мутолаа Альцгеймер касаллигидан сақланишга ёрдам беради. Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, китоб ўқиш мия хасталикларининг олдини олар экан. Чунки, истасак-истамасак, мутолаа пайти мия фаоллиги ошади, иши бир маромга тушади.

Миянинг фаоллиги унинг умумий аҳволини яхшилайди.

  1. Мутолаа одамни ёшартиради. Мия қариса, одам танаси тезроқ қариши фанда аллақачон исботланган. Бунга ҳаётда мисоллар кўп. Китоб ўқиган одамда эса, мия доимо фаол бўлиб туради, демак, ёшлигини сақлайди.

Натижада тана ҳам тетик сақланиб туради ва қарилик ортга сурилаверади.

  1. Мутолаа одамда ижодкорликни оширади. Креатив инсонлар бирор мавзуда гап очилиши билан дарров уч-тўртта ажойиб ғояни олға суриб юборади. Уларни қаердан олади, дерсиз. Албатта, китобдан олади. Кимнинг ҳаёти, кимнингдир тажрибаси қандай бўлгани, ким қайсидир шароитда қай йўсинда иш тутгани – буларнинг барчасини китоб ўқиш орқали билиб олиш мумкин.

Китобдаги ғоялар ва қаҳрамонлар тажрибаси ҳаётда албатта асқотади.

  1. Мутолаа уйқуни яхшилайди. Юқорида таъкидланганидек, уйқу олдидан қилинган мутолаа тиниқиб дам олишни таъминлайди. Негаки, ҳар куни ётишдан олдин китоб ўқисак, танамиз шунга ўрганиб қолади. Алал-оқибат мутолаа организм учун ўзига хос уйқу сигналига айланади. Яъни, қайсидир босқичга (қанчадир саҳифа ўқилганидан кейин) келганда, “энди ухлаймиз”, дейди.

Натижа шу бўладики, уйқуга кетишга қийналмаймиз, тиниқиб ухлаймиз ва эрталаб ўзимизни бардам ва тетик ҳис қиламиз.

  1. Мутолаа хаёлни бир жойга қўйиб, фикрни жамлаб олишга ёрдам беради. Китоб ўқиш жараёнида бошқа нарсаларга чалғимасдан асар ичига “шўнғиб” кетамиз. Фикримиз бир жойга жамланган бўлади. Мана шу кўникма ҳаётимиздаги бошқа ҳолатларда ҳам катта ёрдамчимиз бўлади. Бирор иш қилсак, диққатимизни чалғитмай, қунт билан бажаришга ўрганамиз.

Бу эса бирор масала юзасидан қарор қабул қилишда холислик ва рационалликни сақлашимизга, турли вазиятларда ўзимизни босиқ ва вазмин тутишимизга ҳам ёрдам беради.

Музайяна МАШРАБХОН

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …