Home / ЯНГИЛИКЛАР / Хайр-саховатдан мунаввар диллар

Хайр-саховатдан мунаввар диллар

Сирдарё вилоятидаги аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд, “Темир дафтар”да рўйхатда турган қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ушбу тадбирларни адолатли ва кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида вилоят ҳокимлигида масъул идора ва ташкилотлар вакилларидан ташкил топган штаб аъзолари билан биргаликда 4 кундан буён меҳр-мурруватга муҳтож бўлган инсонлар яшаётган “Мурувват уйлари”, “Сардоба” сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқароларга уйма-уй юриб эҳсонлар қилинаётир.

Ҳар бирининг вазни 50 килограмм, нархи 2 миллион сўм атрофида бўлган 5 та қўчқор сотиб олиниб, режа-график бўйича жами 5 та объектнинг, шу кунгача 4 тасида қурбонлик амалга оширилди. Қурбонлик қилинган жонлиқларнинг гўшти кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга эҳсон қилинди.

Жумладан, Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги жомеъ масжидларида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакили, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ҳамда оқсоқоллар иштирокида қурбонлик маросимлари ўтказилди.

Жонлиқ қурбонлик қилингач Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб, Яратганга дуолар қилинди. Шунингдек, вилоятдаги 74 та жомеъ масжиднинг барчасида хуфтон намозидан сўнг Қуръони карим хатми амалга оширилди.

Сардоба, Мирзаобод ҳамда Оқолтин туманларида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси билан биргаликда алоҳида график асосида ҳар бир маҳалладан 10 тадан камбағал оилаларга “Вақф” хайрия фонди стикери ёпиштирилган 3 тадан қутига 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жойлаштирилган ҳолда тарқатиб чиқилди.

Сирдарё вилоятида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган хайрия тадбирлари жорий йилнинг 30 декабрига қадар давом этади.

Манба: ЎзА

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …