Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН САЙЙИД БУРҲОНИДДИННИНГ “РАВЗАТ АС-САФО” АСАРИ ВА УНИНГ ТАВСИФИ

МУҲАММАД ИБН САЙЙИД БУРҲОНИДДИННИНГ “РАВЗАТ АС-САФО” АСАРИ ВА УНИНГ ТАВСИФИ

Тарих – ўтмишда яшаган халқларнинг ҳаёти ва уларнинг ривожланиш давомида содир бўлган этник ўзгаришлари, воқеа – ҳодисалар, уларнинг турмуш тарзи, этнографияси, ижтимоий, иқтисодий муносабатлари ҳамда цивилизация тараққиёти поғонасида давлатчиликдаги тутган ўрни ва маданияти ўрганиладиган фан ҳисобланади. Ҳар бир миллатни тарихини ёритиб, ўрганишда манбалар орқали талқин қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ўрта Осиёдаги қадимги шаҳарлар ва юртимизга тегишли маълумотларни Авесто, Геродот, Квинт Курций Руф, Плутарх, Хитой солномалари, Эрон манбалари ҳамда араб халифалиги ҳукмронлик давридан кейинги яратилган Гардизий, Наршахий, Беруний, Ибн Хавқалларнинг асарлари орқали маълумотларга эга бўлиш мумкин. Кўриниб турибдики, ҳар бир давр тарихини ёритиб беришда мана шундай манбалар пойдевор бўлиб келмоқда. Мовароуннаҳрда бир қанча мустақил ҳукмрон сулолалар давлатчиликка асос солиб, маданий, маърифий, иқтисодий ҳаётни ривожланишига ҳисса қўшишган.

Жумладан, Темурийлар ҳукмронлиги даврида ҳам Мовароуннаҳрдаги бу ривожланишни тарихчиларимиз томонидан Шарқ Ренессанс даври деб номланади. XIV-XV асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон, ҳадис, араб тили ва грамматикаси, риёзиёт, фалакиёт, мусиқа, адабиёт, фиқҳ, мантиқ, тарих илмлари тараққий этган. Бу даврдаги алломаларимиз томонидан яратилган асарлар бугунги кунда жаҳон маданияти ва илм-фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Темурийлар тарихига оид Абдураззоқ Самарқандий “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Ҳофиз Абрў “Зубдат ут-таворих”, Мирхонд “Равзат ус-сафо”, Хондамир “Ҳабиб ус-сияр” асарлари нодир манба саналади. Ушбу асарлардан бири Мирхонд ва унинг “Равзат ас-сафо”(Соф жаннат боғи) ёки “Равзат ус-сафо фи сийрат ал-анбиё ва-л-мулук ва хулафо” (Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида соф жаннат боғи) номи билан машҳур бўлган асарини турли нусхалари ва унинг бугунги кундаги муҳим манба эканлиги ҳақида маълумотлар келтирилади.

روضة الصفا في سيرة الانبياء والملوك والخلفاء

  1. Муаллиф: Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ибн Камолиддин Маҳмуд ал-Балхий (Мирхонд).
  2. Ёзилган йили, жойи:
  3. Кўчирилган вақти, жойи: XIX acp.
  4. Котиб:
  5. Тили: Форс.
  6. Қоғози: Шарқ.
  7. Варағи: 332 в.(1б-332б). (8б332).
  8. Хат тури: Майда настаълиқ.
  9. Киновар (сиёҳ тури): Керакли сўзлар ва боб номлари қизил сиёҳ
  10. Сатр:
  11. Муқова ва матн ўлчамлари: 17,5х31,5; 10,5х20,5.
  12. Асарнинг бошланиши:

زيب فهرست نسخه مفاخرا بسناى عالى مكان وزينت ديباجه مجموعه…

  1. Асарнинг охири:

بعد از ين شروع در قسم دويم ازين كتاب وايراد بندى از حكايات رسول الله صلى الله عليه وسلم واصحاب رضوان الله عليهم اجمعين…

  1. Колофон: Мавжуд.
  2. Муҳр: 8б саҳифада овал ва гулсимон муҳрлар мавжуд. Уларда: “Мир Аловуддин ибн халифа Мир Жалолиддин”, “Мир Жалолиддин ибн … Мир Олим ибн Мир Закариё Саййидхожа ал-Ҳусайний ал-Алавий 1271” ва “Мирзо Ҳабибуллоҳ” деган ёзувлар битилган.
  3. Ҳошия: Қизил рангда ҳошия жадвали чизилган. Қўшимча ва тузатишлар ҳошияда берилган.
  4. Пойгир: Мавжуд.

Асар тавсифи: 335, 336 саҳифаларда форс тилида ёзилган байтлар бор.

“Равзат ас-сафо”(Соф жаннат боғи) ёки “Равзат ус-сафо фи сийрат ал-анбиё ва-л-мулук ва хулафо” (Пайғамбарлар, подшоҳлар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида соф жаннат боғи) номи билан машҳур бўлган асар умумий тарихга оид асар. Унинг муаллифи Мир Муҳаммад ал-Балхий бўлиб, Мирхонднинг ота-боболари бухоролик бўлиб фиҳқ илмида замонасининг етук олимлари “тож аш-шариъа соний” (иккинчи шариат тожи), “Маҳбубийлар” номи билан танилган олимларнинг наслидан бўлган[1]. Мирхонднинг отаси Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ҳам ўз даврининг билимдон кишиларидан бўлиб, Шоҳруҳ Мирзо (1377-1447) ининг таклифи билан (1405-1447) пойтахт Ҳиротга чақирилган. Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳнинг уч ўғли бўлиб, тўнғичи Амир Хонд Муҳаммад (1433-1498) эди. Кейинчалик у Мирхонд тахаллуси билан донг таратган. Мирхонд ёшлигидан ўша замон кенг тарқалган билимларни чуқур эгаллайди. Унинг набираси Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Мирхонднинг ўз даврининг машҳур тарихчилар бўлиб етишишида Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган[2] ҳамда Навоий уни бу соҳада доимо моддий қўллаб турган ва унинг таклифи пайғамбарлар, халифалар ва подшоҳлар тарихи ҳамда буюк кишиларнинг қилган ишлари тўғрисида етти жилддан иборат бир асар ёзишни буюриб, унинг учун Ихлосия хонақосидаги ўз уйи ҳамда ўзининг машҳур кутубхонасини унинг ихтиёрига топширган. Аммо, Мирхонд улкан асарини мукаммал тугата олмай, яъни еттинчи жилди ва жуғрофий илова маълумотлари йиғилган мусаввада ҳолига етганида вафот этган. Унинг асарини набираси Ғиёсиддин Хондамир якунига етказади Манбаларда келтирилишича, 1-6 жилдлари 903/1498 йил тугатилган бўлса, 7-жилди 929/1523 йилда ёзиб тугатилган. Жуғрофий илова материаллари 907/1502 йил ёзилган. Ушбу кўрсаткичлардан келиб чиқадиган бўлсак, асар 1523 йилда тамоман ёзиб тугатилган.

Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида “Саййид Ховандшоҳ ўғлидурким, Балх (қуббат ул-исломий) нинг мутайин донишманди ва бузурги эрди ва ўзи йигитликда улум такмили қилди ва ғоло бовужуди кибари син ва олий насаб касрати ҳасабки, барча мужиби ужб анониятидурлар, ул миқдор бетаййин ва фоний машраб ва хуш ахлоқ кишидурким, андин ўтмас. Иншо ва тарих фанида беназирдур. Бу фақир илтимос била аввали офаринишдин бу кунгача тарихи жомеъи битуруким, нисфиға етибдур. Иншооллоҳ, тугатурига муваффақ бўлғайким, таворих асосида андин муфидроқ тарих бўлмағусидур.”[3]– дея таъриф келтирган. Алишер Навоий унинг шоирлик истеъдодига эга бўлганлиги тўғрисида ҳам сўз юритиб ўтган. Мирхонд Балхда туғилган, лекин умрининг кўп қисмини Ҳиротда ўтказган. Мирхонд асарни ёзишга киришиб, ушбу асарнинг олтинчи жилдини ёзиш чоғида касалликка чалиниб, вафот этади ва набираси Ғиёсиддин Хондамир асарни якунига етказади[4]. “Равзат ус-сафо” асарини яратишда Мирхонд 40 та муаллиф, яъни араб тилида ижод қилган 18 та ва форс тилида ижод қилган 22 та (СВР да 15 та араб ва 25 та форс манбалари дея кўрсатилган. Қаранг: СВР. История. Фан, 1998. С. 44.) олим ижодига мурожаат қилган. Бу асар замонавий тадқиқот даражасида яратилган тарихий ёдгорликдир. Асарда дунёнинг яратилишидан то 1523 йилга қадар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён этилган. Асар муқаддима, хотима ва географик қўшимчадан ташкил топган. Аллоҳга ҳамд, пайғамбар (с.а.в.)га саловат айтгандан сўнг, асарнинг муқаддима қисми бошланади. Асар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён қилинган. Асар муқаддима, хотима ва географик қўшимчадан ташкил топган. Аллоҳга ҳамд, пайғамбар (с.а.в.)га саловат айтгандан сўнг, асарнинг муқаддима қисми бошланади Асар етти жилддан иборат бўлиб, улар қуйидагилар:

1-жилд: Дунёнинг яратилишидан то Сосоний Яздигард III (632-651) давригача ўтган тарихий воқеалар ўрин эгаллаган.

2-жилд: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва биринчи тўрт халифа даврида бўлиб ўтган воқеалар.

3-жилд: Ўн икки имом тарихи, Уммавийя ва Аббосийя халифалари.

4-жилд: Аббосийлар билан замондош бўлган сулолалар. (Эрон, Марказий Осиё ва Ҳиндистон)

5-жилд: Мўғуллар, Чингизхон, унинг авлоди, Эрон ва баъзи қўшни мамлакатлар ва улардан кейинги Темур давригача мавжуд бўлган сулолалар тарихи.

6-жилд: Амир Темур ва темурийзода Султон Абу Саъид ўлимигача (1469) бўлиб ўтган воқеалар.

7-жилд: Султон Ҳусайн Бойқаро ва фарзандларининг тарихи (1523). Хотима.

“Равзат ус-сафо” асарини умумий тарихга оид форс тилидаги машҳур китоблардан бири деб баҳолаш мумкин. Чунки, биргина Тошкент шаҳридаги ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номли институтининг Асосий ва Ҳамид Сулаймонов фондларида унинг юздан ортиқ қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси Хоразмда Хива хонлари – Муҳаммад Раҳим I (1221/1806-1240/1825), Муҳаммад Амин (1262/1846-1271/1855) ва Муҳаммад Раҳим II (1282/1865-1328/1910) буйруғига биноан йиллар давомида таржимон, шоир ва тарихчи олим Мунис (ваф.1244/1829) ва Огаҳий (ваф. 1291/1874) иштироки ва бевосита раҳбарлигида амалга оширилган. Мунис 1819 йил Муҳаммад Раҳим I дан асарни таржима қилиш тўғрисида фармон олади. Хоннинг илтимосига биноан “Сулаймон пайғамбар авлодлари” номли бобга қўшимчалар киритади. 1236/1821 йилда асарнинг биринчи жилд таржимаси якунланади. Иккинчи таржимон Огаҳийнинг таъкидлашича, Мунис биринчи жилдни якунлаб, иккинчи жилд таржимасини бошлайди. Аммо, 1244/1829 йилда ишини якунига етказа олмай вафот этади. 1260/1844 йилда Хиванинг бўлажак хони Муҳаммад Амин Огаҳийдан асарнинг иккинчи жилд таржимасини тугатишни сўрайди. Асарнинг қолган жилдлари Муҳаммад Юсуф Махдум, Муҳаммад Назар ва бир неча таржимонлар томонидан амалга оширилган. Китоб матни 1845-1848 йиллари Бомбей, 1853-1857, 1960 йиллари Теҳрон, 1874-1883-1891 йиллари Лакҳнав шаҳарларида чоп этилгани ҳам асарнинг шуҳрати ва аҳамиятидан далолатдир. Асардан айрим парчалар инглиз, француз, немис ва рус тилларига таржима қилиниб, чоп этилган. Бу китоб ҳақида 1999 йилда шарқшунос Маҳмуд Ҳасаний рисола эълон қилган. Ғарб тадқиқотчиларидан Н.Д. Миклухо-Маклай ҳам асарнинг нусхалари борасида тадқиқот амалга оширган. Мазкур қўлёзма асарнинг биринчи жилди бўлиб, унда дунёнинг яратилишидан Сосоний Яздигард III (632-651) давригача ўтган тарихий воқеалар ўрин эгаллаган. 1б саҳифада “Бу китобнинг эгаси Саййид Мир Аловуддин ал-Ҳусайний ал-Алавий Имом Раббоний Ғавс Самадоний Соҳибул ансоб Саййид Амир Кабир Ҳазрат Саййид Амир Али Ҳамадоний авлодларидан. 1273 (1857). Қиймати китоб 12 ашрафий”, деган жумлалар мавжуд. Бундан ташқари форс тилида бир неча байтлар битилган бўлиб, улар остида: “Хатти Абдулғафур Балхий”, “Хатти Махдум Балхий” деган ёзув мавжуд. 7б саҳифада: ““Равзат ус-сафо” китобининг нархи 12 тилло тайин этилган. 1271(1855) йилда сотиб олинган эди”, деган жумла мавжуд. “Равзат ус-сафо” асарининг 1-6-жилдлари компиляция – бошқалар асаридаги маълумотлар асосида ёзилган бўлса-да, кўплаб манбаларнинг бизнинг кунимизгача етиб келмаганлиги ёҳуд ҳали қидириб топилмаганлиги боис, бу қисми ҳам илмий аҳамиятга касб этади. 6-жилднинг бир қисми ва 7-жилд янги маълумотлар ва муаллиф ўзи кўрган, билган ва шоҳиди бўлган воқеалар баёнидан бўлганлиги учун жуда катта аҳамиятга эга.

  1. Матн ҳолати (тўлиқ, нуқсонли): 1б саҳифадан 7а саҳифагача асар фиҳристи жадвал ичида берилган. Матнлар жадвалга олинган бўлиб, жадвалда қизил, кўк, қора ва тилла ранглардан фойдаланилган. Тўлиқ. 333 ва 334 варақлар бўш қолдирилган.
  2. Бошқа каталогларда мавжудлиги: СВР, История. №5257, 1516, 1621, 1645/II, 4461, 3908, 5370, 10197, 11000, 11347, 11033, 3361, 1463, 769, 2928, 6189, 5375, 5656, 4174, 7445, 11896, 4213, 5152 ва бошқалар; СВР, V, № 3774-3489, СВР, VII, №7305, 7307, 7416/1, 3738, 3445, 7309, Blochet, I. 276, Dorn, 269, Ethe. I. 24, Flugel (p), II. 830, Rieu, I. 87, III. 1064, Storey. I. 92, 39-58, 3474-3490, 5613, КИНА. (п) I. №2090, ЛГУ. I. №5, Кан. Тадж ССР. №15-30, Семенов. №62, Тагирджанов. №5-29, Миклухо-Маклай. Указ. Соч., Щеглова, I. №46, 50. Тбилиси, №323-459, Мунзави. Указ.соч. С. 4163, Жуков. В.Д. Аннотация (рукоп).
  3. Муқоваси (тамға, лабаги, тилча, хомашё): Қўлёзмада нақшинкор унвон мавжуд бўлиб, унда оқ, қора, кўк, қизил, сариқ, бинафша ранг ва тилла ранглардан истифода этилган. Қалин картондан Шарқона услубга кўра ясалиб, устига тўқ қизил рангли қоғоз қопланган. Таяки ва дастаки қисмлар яшил рангли қоғоздан ишланган. Тилчаси бор.
  4. Саҳҳоф: Муқовада нақшинкор ҳошия ва учта саҳҳоф тамғаси мавжуд. Тамғага: “Мир Одил ибн Мир Обидхожа Саҳҳоф: 1256(1840)”, деган сўзлар муҳрланган. Муқованинг ички қисмида ҳам яшил, сариқ ва тилла рангларда нақшинкор ҳошия мавжуд бўлиб, 3 та ромб шаклида саҳҳоф тамғаси босилган. Унда: “Мир Одил ибн Мир Обидхожа Саҳҳоф: 1271(1855)” номи қайд этилган. Тамғалардаги сана ва қайд маълумотлардан ушбу китоб турли даврларда бир неча одамнинг шахсий кутубхонасида сақлангани ҳамда бу асарнинг XIX асрда қандай нархларда баҳоланганини билиб олиш мумкин.
Лобар АСРОРОВА
ЎзХИА катта илмий ходими тарих фанлари
 бўйича фалсафа доктори (PhD)
И.ДАУРБЕКОВА
ИБХТМ кичик илмий ходими
[1] http://e-tarix.uz
[2] Ғиёсиддин Хондамир Макорим ул-ахлоқ Т: Akedemnashr, 2018.- Б-11
[3] А. Навоий “Мажолисун нафоис” Т; Ғ.Ғулом нашриёти 2013. 9Ж. Б -379;
[4] А. Навоий “Мажолисун нафоис” Мукаммал асарлар тўплами. 20/13 Т; Фан,  1997. Б -105;

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …