Home / МАҚОЛАЛАР / Калом илмининг таърифи ва моҳияти

Калом илмининг таърифи ва моҳияти

Калом илми атамаси – диний ақидавий ғоя ва мафкураларни ишончли далилларга таяниб ўрганмоққа айтилади. Яъни ишончли саҳиҳ нақлий ва ақлий-мантиқий далиллар асосида диний эътиқодга доир соғлом ақидавий маълумотларни ўзлаштиришдан иборатдир.

Уламолар калом илмига турли хил таъриф берганлар. Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Валалий Микносий ўзининг “Фалсафату-т-тавҳид ав-ашрафу-л-мақосид” номли китобида: “У ўта ишончли далиллардан диний ақидаларни касб қиладиган илмдир”, деди. Абдуроҳман Аҳмад Абдулғаффор Ийжий ўзининг “Мавоқиф” номли китобида: “У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақидаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, деди. Имом Ғаззолий ўзининг машҳур “Иҳёу Улуми-д-дин” номли китобида: “Ақоид-тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир”, деган. Шариф Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф”га қилинган шарҳида: “Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган. Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолату-т-Тавҳид” китобида: “Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритади”, деди. Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, Аллома Али Қорининг “ал-Фиқҳул Акбар”га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.

Калом илми ўз тарихининг турли босқичларида бир неча номлар билан аталган. Дастлаб “ал-Фиқҳул Акбар” деб номланган. Калом илмига “ал-Фиқҳул Акбар” номини берган киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдир. У киши калом бўйича бир китоб ёзиб, уни “ал-Фиқҳул Акбар” деб номлаган. Аслида фиқҳ сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади. Намоз, рўза, олди-сотди, бошқа муомалалар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга фиқҳ деб айтилади. Шаръий ақидавий аҳкомларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга эса “ал-Фиқҳул Акбар” – катта фиқҳ, деб айтилади. Чунки шу илм бўлмаса, уни тушуниб етилмаса, қилган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам амалий фиқҳ – кичик фиқҳ, ақидавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади.

Доктор Ҳасан Маҳмуд Шофиъий ўзининг “Ал-Мадхал ила-диросати илму-л-Калом” китобида: “Агар ҳозирда бу илм учун бирор исмни ривожлантириш имконимиз бўлганида, “ал-Фиқҳул Акбар” деб номланишини таклиф қилган бўлар эдик”, деб ёзади.

“Калом илми” бу илмнинг энг машҳур исмидир. Бу исм ўзидан олдинги исм, “ал-Фиқҳул Акбар” исми билан бир асрда, яъни иккинчи ҳижрий асрда зоҳир бўлгани кўринади. Чунки бу исм Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик, Имом Шофиъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида Калом илми ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар. “Калом илми” исмининг ишлатилишига эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала шу илмда ўрганилганидандир.

“Усулуд-дин илми” яъни, Ислом шариати ва диндан олинган эътиқодий ҳукмларни баҳс қилувчи илм, дегани. Чунки бу илм асл бўлиб, бошқа диний илмлар унга эргашади. Бу ном ҳам иккинчи ҳижрий асрда чиққан бўлиб, Аллоҳ таолонинг “Унинг асли собитдир, фаръи-шохи эса осмондир” оятидан олиб шаръий ҳукмларни аслларга ва фаръларга тақсим қилингандан кейин келиб чиққан. Бу исмни биринчи бўлиб ишлатган шахс Имом Абул Ҳасан Ашъарийдир. У киши ўз китобини: “Ал-Ибона фи-л-усули-д-Дияна” деб номлаганлар. Кейин эса Абдул Қодир Бағдодий Ашъарий “Усулу-д-дин” китобини ёзган.

“Ақоид илми” ўзидан олдинги исмлардан кейинроқ, тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган. Ақоид фалсафа билан, айниқса нақлий ақидалар билан аралашиб кетганидан сўнг салафи солиҳнинг холис ақидасини, яъни кейингиларнинг фалсафа аралашган, ақлий таъвилларга қоришган ақидасидан ажратиш учун ушбу исмни ишлатишга ҳожат тушган.

“Тавҳид ва сифатлар илми” исмини ҳижрий тўққизинчи аср ва ундан бир оз олдинги қадимий манбаларда учратамиз. Саъдуддин Тафтазоний: “Сифат ҳақидаги баҳслар калом илмининг энг машҳур баҳсларидан бири бўлгани учун ҳамда ўша илоҳий сифатлар ичида тавҳиднинг аҳамияти зўр бўлгани учун, ушбу “Тавҳид ва сифатлар илми” номи ишлатилиши маъқул”, деб баён қилади.

“Тавҳид илми” ҳақиқатда, Тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи Аллоҳга лойиқ бўлган ва Аллоҳнинг зотида ундан ўзгача лойиқ бўлмаган ҳамма нарсаларни баён қилувчи нарсадир. У Ислом миллатининг шиоридир. Ислом у билан танилган ва бошқа динлардан имтиёзли бўлган. Зарурий ақидаларнинг бу ном билан аталиши, Аллоҳнинг ваҳдонияти бу ҳақдаги баҳсларнинг энг машҳури ва энг шарафлиси бўлгани учундир. Бу исм ўнинчи ҳижрий асрдан кейин кенг тарқалди. Мисол учун, Шайх Муҳаммад Абдуҳ “Рисолату-т-Тавҳид”ни таълиф қилди. Машҳур тафсирчи Қосимий “Далоилу-т-Тавҳид”ни ёзди.

Бу илмнинг мақсади динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Кишининг ақидада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтарилишдир. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш аксинча бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилиш. Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш.

Ислом шариатида эътиқодга доир назарий масалалар калом илми масалалари ҳисобланади. Яъни Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари, фаришталар, илоҳий китоблар, пайғамбар ва расуллар, охират куни, тақдир ва қазо-унинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан экани ва ўлимдан кейин қайта тирилиш ва бошқа эътиқодий мавзулар илми калом фани мавзу-масалалари ҳисобланади.

Унинг асосий бош мақсади мукаммал имонга етишиш ва икки дунё саодатига мушарраф бўлишдир. Бу фанда кўзланган устувор мақсад-соҳа аҳлининг имон-эътиқодини соғломлаштириш, шунингдек, уларни турли бидъат-хурофотлар, таассуб ва ғулув каби ҳалокатга олиб борувчи ақидавий иллатлардан асраш, бу дунёда бахтли ҳаёт, охиратда эса абадий саодатга етишлари учун керакли маълумотларни беришдир. Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.

А. Шоназаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …