Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ТУРМУШ ОБОДЛИГИ

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ТУРМУШ ОБОДЛИГИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Оила тўғрисидаги қонунчилигимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш, жамиятда ўзларига муносиб ўрин топишида кўмак бериш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Оила қуриш масаласи ҳар бир инсон ҳаётида улкан ҳодиса ҳисобланади, бу масаланинг муҳим аҳамият касб этишини оила қуриш остонасида турган ёшларга етказиш, уларда оилага нисбатан масъуллик ҳиссини шакллантириш оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий йўналишларидан биридир.

Юртимизда оиланинг мустаҳкам бўлиши учун қилинаётган ҳаракатларда, жумладан: биринчи марта никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланилиши, қон-қариндошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент тўлаш тўғрисидаги мажбуриятлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби қатор муҳим қоидалар ўз аксини топган.

Оила тўғрисидаги қонунчилигимизнинг мазмун-моҳиятини ёш йигит ва қизларга етказиш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш, жамиятда ўзларига муносиб ўрин топишида кўмак бериш, ёш оилаларнинг тарбияси борасида барчанинг масъул эканлигини қайд этишиб, мустаҳкам оила вужудга келиши учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунчалар бериб бориш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, ёш оила қурувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда диний ва миллий қадриятларимизга таянган ҳолда илғор услублардан фойдланиш, узоқ йиллар давомида сермазмун оила қуриб ёшларга ибрат бўлаётган кексаларимизнинг оила ўгитларидан фойдланишга алоҳида аҳамият қаратиш жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Турмуш ободлиги қалбларимизнинг мусаффолиги, дилларимизнинг беғуборлиги, ҳақиқий меҳр-шафқатимизнинг, меҳрибонлигимизнинг намоён бўлишига, шунингдек, инсонийлик ва ота-оналик, эр-хотинлик, ўзаро оилавий муносабатларда тотувлик, ҳаётимизнинг фаровонлиги, барча ишларимизда имон, ихлос ва эътиқод, оилавий қадриятларни ҳис қилиб, қадрият мезонига амал қилишимизга ҳам боғлиқ. Оилавий қадриятлар оила шароитидаги моддий ва маънавий, ахлоқий тарбиявий муносабатларга асосланади. Оилавий қадриятларга оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ғамхўрлик, бир-бирини тушуниш, ҳар қандай шароитда оила шаънини ҳимоя қилиш каби фазилатлар киради. Оилавий қадриятларнинг шаклланишида оила аъзоларининг шахсий хусусиятлари, хушмуомалалик, ростгўйлик, мардлик, инсонийлик, чеварлик, пазандалик, содиқлик сингарилари қадрланади. Оилавий қадриятлар ижтимоий қадриятларнинг бир элементи бўлиб, қадриятлар системасида муҳим ўрин тутади[1].

Динимиз таълимотларида ҳар бир балоғат ёшига етиб, камолот даражасига эришган инсоннинг шариат ва қонун асосларида никоҳда бўлиши, оила қуриб яшашига алоҳида эътибор берилган. Зеро, меҳр-муҳаббатга асосланган мустаҳкам оила ҳаёт зийнати, умр баракаси ва саодати экани барчамизга маълум. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир[2]. Яъни, комил инсон бўлишда оила ва оила мустаҳкамлиги муҳим аҳамиятга эга.

Яна Аллоҳ бундай дейди: “… Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсангиз (билиб қўйингки), балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар[3]. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, аҳли-аёлига бўлган муносабатини қандай бўлишини кўрсатмоқда. Пайғамбар алайиссалом: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшиларингиздир…”[4], – дейдилар.

Оиланинг тинчлигини сақловчи ва жавобгари, оила бошлиғи, яъни эр киши ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасида бизни огоҳ этиб марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар[5].

Пайғамбаримиз эркак кишининг оила бошлиғи экани ва жавобгарлиги ҳусусида бундай дейдилар: “Ҳар бирингиз бошлиқ эмасмисиз ҳар бирингиз ўз қўл оситидагиларга масъул эмасмисиз?! Одамларга раҳбарлик қилувчи имом ҳам бошлиқ бўлиб, ўз қўл остидагиларга масъулдир, эр эса ўз оила аъзоларига бошлиқ бўлиб, уларга масъулдир, қул эса хўжайинининг мол-мулкига ҳомий бўлиб, унга масъулдир. Демак, ҳар бирингиз бошлиқ бўлиб, ўз қўл оситидагиларга масъулдирсиз”[6]. Мана бундай кўрсатмалар динимиз таълимотида жуда кўп топилади. Улардан тўғри маънода фойдаланиш, биз истаётган мустаҳкам оила ва фаровонликка сабаб бўлади. 

Демак, динимиз таълимотларида, миллий урф-одатларимиз ва қонунчиликда кўрсатиб ўтилган тартиблар асосида вужудга келган барқарор, мустаҳкам оила ва унинг бағрида тарбияланадиган фарзандлар баркамол, юксак маънавиятли, имон-ихлосли бўлиб етишади. Бу албатта жамият равнақи, саодатига замин бўлиб, ўзаро иноқлик, меҳр-оқибат, дунё ва охират саодатига мушарраф бўлиш имконини беради. Биз ҳар вақт оилаларимизни тинч-фаровон, жондан азиз фарзандларимиз жисмонан бардам-бақувват, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли, касб-ҳунарли, етук билимли ва оилапарвар инсонлар бўлиб вояга етишларини ҳаётимиз самараси, турмушимиз ободлиги ва охиратимиз саодати деб биламиз.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, мамлакатимизда мустаҳкам, ҳар жиҳатдан кучли, соғлом оилани шакллантириш ва оилада эса юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароит яратиш, ёшларни, энг аввало қизларни оила қуришга тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлигини ва манфаатларини таъминлаш, маънавий соғлом фарзандларни тарбиялаш ва вояга етказиш масаласи бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, барчамизнинг масъулият билан фаолият юритишимизни талаб этади. Ана шунда “обод турмуш” тушунчаси қандай кучли мантиқий асосида юзага келганини янада теранроқ англаймиз. Шундай экан, ҳар биримиз бу йил ўз турмушимизни обод қилишга киришишимиз лозим. Шундагина асл мақсадга етамиз. 

Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1]Юлдашева Д.Ю. Мустақиллик ва инсон фалсафаси. Самарқанд Давлат тиббиёт институти. Самарқанд – 2004.  Б. 81.
[2] Рум сураси: 21-оят мазмуни.
[3] Нисо сураси: 19-оят мазмуни.
[4] Имом Термизий. Сунани Термизий. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. Байрут . Ж.5. Б. 709. 3895-ҳадис.
[5] Таҳрим сураси: 6-оят мапзмуни.
[6] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий  энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Ҳукмлар китоби” 2-боб, 7138-ҳадис.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …