Home / МАҚОЛАЛАР / ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Фарзанднинг зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақлари мавжуддир. Ислом динида бу ҳақларни адо этиш ибодат даражасига кўтарилган амалдир. Фарзанд уларни адо этиш орқали икки дунё саодатига эришади. Чунки, ота-онанинг мартабаси юксак мақомга кўтарилган. Қуръони каримнинг 15 та оятида айнан ота-онага яхшилик қилиш тўғрисида зикр қилинади. Фарзанд учун инфоқ-эҳсон қилишга энг ҳақли кишилар – ота-оналардир! Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

﴿يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ﴾. ﴿البقرة: ٢١٥﴾ [1]

“Сиздан (эй Муҳаммад), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз. Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир”.

Аллоҳ таоло “Исро” сурасида бандаларини Ўзи (Аллоҳ)га ибодат қилгандан кейин, ота-онага яхшилик қилишга, уларга озор бермасликка ва кексайган пайтларида ёқимли сўз айтишга буюриб, шундай марҳамат қилган:

﴿وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُوا إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيمًا﴾. ﴿الإسراء: ٢٣﴾ [2]

 “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй, инсон, агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уфф” демагин ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”.

Муфассирлар бу оятдаги “уфф” сўзига икки хил маъно беришган:

биринчиси: ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилмаслик, иккинчиси: ота-она кексалик ёшларига етганда олдида “уфф” дема, чунки, улар “Фарзандим оғир ҳолга тушибди, унга оғиримиз тушибди”, – деб озорланадилар, деб таъриф берганлар. Шунингдек, “уфф” сўзи – “безорим чиқди”, “жонимга тегди” ва шунга ўхшаган маъноларни англатади. Ота-онага бу сўзни ишлатиш, уларни ранжитиш Аллоҳнинг амрига итоатсизлик ҳисобланади.

عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ ، عَنْ أَبِيهِ ، عَنْ جَدِّهِ ، قَالَ: قُلْتُ: “يَا رَسُولَ الله، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: أُمَّكَ، قَالَ: قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: أُمَّكَ، قَالَ: قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: أُمَّكَ، قَالَ: قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: ثُمَّ أَبَاكَ، ثُمَّ الأَقْرَبَ فَالأَقْرَبَ”. رواه الترمذي [3]

Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан ривоят қилади: (Бобоси):

– Эй, Расулуллоҳ! Кимга яхшилик қилай?” – деб сўрадим.

– “Онангга”, дедилар.

– Кейин кимга? – дедим.

– “Онангга”, дедилар. 

– Кейин кимга? – дедим.

– “Онангга”, дедилар.

– (Тўртинчи бор) кейин кимга? – дедим.

– “Отангга ва ундан сўнг яқин бўлган қариндошларингга, сўнг қариндошларга”, – дедилар, – деди. Термизий ривояти.

Ушбу ҳадисда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бор онангга дейишларининг ўзига яраша сабаблари бор:

– Албатта, она ҳомиладор бўлгандан бошлаб унинг қийинчилик, машаққатларига чидайди ва тўққиз ой қорнида кўтариб юради.

– Фарзанднинг туғилиши давридаги дард она учун ўлим билан олишиш, яъни ўлимни бўйнига олиш билан баробар.

– Фарзанд туғилгандан кейин кечаларни бедор ўтказиб, уни эмизиб, ювиб-тараб, тарбия бериш ва парвариш қилишнинг ўзи бўлмайди. Албатта, бундай машаққатли вазифани фақат она адо эта олади. Шу сабабли ислом динида онанинг фарзанддаги ҳаққи отага нисбатан уч баробар кўп саналади.

عَنْ أَبِى بَرْدَةَ قَالَ: سَمِعْتُ أَبِى يُحَدِّثُ: أَنَّهُ شَهِدَ ابْنُ عُمَرَ رَجُلاً يَمَانِيًّا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ حَمَلَ أُمَّهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ يَقُولُ: إِنِّي لَهَا بَعِيرُهَا الْمُذَلَّلُ إِنْ أَذْعَرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أَذْعَرْ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ أَتَرَانِى جَزَيْتُهَا قَالَ: لاَ وَلاَ بِزُفْرَةٍ وَاحِدَةٍ ثُمَّ طَافَ ابْنُ عُمَرَ فَأَتَى الْمَقَامَ فَصَلَّى رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ أَبِى مُوسَى إِنَّ كُلَّ رَكْعَتَيْنِ تُكَفِّرَانِ مَا أَمَامَهُمَا.[4]

Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳуни кўрган эканлар. Яманлик бир одам ўз онасини опичлаб (кўтариб) олиб, байт (Каъба)ни тавоф қилаётган экан. У: “Мен онамнинг минган ювош туясиман. Унга минган чарчаса ҳам, мен чарчамасман”, – деб (шеър) айтар эди. Сўнгра у: “Эй Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?” – деди. У (Ибн Умар): “Йўқ! Бир марта оҳнинг ҳаққини ҳам”, – деди. Кейин Ибн Умар розияллоҳу анҳу (Каъбани) тавоф қилдилар ва Мақом (Мақоми Иброҳим)га бориб, икки ракат намоз ўқидиларда, сўнгра: “Эй, Ибн Абу Мусо! (Мана шу ерда ўқиладиган) ҳар икки ракъат (намоз) ўзидан олдин ўтган (гуноҳ)нинг каффорати бўлади”, – дедилар”.

Демак, фарзанд онасига қанча хизмат қилса ҳам уларнинг ҳаққини адо  қила олмас экан. Шунинг учун уларга қилган хизматини ҳисоб китоб қилмасдан, балки, уларга бўлган эътиборни кучайтириб, дуосини олиши лозим.

عن عبدِ الله بنِ عَمْرٍو عن النبيّ صلى الله عليه وسلم قالَ: “رِضاَ الرّبّ في رِضَا الْوَالِدِ وسَخَطُ الرّبّ في سَخَطِ الْوَالِدِ”. رواه الترمذي [5]

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У киши: “Аллоҳ таолонинг рози бўлиши ота-онанинг рози бўлишига ва унинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабига боғлиқдир”, – дедилар . Термизий ривояти.

Демак, кимки Аллоҳ таолонинг розилигини топаман деса, аввало, ота-онасини рози қилиши керак экан. Кимки Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишни истамаса, аввало ота-онасининг ғазабини чиқармаслик учун ҳаракат қилиши зарур экан. Шу боисдан ҳам доно халқимиз “Ота рози – Худо рози” деган мақолни бежизга айтишмаган.

قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: “الْوَالِدُ أَوْسَطُ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، فَإِنْ شِئْتَ فَأَضِعْ ذَلِكَ الْبَابَ أَوْ احْفَظْهُ”. رواه الترمذي[6]

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ота-она жаннат эшикларининг энг аълосидир. Хоҳласанг, бу эшикни йўқотгин, хоҳласанг, уни сақлаб қолгин,” – деб айтаётганларини эшитганман, – деди. Имом Термизий ривояти.

Албатта, ота-она ҳар бир киши учун энг мўътабар ва эъзозли кишилардир. Шу боисдан ҳам ота-она хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, ким бўлишларидан қатъий назар, уларга яхшилик қилиш, кексайиб қолганларида уларнинг амрларини бажариш фарзанднинг бурчи ҳисобланади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи,
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Қуръони карим. “Бақара” сураси. 215-оят.
[2] Қуръони карим. “Исро” сураси. 23-оят.
[3] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомеъ ат-Термизий. 1999. Риёз. 1897-ҳадис. – Б. 443.
[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. 11-ҳадис. – Б. 7-8.
[5] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомеъ ат-Термизий. Риёз. 1999. 1899-ҳадис. – Б. 444.
[6] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомеъ ат-Термизий. 1999. Риёз. 1999-ҳадис. – Б. 444.

Check Also

Ота-онанинг дуоси

Бошни фидо айла ато қошиға, Жисмни қил садқа ано бошиға. Тун-кунунга айлагани нурфош, Бирисин ой …