Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳудудлараро ички туризм ёшлар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади

Ҳудудлараро ички туризм ёшлар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлигининг 2019 йил 5 августдаги “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остидаги “Ёшлар поезди” тарғибот акциясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 13 август куни “Ёшлар дунёқарашини юксалтиришда вилоятлараро ички туризмнинг тутган роли” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг жорий йил 15 июнь куни Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи самимитида сўзлаган нутқида Имом Бухорий халқаро Илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази диний бағрикенглик маданиятини ёйиш бўйича муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Семинар-тренингда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Очил Рустамов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши бош мутахассиси Актам Тошпўлатов давлатимиз раҳбарининг буюк аллома ва мутафаккирларимиз меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасидаги хайрли ташаббуслари улкан самара бераётганини қайд этди.

Шу билан бирга, юртимизда сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми кўламини кенгайтиришга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётгани, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар янги қиёфа касб этиб, атрофи ободонлаштирилаётгани алоҳида қайд этилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантиришнинг аҳамияти, айниқса, янги авлод дунёқараши ва тафаккурини кенгайтиришда тутган муҳим ўрни тўғрисида сўз борди, мутахассислар ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Анжуман қатнашчиларига Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фойесидаги гумбазга битилган Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳадислари шарҳлаб берилди.

Марказ музейи ходими Бахтиёр Ибодов қизиқарли суҳбат-мунозара тарзида ёшларни бу ердаги экспонатлар, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси билан таништирди.

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …