Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ илмий ходимлари ва Афғонистон уламолари ўртасида суҳбат бўлиб ўтди

Марказ илмий ходимлари ва Афғонистон уламолари ўртасида суҳбат бўлиб ўтди

Бугун Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига Афғонистон Ислом Республикасидан меҳмонлар ташриф буюрдилар. Саккиз кишидан иборат меҳмонлар таркибида Афғонистоннинг Қундуз, Таҳҳор ва Бадахшон вилоятлари вакиллари бор эдилар. Улар орасида Таҳҳор вилоятининг муфтийси ҳожи Муҳаммад Юсуф жаноблари, мамлакатдаги Парвон давлат университетининг профессори доктор Муҳаммадилло Баҳодир, Таҳҳор вилояти давлат университетида устозлик қилувчи Жамолиддин Ҳамидий, шунингдек Бадахшон вилоятидан бўлган инженер Сарафроз, мактаб ўқитувчиси Ҳодий Муҳаммад Довуд, Таҳҳор вилоятидан қавм бошлиғи Мулло Қутбиддин, қавм бошлиғи ҳожи Ғулом Ҳазрат, Қундуз вилоятидан қавм бошлиғи ҳожи Абдул Жамил бор эдилар.

Дастлаб меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази музейини ва бу ердаги асори атиқаларни, турли тарихий воқеалар акс этган суратларни, қадимий қўлёзмалар нусхаларини кўздан кечирдилар. Меҳмонларга марказ мутасаддилари ИБХИТМ директори Ш.Зиёдов ва директор ўринбосари Ш.Умаровлар Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида гапириб бердилар. Шундан сўнг меҳмонлар марказнинг мажлислар залига мезбонлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари билан учрашиш учун тўпландилар.

Марказнинг мажлислар залида бўлиб ўтган учрашувда йиғилишни очиб берган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов меҳмонларни ушбу ташриф билан қутлар экан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида дин соҳасида яратилган қулай шарт-шароитлар ва эркин муҳит ҳақида тўхталди. Сўнгра Таҳҳор вилоятининг муфтийси ҳожи Муҳаммад Юсуф жанобларига сўз навбатини берди. Меҳмон сўз аввалида яратганга сано ва Пайғамбарга салавотлар айтиб, Имом Бухорий ҳазратларининг ислом оламидаги мавқеи тўғрисида ўз фикрларини баён этди, сўнгра Ўзбекистонда илм аҳли ва ислом дини учун Президент ва ҳукумат томонидан яратиб берилган шароитларни эътироф этди ва бундай шароит келажакда икки қўшни мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилажагини таъкидлади.

Шундан сўнг сўз навбати мамлакатдаги Парвон давлат университети профессори доктор Муҳаммадилло Баҳодир жанобларига берилди. Меҳмон ҳам худди юқоридаги каби тартибда сўз бошлар экан, ҳар икки мамлакат аҳлининг ҳам мақсадлари муштарак эканлигига алоҳида диққат қаратди. Дарҳақиқат, ташриф билан келган меҳмонлари Ўзбекистондаги ушбу кўп авлиё ва бузург зотларнинг хилхоналари бор бўлган жойларни зиёрат этиш ва келажакда бундай алломалардан қолган илмий меросни ўрганиш ва ёш авлодга уларнинг моҳиятини тушунтиришни мақсад қилганликларини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, Парвон давлат университетининг профессори доктор Муҳаммадилло Баҳодир Афғонистон Ислом давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги маданий-маърифий соҳада алоқалар янада кўпроқ мазмун касб этаётганлигини ва бу борада афғонистонлик ёшлар Ўзбекистонга келиб илм аҳли учун бу ердаги шарт-шароитларни кўришларини, айниқса ёшлар тарбиясидаги соғлом муҳитдан ўзларига зарур фойда олишларини истаётганлигини айтиб ўтди.

Албатта, бундай мақсадлар келгусида мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилишига учрашув иштирокчилари умид билдирдилар. Учрашув якунида Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов меҳмонларни бугунги ташриф билан яна бир бор қутлади ва уларга илм соҳасида тадқиқотлар учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг эшиклари доимо очиқ эканлигини айтиб ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Диний маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи, доцент  О. Рустамов

Check Also

Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди

Ўзбекистон замини маданий бойликларга бой. Айни пайтда тақдир тақозоси билан халқимиз маданиятига оид мерос бутун …