Home / АЛЛОМАЛАР / АЛОУДДИН УСМАНДИЙ САМАРҚАНДИЙНИНГ ЎШЛИК ШОГИРДИ(2-қисм)

АЛОУДДИН УСМАНДИЙ САМАРҚАНДИЙНИНГ ЎШЛИК ШОГИРДИ(2-қисм)

  1. “Муснади Анас ибн Молик (Жузъ фи ривояти Анас ибн Молик ъан Росулиллаҳи би иснадин ваҳид)”. Бу асарида муаллиф устози Носириддин ал-Ўшийдан ривоят қилган Анас ибн Молик ривояти билан келган 300 га яқин ҳадисни 38 бобга бўлиб тасниф қилган [27: 230]. Ушбу асар бизгача етиб келган [28].
  2. “Жавоҳирул аҳком фил фиқҳ” (Фиқҳда ҳукмлар жавоҳири). Манбаларда бирор бир маълумот учрамаган бу асарнинг баъзи кутубхоналарда топилган нусхалари[29]да Ўшийга тегишли деб келтирилган [30: 27]. Фиқҳий масалаларни ўз ичига олган бу асар форс тилида ёзилган.
  3. “Бадъул амолий” (Қалбдан ёзишлар муқаддимаси). Ушбу асар “Яқулул абду” ва “Қасидатул ломия” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқулул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидатул ломия”, яъни “Ломлик қасида” деб ҳам номланган. Асар қисқа бўлишига қарамасдан, ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади. “Бадъул амолий” асари 569/1173 йилда ёзиб тугалланган.

Асар қисқа бўлишига қарамасдан ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади.

Юқорида зикр қилинган аллома асарларидан “Ғурарул ахбор ва дурарул ашъор” ва “Мухталафур ривоя” бизгача етиб келмаган.

Муаллифнинг ашъарий-мотуридий ақидасига бағишланган ва муътазилийларга раддия сифатида араб тилида битилган “Бадъул амолий” “بدأ الأمالي” (имлолар боши) номи билан машҳур бўлган ломий қасида услубида битган манзумаси ўз вақтида ислом оламида катта шуҳрат қозонган ва ҳали-ҳануз мамлакатимиздаги Ислом билим юртларида ўқитилади.

Китобда ақида асослари арузнинг маснавий вазнида ёзилган бўлиб, мухтасар ҳамда кенг қамровда ёритилган. Шунингдек, асар доимо эътиборда туриб, унга кўп шарҳлар битилди. Масалан: Мулла Алийул Қорийнинг «Зовъул маъолий», Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ғаззийнинг «Фавоид ал-марзия фи шарҳи қасидат ал-ломия», муҳаққиқлар гуруҳининг «Туҳфат ал-амолий», Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Холилнинг «ал-Лаъалий фи шарҳи бадъул амолий» каби шарҳлари шулар жумласидандир.

“Бадъул амолий” асарининг турли нусхалари орасида кам бўлса-да баъзи фарқлар мавжуд. Мулла Алийул Қорийнинг “Зовъул маолий” шарҳида ҳам, “Туҳфатул аолий”да ҳам, Ҳумайдийнинг “Амолий таржимаси” асарида ҳам бир хил 68 та байт келтирилган. Абу Бакр Аҳмад Розийнинг шарҳида эса 60 та байт келтирилган. Асарнинг асосий маълумотлари 60 та байтда баён қилинган бўлиб, қолганларида ўқувчиларга насиҳатлар ва дуолар ўрин олган. Ушбу асарни таҳқиқ қилган баъзи уламолар унинг байтлари етмиш учта эканини айтганлар.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма нусха ҳам ушбу асарнинг байтлари аслида етмиш учта бўлганини тасдиқлайди. Ушбу қўлёзма нусхада “Бадъул амолий” асарининг юқорида зикр қилинган асарларда йўқ бўлган олтита матн келтирилган. Бу матнлар кириш қисмига тааллуқли бўлиб, асосан ҳамду саноларни ўз ичига олган.

Ушбу нусхада мазкур ҳамду сано ва салавоту саломлардан сўнг бошқа нусхаларда биринчи келган يقول العبد матни бошланган. Бу олтита матннинг нима учун кўплаб машҳур нусхаларга кирмай қолгани сабаби ҳозирча маълум эмас. “Бадъул амолий”нинг аҳли илмларни доимо ўзига жалб қилиб келган ажойиб асар экани унга ёзилган шарҳларнинг кўплигидан ҳам билиниб туради. Саккиз юз йилдан ортиқ вақт давомида матнлари ёд олиниб, маъноларига эътиқод қилиб келинаётган ушбу асарга кўплаб шарҳлар битилган. Турли асрларда битилган шарҳларининг баъзилари қуйидагилардир:

  1. Халил ибн Ало Нажорий, Яманий (ваф. 632/1235 й.)нинг “Нафисур риёз ли иъдамил амроз” (“Эътиқоддаги” касалликларни кетказиш йўлидаги кўркам чаманзор­лар) асари.
  2. Иззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа (ваф. 819/1416)нинг “Матлаул мисал фи ақоидил исламия ва манбаул камал фи масаилил каламия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги Ислом ақидасининг намунавий пиллапояси ва калом масалаларидаги баркамоллик манбаси) асари. Мулла Алийул Қорий “Зовъул маолий”да ушбу китобдан кўп иқтибос келтирган.
  3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғозий, Темиртоший, Ҳанафий (ваф. 1004/1596 й.)нинг “Фавоидул марзия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги маъқулланган мазмунлар) асари.
  4. Мулла Алийул Қорийнинг “Зовъул маолий ли бадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси) асари. Ушбу шарҳ “Бадъул амолий”нинг энг мўътабар шарҳларидан бири бўлиб, муаллифи уни “Фиқҳул акбар”нинг шарҳини тамомлаганидан сўнг, алоҳида эҳтимом билан ёзган.
  5. Муҳаққиқлар гуруҳининг “Туҳфатул аолий” (Улуғлар туҳфаси) асари. Ушбу китоб баъзи муҳаққиқ олимлар томонидан Мулла Алийул Қорийнинг “Зовъул маолий” асарига ҳошия қилиб битилган. 1164/1751 йилда ёзилган.
  6. Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Халилнинг “Лаоли фи шарҳи бадъил амоли” (“Бадъул амолий” шарҳи ҳақида дурлар) асари.
  7. Исмоил ибн Абдулбоқий ибн Исмоил Язижий ал-Ҳанафий ад-Дамашқийнинг “Зовъул лаолий шарҳу бадъил амолий” асари.
  8. Қози Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Канъоннинг “Жамиъул Лаолий шарҳу бадъил амолий” асари. Бу асар ҳижрий 1429 йил (милодий 2008 йил) Робиъул охир ойининг 20-куни ёзилган. Булардан бошқа ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган.

“Бадъул амолий”нинг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳлари. “Бадъул амолий” матнининг ҳозирги кунгача ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва шарҳлари қуйидаги асарлардир:

  1. Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Ақоид матнлари” китобида “Бадъул амолий” матни сўзма-сўз таржима қилинган. Ушбу китоб 2006 йилда нашр қилинган.
  2. “Бадъул амолий” матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908 йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган. Бу таржима эски ўзбек ёзувида битилган.
  3. Муҳаммад Зоҳид Қутқу ибн Иброҳим Бурсавийнинг “Аҳли суннат вал жамоат ақоиди” китобида “Бадъул амолий” матни шарҳланган. Шарҳ Мулла Алийул Қорийнинг “Зовъул маолий” китоби асосида бўлган. Ушбу китобни таниқли шоир Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгириб, 1999 йилда чоп эттирган. Мирзо Кенжабек “Бадъул амолий” матнини ўзбек тилида ҳам “л” ҳарфи билан тугаллаб ажойиб тарзда таржима қилган.

Шайх Назруллоҳхон эшон Ғарибий томонидан “Бадъул амолий” матни шеърий тарзда шарҳланган. Ушбу асар “Қасидаи Амолий шарҳи ва тавҳид манзумаси” номи билан 2008 йилда чоп этилган.

“Эътиқод дурдоналари” китоби “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир. Бу китобни ёзиш жараёнида ҳар бир мўмин киши билиши зарур бўлган маълумотларни батафсил ёритишга, уларни тўлдирувчи маълумотларнинг эса хулосасини баён қилишга ҳаракат қилинган. Ушбу шарҳга “Бадъул амолий”нинг 1164/1751 йилда ёзилган “Туҳфатул аолий” китобидаги матн асос қилиб олинган. Эътиқодий масалаларни баён қилувчи назмий асарнинг шарҳи бўлганидан китобга “Эътиқод дурдоналари” деб ном қўйилган. Қолаверса, бундай номлашда эътиқодий масалаларнинг дурдек мусаффоларини жамлашга ҳаракат қилинганига ҳам ишора бор. Ёзишда имкон қадар содда услубда баён этиш билан биргаликда мазкур маълумотлар олинган манбаларни ҳам кўрсатиб боришга ҳаракат қилинган.

“Эътиқод дурдоналари” дастлаб 2012 йилда нашр қилинган эди. Ўтган йиллар мобайнида ўқувчиларнинг талаб, истак ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб  китоб қайта нашрга тайёрланди. Китобнинг ушбу иккинчи нашрида ўқувчиларга  янада фойдалироқ бўлиши учун матнларнинг маънолар таржимаси ва луғавий изоҳлари ҳам баён қилинган. Ушбу нашрда ҳам “Туҳфатул аолий” китобидаги матн асос қилиб олинган бўлса-да, уни бошқа китобларда келтирилган матнлар билан қиёслаб чиқилди ва баъзи ўринларда айрим ўзгартиришлар киритилган. Баъзи масалаларни баён қилишда янада тушунарлироқ бўлиши учун жадваллардан ҳам фойдаланилди. Машҳур ақидавий фирқалар ва улар ихтилоф қилган масалаларнинг асосий сабабларини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилинган. Ушбу китоб мотуридия мазҳабидаги машҳур матнлардан бирининг шарҳи бўлганидан дастлаб Имом Мотуридий ва мотуридия мазҳаби ҳақида  батафсил маълумот бериб ўтилган. Шунингдек, долзарб мавзуларга бағишланган “Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари”, “Ирода сифати ҳақида савол жавоблар”, “Дуо ва сабабият қонунлари”, “Аллоҳ таоло макон ва тарафдан холидир” каби кўплаб мақолалар ҳам киритилган .

Сирожиддин ал-Ўшийнинг ҳадис, фиқҳ ва ақоидга оид асарларини ўрганиш ва тадқиқ этиш бой маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўзлаштиришимизга ёрдам беради.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
СамДУ мустақил тадқиқотчиси,
Бош муҳаррир ўринбосари

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Оқилов С. Abul Mu’in An-Nasafiyning “Bahrul Kalom” asarining Sirojiddin O’shiyning “Bad’ul’ Amoliy” asariga ta’siri. Uluslararası Ali b. Osman el-Ûşî Sempozyumu Bildirileri. – Бишкек, 2017. – Б. 388.
  2. Котиб Чалабий, Кашфуз зунун ъан асомиил кутуб вал фунун. – Байрут. Дор иҳёут туросил арабий, Ж.2. – Б. 1200.
  3. Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Зовъул маъолий фи шарҳил Бадъул амолий. – Б. 2. (Сулаймония кутубхонаси, Бағдодли Ваҳбий бўлими, № 1791); Аҳмад ибн Умар Абакандий. Шарҳу Бадъул амолий. варақ 2a. (Сулаймония кутубхонаси, Фотиҳ бўлими. № 1791).
  4. Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий. ал-Муштабиҳ фи асмоир рижал. Leiden 1881. – Б. 17; Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Қураший. ал-Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафийя (Муҳаммад Абдулфаттоҳ ал-Ҳулв таҳқиқи). Риёз 1413/1993. Ж. 2. – Б. 583; Зайнуддин Қосим ибн Қутлубоға. Тожут тарожим фи табақотил ҳанафийя (Муҳаммад Хайр Рамазон Юсуф таҳқиқи). Дамашқ 1413/1992. – Б. 212; Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж. 2. – Б. 1224.
  5. Заҳабий. ал-Муштабиҳ. – Б. 17; Қураший. ал-Жавоҳирул музийя. Ж. 2. – Б. 583; ибн Қутлубоға. Тожут тарожим. – Б. 212; Котиб Чалабий, Кашфуз зунун. Ж. 2. – Б. 1350.
  6. Котиб Чалабий, Кашфуз зунун, Ж. 2. – Б. 1350; Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. ал-Асморул жанийя фи асмоил ҳанафийя. Патна (Khuda Bakhsh Oriental Library). – Б. 243; Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Ҳадийятул орифийн, İstanbul 1951. Ж. 1. – Б. 700; Yûsuf Elyân Serkîs. Муъжамул матбуъотил арабийя вал муъарраба. Kahire 1351/1932. Ж. 1. – Б. 499.
  7. Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж. 2. – Б. 1224; Бағдодий. Ҳадийятул орифийн. Ж. 1. – Б. 700; Хайруддин Зириклий. ал-Аълом: қомусу тарожими ли ашҳарир рижал ван ниса минал араби вал мустаърабийна вал мусташриқийн. Байрут 2002. Ж. 4. – Б. 310.
  8. Заҳабий. ал-Муштабиҳ. – Б. 17.
  9. Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж. 2. – Б. 1350; Бағдодий. Ҳадийятул орифийн. Ж. 1. – Б. 700; Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ҳабаший. Жомиъуш шуруҳ вал ҳавоший. Абу Даби. 1425/2004. Ж. 1. – Б. 439; Зириклий. ал-Аълом. Ж. 4. – Б. 310.
  10. Serkîs. Муъжамул матбуъот. Ж. 1. – Б. 499; Ҳабаший. Жомиъуш шуруҳ. Ж. 1. – Б. 439.
  11. Заҳабий. ал-Муштабиҳ. – Б. 17.
  12. Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 148.
  13. Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж.II. – Б. 1867.
  14. Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 149.
  15. Ўший. Нисабул ахбор. варақ. 2a, 3b, 4a; Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 148.
  16. Заҳабий. ал-Муштабиҳ. – Б. 17.
  17. Ўший. ал-Фатовоус Сирожийя. – Б. 304; Нисабул ахбор. – Б. 4.
  18. Ўший. Нисабул ахбор. варақ 1b, 2b, 3b; Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 148.
  19. Ўший. Нисабул ахбор. варақ 3a, 4a-4b; Toprak. “Ali b. Osmân el-Ûşî”, DEÜİFD, sy. 23, – Б. 76.
  20. Ўший. Нисабул ахбор., vr. 3a, 4a-4b; Toprak, “Ali b. Osmân el-Ûşî”, DEÜİFD, sy. 23, – Б.. 76.
  21. Toprak. “Ûşî”. DİA, Ж. 42. – Б. 230.
  22. Kınalızâde. Tabakâtü‟l-fukahâ. – Б. 98.
  23. Ўший. Нисабул ахбор. варақ 2b; Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 149.
  24. Ўший. Нисабул ахбор. варақ 5a; Toprak. Hadiste Derlemecilik. – Б. 150.
  25. Заҳабий. ал-Муштабиҳ. – Б. 17.
  26. Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж. 2. – Б. 1200.
  27. Toprak. “Ûşî”. DİA. Ж. 42. – Б. 230.
  28. Сулаймония кутубхонаси. Fatih. № 787.
  29. Сулаймония кутубхонаси. Ayasofya. № 1033; Özbekistan İlimler Akademisi Ktp., Doğu El Yazmaları Bölümü, nr. 4/293.
  30. Sebetov. Ûşî‟nin Fıkıh İlmindeki Yeri. – Б. 27.

Check Also

ФАЗЛУЛЛОҲ АБУЛЛАЙСИЙ CАМАРҚАНДИЙ

Фазлуллоҳ Абуллайсий буюк фақиҳ Абу Лайс авлодидан бўлиб, унинг тўлиқ исми Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абулайсий …