Home / МАҚОЛАЛАР / Маънавиятсиз миллатнинг келажаги йўқ

Маънавиятсиз миллатнинг келажаги йўқ

Ҳозирги кунда ҳам ҳар бир инсонни орзу-ниятлари шундан иборат бўлса керак. Боболаримиз ва бувиларимиз невара–эвараларига ота–боболаридан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий урф-одат, дину-диёнат ва анъаналарни етказиб, маънавиятини юксалтиришда ўз ҳиссаларини қўшаётгани юртимиз равнақига қўшилаётган улуғ савобли иш десам тўғри бўлса керак. Чунки бугунги кунда ёшларимизга таҳдид солаётган ҳар-хил хуружлар ва оммавий маданият ниқоби остида кириб келаётган хунрезликлар уларнинг минг йиллик маънавиятидан воз кечишга қаратилаётган жирканч ҳаракатлардан бири десам муболаға бўлмаса керак.

Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда ёшларимизни онгини заҳарлаётган тажовузлар миллатимизга қаратилган жиддий хавф эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу борада маънавиятимизга билиб-билмасдан зарар етказаётган кимсалар келажак авлодга хиёнат қилишаётганини ўйлаб кўришса яхши бўларди. Чунки маънавиятимизга зид бўлган ҳар-хил аудио-видео ва бошқа маҳсулотларни тарқатиш орқали ёки мол-дунё ортириш мақсадида қилинган ҳаракатларни оқибати қанчалик хавфли экани ҳақида тафаккур қилинса, маънавий таҳдидни олдини олинган бўларди.

Ёшларимиз ҳар-хил кўнгил очар жойларда, ҳеч иккиланмасдан фахшга, гуноҳга олиб борадиган кўрсатувларни кўриши оқибатида ўзларини икки дунёларини хароб қилишаётганини, қолаверса ота-боболарини юзига оёқ қўйишаётганини англаб етишса фойдадан ҳоли бўлмасди. Молу-дунё топаман деб, аждодларимиздан мерос бўлган маънавиятимизни оёқ-ости қилмоқчи бўлганлар эса яратганни олдида қандай жавоб беришини ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди. Халқимизда “бировга чоғ қазисанг ўзинг тушасан” деган мақол бор. Ёшларни онгини заҳарлаб, ҳар-хил оқимларга, жиноят йўлларига кириб кетишига ва фахш ишларга мубтало бўлишига сабабчи бўлаётганлар аввалом бор ўзларининг фарзандлари, набира-абиралари борлигини эсдан чиқармаслиги лозим бўлади. Маънавият бирор матога ўхшаб сотиб олинадиган ёки сотиладиган буюм эмас. Маънавиятсиз миллатнинг келажаги йўқ деб бежизга айтилмаган. Шунинг учун аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган маънавиятимизни бор имкониятимизни ишга солиб ҳимоя қилайлик ва келажак авлодга асраб-авайлаб етказайлик. Ана шунда ҳам ота-боболаримизни руҳи-поклари олдида, ҳам келажак авлодларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …