Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг фиқҳи

Имом Бухорийнинг фиқҳи

Ислом оламидаги энг етук ва машҳур муҳаддис, фақиҳ, ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Имом Бухорий бутун мусулмон оламига ўзининг беназир хизмати билан улкан хизмат кўрсатди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларига ёлғон аралашиб кетган даврда, қатъияти орқали уларни суғириб ташлаб ҳадисларни саҳиҳ ҳолатга келишига буюк ҳисса қўшди.

Имом Бухорий яшаган даврда фиқҳ илмининг шаклланиш даври бўлган. Муҳаддисларнинг барчасида ўзларининг фиқҳий қарашлари бўлган. Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис ривоят қилиш билан бирга кўпроқ фиқҳий томонларига эътиборларини қаратган. Имом Бухорий эса фиқҳ соҳасига қатъиян киришмаган.

Имом Бухорий фиқҳий мазҳаблардан қайси бирига мансуб бўлганлиги борасида аҳли илмлар турли хил фикрларни илгари суришган. Жумладан, Тожуддин Субкий “Табақоту-ш-Шофиъия” асарида, Сиддиқ Ҳасанхон “Абжаду-л-улум” номли китобида ва Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” асарида Имом Бухорийни шофиъий мазҳабига мансуб бўлган дейдилар.

Ибн Қайюм ўзининг “Эълому-л-муваққаъийн” номли китобида ва Ибн Абу Яъло Фарро “Табақоту-л-ҳанобила” номли асарида Имом Бухорийни ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлганини айтади.

Моликий мазҳабининг вакиллари эса, Имом Бухорийни моликий мазҳабига мансуб бўлган, чунки у Имом Моликнинг “Ал-муватто”сини Абдуллоҳ ибн Юсуф Тиннисий, Саййид ибн Анбар ва Ибн Букайрлардан ривоят қилган, дейдилар.

Ҳанафий мазҳабининг сийрат уламоларига келсак, улар Имом Бухорийга саҳиҳ ҳадисларни алоҳида бир китоб қилиб жамлашни таклиф қилган шахс ҳанафий мазҳабида бўлган Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бўлган, Имом Бухорий ундан сабоқ олган, бинобарин, у ҳам ҳанафий мазҳабига мансубдир, дейишади.

Юқоридаги фикрларнинг барчаси ҳақиқатдан анча йироқдир. Чунки, келтирилган далиллар бир-бирига номутаносибдир. Зеро, бир шахсдан ҳадис ривоят қилди ёки илм ўрганди дегани бу ўша ҳадис ривоят қилгувчи ёки илм ўрганувчи киши ўша шахснинг мазҳабида бўлди, дегани эмас. Агар шундай бўлганида ҳар қайси имом ўзидан олдин ўтган имомнинг мазҳабида бўлиши керак бўлар эди. Маълумки, Имом Шофиъий Имом Моликдан сабоқ олган ва унинг “Ал-муватто” асарини ёд билган. Имом Аҳмад Имом Шофиъийдан фиқҳни ўрганган, Имом Шофиъийнинг ўзи эса Имом Аҳмаддан ҳадисни ўрганган.

Имом Молик ўзидаги фиқҳнинг каттагина қисмини Рабийъату-р-раъйдан ўрганган, Абу Ҳанифа эса, Иброҳим Нахаъийдан илм олган. Ҳанафий мазҳабининг энг йирик намоёндаларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфларнинг қўлида таълим олган. Кейинроқ у “Ал-муватто” асарига мувофиқ ўзининг фиқҳий мазҳабига асос солган. Мадинага борган Муҳаммад ибн Ҳасан у ерда Имом Моликнинг  қўлида “Ал-муватто” асарини ўқиб чиққан.

Шайх Тоҳир Жазоирий, шайх Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ва бошқалар Имом Бухорийнинг ўзи мужтаҳид олим бўлган дейдилар ва бу гапни кўпчилик қўллаб-қувватлайди.

Имом Бухорийнинг ўзига хос фиқҳи бўлган. Бошқа мазҳабларга тақлид қилмасдан ўзи мутлоқ ижтиҳод қилган. Кўпчилик уламолар у кишини фақиҳ деб ҳам сифатлаган. Имом Бухорий Басрага кириб келганида Муҳаммад ибн Башшор: “Бугун фақиҳлар саййиди кириб келди” деб айтган.

Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ ва идроклироқдир”, деганида унинг ҳузурида ўтирганлардан баъзилари “Чегарадан ошириб юбордингиз”, дея унга эътироз билдирадилар. Шунда Абу Мусъаб: “Агар сиз Моликни кўрган ва у билан Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараган бўлганингизда эди, фиқҳ ва ҳадис борасида ҳар иккаласи ҳам бирдир, деган бўлар эдингиз”, деб жавоб беради.

Абу Саҳл Муҳаммад ибн Назр Шофиъий: “Басра, Шом, Ҳижоз ва Куфага кирганимда у ердаги уламоларнинг Муҳаммад ибн Исмоилни эслаганларида улар ўзларидан фазилатли бўлганини таъкидлаганларини кўрдим”, деди[1].

Ибн Таймия шундай дейди: “Аммо Бухорий ва Абу Довудларга келсак, икковлари ҳам фиқҳ бобида ижтиҳод қиладиган кишилардан бўлган икки имомдирлар. Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Абу Яъло, Баззор ва уларга ўхшаганлар эса аҳли ҳадисларнинг мазҳабида бўлганлар, айнан битта уламонинг мазҳабига тақлид қилишмаган. Улар мутлақ ижтиҳод қиладиган кишилар тоифасидан эмас, балки Шофиъий, Аҳмад, Исҳоқ, Абу Убайд ва улар сингари ҳадис имомларининг сўзларига мойил бўлишган”[2].

Ҳофиз Ибн Ҳажар Бухорийнинг таржимаи ҳолини ёзаётиб уни фиқҳий мазҳаблардан бирига тақлид қилган деб сифатлаган кишиларга жавоб тариқасида: “Чунки, ундан келиб чиқадики, Бухорий таржимаи ҳолларда мазҳабга тақлид қилган. Аммо у ҳақида кенг тарқалган машҳур гап шуки, у ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқариб олган, уларнинг ровийларига таржимаи ҳоллар ёзган, ундан бошқалар идрок қилмайдиган нарсалар сабабли ҳадис соҳасининг моҳирларидан бўлган бир кишидир”, дейди[3].

Шундай бўлса-да, аввал ўтган имомлардан айримлари Бухорийни ўзларининг мазҳабларига мансуб деганликларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо энг ишончли тавсиф шуки, Имом Бухорий, юқорида ўтганидек, ўзининг мустақил мазҳабига эга мужтаҳид бўлган, фиқҳни барча мазҳаблардан олган, раъй ва ҳадис мактабларидан хабардор бўлган, сўнгра ана шу мазҳабларнинг орасидан ўзи танлаб олган турли хил қарашлари билан мустақил бўлиб чиққан. Имом Бухорийнинг фиқҳини ўрганиш учун йўлга қўйилган махсус тадқиқотларнинг барчаси ана шу фикрга иттифоқ бўлган. Мана шундай илмий тадқиқотлардан ўн бешга яқинини учратиш мумкин. Мана шуларнинг барчасини ўқиб чиққач шундай хулосага келиш мумкин: Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”даги фиқҳий қарашлари муайян бир мазҳабга мансуб эмас, аксинча, уларда Имом Бухорийнинг мустақил мужтаҳид бўлган ўзи намоён бўлади.

Доктор Нуриддин Итр шундай дейди: “Бухорийга келадиган бўлсак, у фиқҳ борасида энг кўп шўнғиган ва чуқур кетган бир киши бўлган. Унинг мана бу китоби Қуръон ва суннатдан шариат аҳкомларини чиқариб олиш ва фиқҳ борасида ғаввос бўлган мужтаҳид бир имомнинг китобидир. Бунинг ҳам машҳур муҳаддислар ичидан чиққан фақиҳларнинг йўлларига асосан олиб борилган мутлақ мужтаҳидликдан кам жойи йўқ. Имом Бухорий ёшлигидан бошлаб Ибн Муборакнинг асарларини ўқиб чиққан эди. Ибн Муборак эса Абу Ҳанифанинг хос шогирдларидан бири бўлган. Кейинроқ у – ўзи хабар бериб кетганидек, – ўсмирлик палласида ҳанафийларнинг фиқҳини ўрганиб чиқади. Каробисий воситасида Шофиъийнинг фиқҳини ўрганди. Шунингдек, Моликнинг шогирдларидан унинг фиқҳини ўрганиб чиқди. Ана шу тарзда у ижтиҳод қилиш йўлларини пухта ва батамом ўрганиб чиқди. Имом Бухорий ўзининг мана шу ўткир зеҳни ва кучли заковати билан мужтаҳидларнинг йўлини тута олди. Унинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари мана шу гапнинг тўғрилигига  гувоҳдир. Чунки, Имом Бухорий бу асарда далиллардан ҳукмларни чиқариб олган, мазҳаблардан бирортасига тақлид қилмаган ҳолда далилга эргашган. Биз унинг фиқҳи ҳақида олиб борган тадқиқотимиз ичида келган мисоллар унинг мужтаҳидлар мартабасига етган бир мужтаҳид бўлган эканини, айрим мазҳаблар вакиллари даъво қилганларидек, қайсидир мазҳабга тақлид қилган эмаслигини кўрсатади”[4].

Демак, Имом Бухорий фиқҳ соҳасида ўзи мужтаҳид бўлган ва бу муҳаддиснинг тўрт мазҳабдан бирида бўлган деб хулоса чиқарилиши ҳам ҳақиқатдан узоқдир. Чунки муҳаддис яшаган даврда мазҳаблар мукаммал шаклланиб бўлмаган эди. Имом Бухорий ва Имом Аҳмадлар бир даврда яшаган, ҳадис илми борасида улар жуда ҳам яқин бўлишган. Ҳатто, ўзаро учрашишгани ҳам манбаларда келтирилган. Ҳар бир буюк муҳаддиснинг ўз ижтиҳод йўллари бўлган, чунки, улар ҳадисларнинг даражаларини қай ҳолатда эканини яхши билишган. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
Қ. Маҳмудов
[1] Хатиб Бағдодий. Тариху Бағдод. Ж.2. –Байрут: Дорул кутубил илмия. –Б.16-19.
[2] Ибн Таймия. Мажмуъу-л-фатово. Ж.20. –Риёз: Мажмаъу-л-малик Фаҳд, 2004. –Б. 40.
[3] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. –Байрут: Дору-л-маърифа, 1959. –Б. 82. 
[4] Нуриддин Итр. Имом Термизий. У билан “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”нинг ўртасидаги мувозанат. –Б.391.

Check Also

МИЛЛИЙ КОНТЕНТ нима учун керак? ЁХУД МАҚСАД — ҲУДУДЛAPНИ ЭМAC, OНГНИ ЭГAЛЛAШ

Яқинда ўтган асрнинг 40-йиллари охирида суратга олинган фильмдан лавҳа кўриб қолдим. Унда бир дастурхон атрофида …