Home / МАҚОЛАЛАР / Одоб-ахлоқ тарбиянинг энг афзали

Одоб-ахлоқ тарбиянинг энг афзали

“Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ.” Шавкат Мирзиёев[1]

Динларнииг мукаррами ва мукаммали бўлган ислом мана қариб ўн беш асрдирки инсонни тарбиялашни, айниқса болаларга биринчи кунидаёқ одоб ва ахлоқдан пухта таълим ва тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмоқда.

Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини ҳохласагу, лекии ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади. Ислом дини бола тарбияси ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгандан кейин ҳам одоб ва ахлоқ дарслари давом этаверади. Ҳар бир оилада ота-оналарнинг ахлоқи, одоби ва инсонийлиги алоҳида аҳамият касб этади. Сабаби, уларнинг ҳислату-фазилатлари ҳам, ёмон одатлару-ёмон қилиқлари ҳам болага кўчиб ўтади. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в) «Сизлар ўзингизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар, чунки жуфтингизнинг феъл-атвори, хулқи наслингизда ўз аксини топади» – деганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) келин танлашда асосан, унинг диёнатлиги ва тақвосига эътибор беришни ўқтирганлар. Чунки анна шундай онадан туғилган фарзандларни тарбиялаш анча осон кечади.Тарихдан маълумки, дунёга довруғи кетган аксарият буюк алломалар, фозилу-уломаларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан бирор луқма ҳам едирмаган, оналари уларни бетаҳарот эмизмаган.

Ахлоқий ва диний тарбия бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар эса ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар ислом жамиятида юксак қадрият, ҳусни хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади. Ахлоқий дунё ўз табиятига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди. Ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ(с.а.в)нинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастурул амал бўлмоғи керак: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқроқ ҳадяни бера олмайди”. (Имом Бухорий ривояти).

Яна фарзанд тарбияси нақадар улуғ ва аҳамиятли эканлиги тўғрисида Расулуллоҳ(с.а.в) айтадилар: “Фарзандларингизни одобли этиб тарбиялашларингиз ҳар куни бечораларга ярим соъ донни садақа қилишингиздан яхширокдир.(Термизий ривояти.)

Буюк аллома “иккинчи муаллим” деб ном олган Абу Наср Фаробий одоб-ахлоқ, чиройли тарбия, зарур касб-ҳунар ҳақида шундай дейди: “Ҳар бир киши касб ҳунарни мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи ва чиройли хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоғи керак.”

Минг афсуски, яқин ўтмишда шарқона одоб-ахлоқимиздан, унинг узоқ йиллик тажрибаларидан эскилик сарқити дея воз кечилгани, уларни таълим-тарбия муассасалари у ёқда қолиб, ҳатто турмушдан,оилаларидан ҳам сиқиб чиқарилаёзгани, миллий ва диний қадриятларимизга хилоф равишда “янгича ахлоқ”, “овропача одоб” кириб кела бошлангани ачинарли ҳолга айланган эди. Истиқлолимиз шарофати билан ўзлигимизни топиб бораётирмиз.

Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан, дея таъкидлади Президентимиз.

Демак, бугунги мураккаб бир замонда ўзлигимиз ва миллийлигимизни англашимиз, ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутган одоб-ахлоқ, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззатда бўлиш, юриш-туриш, кийиниш, еб-ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишдаги меъёр, тартиб- қоидалар каби бой ва ўлмас миллий қадриятларимиз руҳида камолатга етказиш алоҳида аҳамияг касб этади.

Тарбия ҳақида гап кетганда, у иима? -Тарбия-шахс онгини муайян жамиятнинг мақсад вазифаларига мувофиқ равишда таркиб топтириш ва ривожлантириш жараёни, кишиларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда фаол иштирок эттиришга қаратилган барча таъсирлар мажмуасидир.

Шу сабаб тарбия хусусида халқимизнинг улуғ мутафаккири жонкуяр, маърифатпарвари адиб Абдулла Авлонийнииг бир гапини эсга олмасак бўлмайди: “Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё момот, ё нажот- ё ҳалокат, ё саодат- ё фалокат масаласидир”. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари ўтган аср бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзард бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзард аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам улуғларимиз: “Оқиб келаётган сувни тўғри йўллаб тарай билсак, бизга ҳосил ва озуқа беради, агар уни ўз ҳолига қўйсак, ҳамма ерни вайрон, экинларни пайҳон қилади. Куч ва ғайрати қайнаб-тошаётган болани ҳам ўз вақтида фойдали ишга йўллай олсак, роҳатини кўрамиз, акс ҳолда тошқин сувдек азобу-уқубатни тортамиз.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг биз орзу килгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, ўзимизга боғлиқ бўлиб, бунда тарбияни ўрни беқиёсдир.

Фарзанд тарбияси муҳим ва масъулиятли эканлигига замонамизнинг педагоги Яраш Абдуллаев ишора қилиб айтадики “Ота-оналар фарзандларини дунёга келтиргани учун эмас, балки уларни ўз замонасига муносиб, одобли ва заковатли қилиб вояга етказганлиги учун самимий олқишларга сазовар бўладилар.”

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, ҳар бир неъматнинг ўз шукри бўлганидек, фарзанд неъматининг ҳам шукри бор. Ота-онанинг ўз фарзандига чиройли тарбия бериши мана шу неъматнинг шукронасидир. Фарзандларимиз ота-онасига, халқига, ватанига ва динига содиқ ва солиҳлapдан бўлсин.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби
[1] Шавкат Мирзиёев: ёшлар тарбияси – энг муҳим масалалардан

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …