Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЯНГИ ЖУРНАЛ ТАҚДИМОТИ

ЯНГИ ЖУРНАЛ ТАҚДИМОТИ

2018 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом тафаккури” журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Ҳадис илми мактаби ректори Олим Юсупов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, телевидение ва матбуот ходимлари иштирок этди.

Диний-маърифий, илмий-оммабоп журнал сифатида илк сони тақдим этилган ушбу нашр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси муассисилигида нашр этилди.

“Ислом тафаккури” журнали муқаддас динимиз исломнинг асл моҳиятини англатиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, диёримиз уламолари ва илоҳиётчи олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларни ёритиш йўлида майдонга чиққан қутлуғ нашрдир.

 

“Ислом тафаккури” журнали диний-маърифий, илмий-оммабоп нашр ҳисобланиб, йил мобайнида тўрт марта ўзбек, рус, инглиз ва араб тилида, А 4 форматда, 96 бет ҳажмда, тўлиқ рангли шаклда чоп этилади. Журналининг бош муҳаррири Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочевдир.

Журнал «Қуръоншунослик», «Луғатшунослик», «Мумтоз филология», «Фиқҳ илми», «Ҳадисшунослик» рукнлари остида уламолар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, мутахассисларнинг илмий-оммабоп мақолалари, тадқиқот натижалари ва қизиқарли маълумотларни ўқувчиларига етказишда муҳим омил бўлишига, шубҳа йўқ.

 

Журнал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар учун чоп этиш тавсия этилган нашрлар рўйхатига киритилган.

Манба: iiau.uz

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …